Ангрендаги хазина

01.06.2020 10:06:44

Ангрен шаҳар ўлкашунослик музейи 1960 йил 21 сентябрда ташкил этилганди. Ўтган йили “Ангрен шаҳар тарихи музейи” деб қайта номланди. Ушбу музей моддий маданият ёдгорликларини ўрганиш асосида топилган ноёб ашёлар, осори атиқаларни  экспозиция ва кўргазмалар орқали кенг оммага  намойиш этиб келмоқда.

Бугунги кунда музей фондида 32 минг 422 та моддий ва маънавий ашё сақланаётган бўлиб, улардан  асосий экспонатлар сони 27 минг 146 та  ҳамда ёрдамчи экспонат сони 5 минг 276 тани ташкил этади. Уларни Миллий музей фонди давлат электрон каталоги таркибига киритиш борасида кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Фонд ашёлари бўйича фотоальбомлар, видеороликлар, каталоглар тайёрланиб, маълумотлар Республика ягона портали ва музей интернет сайтига жойлаштириб келинмоқда. Ангрен шаҳар тарихи музейида табиат, тарих, этнография ва санъат каби бўлимлар фаолият олиб боради. Табиат бўлими Оҳангарон водийси табиати ҳақида маълумот беради. Бўлимдаги экспозицияларда денгиз сатҳидан 1500-4000 метр баландликда жойлашган тоғларда яшаган ёввойи чўчқа, тоғ эчкиси, айиқ, бўри каби ҳайвонлар, арча, қайрағоч, шувоқ, исириқ, қамиш каби кўплаб ўсимликлар ҳақида маълумотлар берилади.

Тарих бўлими музейнинг асосий бўлими бўлиб, бу ерда кўплаб ноёб экспонатлар мавжуд. Бўлимда намойиш этилаётган экспонатлар халқимизнинг турмуш тарзи, маданияти ва узоқ тарихидан дарак беради. Ангрен шаҳри яқинида жойлашган Кўлбулоқ манзилгоҳи моддий маданиятнинг энг қадимий  намунаси сифатида тилга олинади. Тадқиқотлар натижасида  чуқурлиги 22 метр, эни 2 метрли жой очилиб, 24 та маданий қатлам ўрганилди. Кўлбулоқ манзилгоҳи маданий қатламларидан топилган  тош қирғичлар, пластинкасимон  пайрахалар, нуклеус (тош ўзак)лар ва учи ўткир тош учриндилар бўлим экспозициясидан жой олган.

Бронза даврига оид бўлган  қоятош расмларида ёввойи ҳайвонлар ва улар билан боғлиқ диний маросим манзаралари тасвирланган. Ушбу Қизилолмосой  қояларига чизилган расмларнинг  фотосуратлари экспозиция таркибида намойиш этилмоқда.  Бўлимда қадимги Илоқ тарихи ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилган. Илоқ Оҳангарон водийси ва унга туташ бўлган ҳудудларни ўз ичига олган ва маълум муддат мустақил бўлган тарихий- маъмурий ҳудуд номи бўлиб, у барча тарихий манбаларда кончилик ва металлургия билан боғлиқ  равишда қайд этилган. Этнография ва санъат бўлимида аждодларимизнинг либос ва кийимлари, турар жойлари, турмуш тарзи, хўжалик фаолияти, уй-рўзғор буюмларига оид экспонатлар, шунингдек тасвирий санъат асарларининг мавзули кўргазмалари  ўрин олган.

Маълумот ўринда яна бир тарихий фактни келтириш мумкинки, 2020 йил 23 апрель куни шаҳарнинг “Боғи Сурҳ” маҳалласида яшовчи Ф.Норматовнинг яшаб турган ҳовлисида қазилган чуқурдан қабр очилган. Ангрен шаҳар тарихи музейи ходимлари томонидан фуқаро Ф.Норматовнинг мурожаати асосида қазилган чуқурда қазишма ишлари олиб борди. Тадқиқот ишлари хулосасига кўра ушбу қабр “Қовунчи-2” маданиятига оид бўлиб, у милоднинг 6-1 асрларига тегишли эканлиги қайд этилди. Қабрдан шу даврда яшаган одамларнинг суяк қолдиқлари (2та скелет) ва  5 хил турли ҳажм ва шаклдаги сопол буюмлари қазиб олинди.

Биринчи сопол буюмнинг баландлиги 40 см., ўрта қисм айланаси 86 см., юқори қисм айланаси 40 см. ни  ташкил этади.

Иккинчи сопол буюмнинг баландлиги 32 см., ўрта қисм айланаси 71 см., юқори қисм айланаси 39 см. дан  иборат.

Учинчи сопол буюмнинг баландлиги 21,5 см., ўрта қисм айланаси 51 см., юқори қисм айланаси 25,5 см.

Тўртинчи сопол буюмнинг баландлиги 10 см., ўрта қисм айланаси 32 см., юқори қисм айланаси 26 см. Ушбу сопол кўзачанинг дастаси қўчқор шохидан ишланган.

Бешинчи сопол буюмнинг (синиқ ҳолда қазиб олинган) баландлиги 12 см., ўрта қисм айланаси 16 см., юқори қисм айланаси 37см чиқади.

Топилмаларни ўрганиш жараёнида ушбу сопол буюмлар “Қовунчи” маданияти даврида яшаган аждодларимиз томонидан  рўзғор ва хўжалик ишларида фойдаланганликлари ҳамда унда  диний дунёқараш хусусиятлари мавжуд эканлиги ҳақидаги хулосага келинди.

Ҳозирги кунда бўлимда 6000 га яқин санъат асарлари ва у билан боғлиқ буюмлар мавжуд. Ўтган 2019 йилда Ангрен шаҳар тарихи музейига 17 минг 311 киши ташриф буюрди. Уларнинг 15 минг 111 нафарини ўқувчи-ёшлар ташкил этди. Йил давомида музей ходимлари томонидан 21 та кўргазма  ташкил этилган бўлиб, уларнинг  17 таси шаҳар ташкилотлари,  МТМ ва ХТБларда намойиш этилган кўчма кўргазмалардир. Жорий йилнинг I чорагида 1 минг 255 нафар маҳаллий ва чет эллик фуқаролар музей экспозициялари ва экспонатлари билан танишдилар. 

Музей − халқ тарихининг  кўзгуси. Ангрен шаҳар тарих музейи ташриф буюрувчиларга,  айниқса ёш авлодга Оҳангарон  водийси тарихи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий бойликлари ҳақида бой ва қизиқарли маълумот бера олади.

Муқаддам БЕГМУРАДОВА,

Ангрен шаҳар тарихи музейи директори,

Ўзбекистон “АдолатСДП фаоли 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+