Аниқланган муаммолар қонун доирасида ҳал этиладиган бўлди

22.12.2020 13:12:01

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси  Мақсуд Қурбонбоев  Хоразм вилоят Янгиариқ ҳамда Хонқа  туманларида бўлиб   сайловчилари  билан яккама-якка мулоқотлар ўтказди.   Депутат  сайловчиларини ўйлантириб келаётган муаммоларни ўрганди ва  ечимини топиш чораларини бошлаб юборди.

Хусусан, М.Қурбонбоев етакчилигида партия фаоллари, тегишли ташкилот раҳбарлари биргаликда туман деҳқон бозорида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлиги, тадбиркорларга яратилган шарт-шароитлар, бозор ҳудудининг санитария гигиена талабларига риоя этилиши ва бошқа масалалар юзасидан ўрганиш ишлари олиб боришди.

Ўрганиш натижасида туман деҳқон бозори ҳудуди санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш даражаси яхши эмаслиги, сотувчиларга талаб доирасида шароит йўқлиги, яъни қиш мавсумига тегишли шароитлар яратилмаги аниқланди.

Шунингдек, сотувчи ва тадбиркорларга  мавсумий шарт-шароитларни яратиб бериш масаласи юзасидан  туман “Деҳқон бозори” маъмуриятига,     туман ветеринария санитария экспертиза лабораторияси мудири Эргаш Рўзимовга  бир  кун ичида бозор ҳудудининг тозалиги талабга жавоб бериш  даражаси  таъминланиши юзасидан тегишли тавсиялар берди.

Шундан сўнг М.Қурбонбоев Янгиариқ туман Тиббиёт бирлашмасига ташриф буюрди. Тиббиёт бирлашмаси ҳудудидаги йўлда машиналарнинг тирбандлиги, йўлнинг иккала чет қисмининг белгиланмаган жойларида транспортлар бетартиб қўйилгани  пиёдаларнинг, айниқса, шифо излаб тиббиёт бирлашмасига келаётган  беморларнинг машиналар тирбандлигидан азият чекишаётгани ишчи гуруҳнинг эътиборини тортди.

Муаммо юзасидан шифокорлар билан суҳбатлашганимизда, йўл тирбандлигидан тез ёрдам ҳам ўта олмай, ички ишларга мурожаат қилган пайтларимиз бўлган, деб эътироз билдиришди.

Депутат М.Қурбонбоев туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори вазифасида янги фаолиятини бошлаган Абдушариф Назаров билан бу масала юзасидан суҳбатлашди.  

М.Қурбонбоев, мазкур муаммо юзасидан ўрганиш олиб борди ва автотураргоҳ учун тиббиёт бирлашмаси ҳудудида жой борлигига ишонч ҳосил қилди ва жойнинг ўзида туман Кадастр бўлимига  ҳамда туман  арҳитектура бўлими раҳбарига телефон орқали мурожаат этди.

Муаммо тез кунда бартараф этилиб, шифо масканига йўли тушган йўловчилар бу муаммодан ҳолос бўладиган бўлди.

Шунингдек мулоқот давомида туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори томонидан бирлашманинг  алоҳида “Маъмурият” биносига мҳтожлиги борлиги тўғрисидаги мурожаати  ўрганилди ва асослантирилди.  Депутат бу тўғрида туман ҳокими ҳамда туман Молия бўлими раҳбарига мурожат этди. Мазкур масала 2022 йилнинг  инвестиция дастурига киритилиши режалаштирилди.

Шундан сўнг депутат бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хонқа туманига йўл олди. Тумандаги “Олажа” қишлоғида  фаолият олиб бораётган  “Хонқа универсал грант” МЧЖ раҳбари Мэлс Қутлиевнинг тадбиркорлиги бўйича мурожаати эътибор марказида бўлди.

Тадбиркор М.Қутлиев  2016 йилдан қизил мия илдизини  етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва улгуржи сотиш ҳамда  экспорт қилишни яхшигина йўлга қўйгани, 5 нафар ходим, 65 нафар ёлланма ишчилар шу ердан оила бюджетига ҳиссасини қўшаётгани, Маянма, Бангладеш, Ҳиндистон, Германия давлатлари билан шартнома тузилиб маҳсулотлар сотилаётгани тўғрисида баён этди. Аммо, фаолиятини ижара асосида олиб бораётгани, ишчи-ходимларга шароит яратиб бериш учун бинода имконият йўқлиги сабаб бир қатор муаммолар фаолиятига салбий таъсир ўтказаётани тўғрисида гапирди ва 100 гектар ер ўрни  ҳамда кредит олиб беришда амалий ёрдам сўраб депутатга мурожаат этди.

Депутат  тадбиркорнинг фаолиятини қўллаб-қувватлади ва  бизнес режаси билан ўртоқлашиб,  қонунчилик доирасида амалий ёрдам беришга ишонч билдирди.

Депутат ташрифи чоғида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимиз томонидан қабул қилинган Қарор ва Фармонларнинг  мазмун-моҳияти тўғрисида тушунчалар берди.

Мухтасар айтганда депутат М.Қурбонбоевнинг бу галги сайловчилари билан учрашуви давомида аниқланган муаммоларнинг қонунчилик доирасида бартараф этилиши ҳам  юртдошларимизнинг  яшаш шароитларини яхшилаш баробарида ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларида хизмат қилади.

                                                                                                                          Замира АБДУЛЛАЕВА,                                                                                                                  Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                              Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

     

   

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+