Аниқ ва изчил режаларнинг амалга оширилишида фаолликни ошириш зарур

30.12.2020 13:12:43

Ҳар йили анъанага айланиб улгурган муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бу сафар ҳам долзарб масалаларни қамраб олди. Зотан, буюк мақсадлар мужассамлашган нутқда мамлакатимизнинг истиқболи ёрқин эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Айниқса, кириб келаётган янги йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб ном берилганлиги диққатимни ўзига жалб этди. Юртимиз 34 миллион аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этадики, бу берилган номни биз ҳар қанча қўллаб-қувватласак арзийди. Шунингдек, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳам олдимизда турган пировард масаладир. Ўтаётган йилда қанчалар машаққатли йўлни босиб ўтганлигимиз бунга гувоҳ бўлиб турибди. Пандемиянинг оғир синов ва асоратлари қалбимизда чуқур из қолдирди. Ҳали ҳамон огоҳликни бир дам йўқотмаган ҳолда бу балога қарши бирдам бўлиб ҳаракат қилишимиз лозим эканлигини ёдда тутишимиз лозим. Ҳар бир ўйламай босилган қадам бизнинг олиб бораётган ислоҳотларимиз натижасига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши эхтимолдан ҳоли эмас. Соғлиқни сақлаш соҳасига янада эътибор кучайтирилиши, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт ходимларини доимий равишда рағбатлантириб боришдек муҳим режалар ҳар томонлама адолатли ёндашув бўлиб хизмат этишига ишонаман. Айниқса, “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида ҳар бир чекка ҳудудларга бориб ишловчи шифокорларга 30 миллион. сўмдан пул маблағи ҳамда хизмат уйлари билан таъминланиши белгиланганлиги қувонарли ҳол бўлди.

Келаётан йилдан эътиборан маданий-маънавий соҳани ривожлантиришга эътиборни кучайтириш эса юксак аҳлоқ ва билимга эга бўлган ёшларни камол топтиришда муҳим жиҳат бўлиб хизмат қилади. Спорт соҳасида бюджетдан пул ажратилишини 19 фоиздан 25 фоизгача етказиш, маданий соҳа учун 420 миллирад сўм маблағ йўналтириш, янги академик драма театри, ANDO япон архитектори номидаги санъат музейи барпо этиш, ижод мактаблари фаолиятини кучайтириш, айниқса, Алишер Навоий номидаги ижод мактаби барпо этиш, “Тошкент ипак йўли”ни қайта тиклаб, “Тошкент дурдонаси” номини бериш, ўйлайманки, юртимиз фуқароларининг маънавиятини яна ошириб, ватанпарварлик туйғусини кўксида жо этишига кўпроқ замин яратади.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича ишларнинг келаётган йилда ҳам узвий давом эттирилиши белгилаб берилган вазифаларнинг асосий кўлами ҳисобланади. Зеро, ушбу ишлар иқтисодиётимизни равнақ топтириш, аҳоли турмуш шароитини кўтариш учун муҳим босқичдир. Пандемия сабаб иқтисодиётимизда маълум миқдорда турғунлик ҳосил бўлганлигини ва бу халқимиз яшаш тарзига салбий таъсир этганлигини инкор этолмаймиз. Шу боисдан бу ишларни тўхтатмаслик, билъакс кучайтириш бугунги куннинг долзарб муаммосидир. Президентимиз таъкидлаганларидек, бу йўналишга ностандарт ва комплекс ёндашув зарур. Ичимлик суви, электр, газ, йўллардаги муаммоларни бартараф этиш учун  Темир дафтар бўйича инфратузилмани кучайтириш, камбағалликни чуқур таҳлил этишда чет эл экпертларини жалб этиш ҳамда аҳолининг минимал истеъмол кўрсаткичларини ишлаб чиқиш каби долзарб аҳамиятга аниқ режалар ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади.

Президенимизнинг камбағалликнинг қисқаришида муҳим омил бўлган “инсоннинг интилиши” жумласига эътибор қаратгани ва таъкидлагани муҳим масаладир. Дарҳақиқат, ўзимиз бажараётган ишларимизга қачон ишонсак, ҳаракат қилсак албатта, бу ўз мевасини бермасдан қолмайди. Эндиликда бу борада касб-ҳунар ва ўқув марказлари сонини ошириб, субсидиялар ажратишни йўлга қўйиш, қишлоқ жойларда ҳар бир талабгорга 10 сотихдан 1 гектаргача ерлар ажратиш, вақтинча ишсизлик нафақасини 3 баробаргача ошириш, ушбу нафақани расмийлаштиришда ортиқча қоғозбозлик тамойилидан воз кечиб, тақдим этилиши лозим бўлган 6 та ҳужжатни бекор этиш кабилар ижтимоий соҳанинг ривожланишига, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига нуқта қўяди.

Шунингдек, давлат корхоналаринининг 73 тасини ислоҳ қилиш, уларда давлат улушини камайтириб, хусусийлаштиришга эътиборни қаратиш лозимлиги Мурожаатномада акс этди. Бир неча банкларни мустақил банкларга айлантириш ва уларга инвесторларни жалб этиш зарурлиги ҳам ҳаётий муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Автомобил ишлаб чиқарувчи корхоналар сони оширилгани ҳолда рақобат муҳитини яратиш белгиланганлиги эса халқимиз турмуш шароити учун қулайликларни юзага келтиради.

Маълумки, ўтган давр мобайнида давлат активларида 4 фоиз тадбиркор иштирок этганлиги, бу ҳолат қониқарсизлиги ва ушбу йўналишда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур эканлигини давр талаб этмоқда. Оғир ва енгил саноатни ривожлантириш, уларни “иқтисодиётимиз драйверлари”га айлантириш каби Мурожаатномада акс этган муҳим жиҳатлар юртимиз равнақига энг кўп ҳисса қўшадиган жараёндир. Биз амалиётда кўрдикки, саноат кластерларини жорий этиш самарали натижаларни олиб келди. Бу борадаги ишларни кучайтириш, саноат кластерлари фаолиятини барқарор ривожлантириш лозимдир. Шунингдек, янги йилда тадбиркорларни ҳимоя қилиш, хусусий мулк дахлсизлигини ошириш ишлаб чиқариш ривожланишига тўсиқ бўлган кўплаб ҳолатларнинг олдини олади. Тадбиркорлар фаолиятининг эркинлигини таъминлайди. Бу ўз навбатида юртимиз ривожланишида янада илдам қадамлар ташлашга ундайди.

 

Бахром ВАЛИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+