Ақл гимнастикаси билан шуғулланамиз

21.01.2021 11:01:13

 

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ишлар, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳатлар улкан тарихий аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга  оширилаётган ушбу хайрли  ишлар миллатни соғломлаштириш ғоясининг асосини  ташкил қилади. Бинобарин, бугунги кунда ҳар қайси  халқ, давлат ва жамиятнинг  ривожланиш омили инсон,  унинг саломатлиги, турмуш   даражасига бераётган эътибори, бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари билан ўлчаниши барчамизга кундек равшан.

Жорий йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинишининг замирида ҳам ана шундай эзгу ғоялар ўз аксини топган. Йил бошидан бу борада қилиниши зарур бўлган ишлар бошлаб юборилгани эътиборга молик. Юртимиз аҳолиси ўртасида шахматни кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ҳам айнан ушбу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз.

Мамлакатимизда шахматни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш учун “Мактабда шахмат” лойиҳасини амалга ошириш, умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич синф ўқувчилари учун шахматга ўқитиш тизимини ривожлантириш, болалар ва ўсмирларнинг шахмат билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, уни оммавийлаштириш, бу борада таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда шахмат бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ташкил этиш борасида Қарорда белгиланган вазифалар биз адолатчиларга қувонч бағишлади.

Маълумки, партиямизнинг “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида боғча ёшидаги кичкинтойларнинг ақлий қобилиятини ўстириш, уларни мустақил фикрлашга ўргатиш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида “Шахмат майдончаси” ташкил этиш бўйича Самарқанд вилоятида ҳам амалий ишлар олиб борилди. Партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари ташаббуси билан бугунги кунга қадар 47 та мактабгача таълим муассасасида шахмат майдончалари болажонларга совға қилинди.  

Қарорга мувофиқ 2025 йилга қадар шахмат билан мунтазам шуғулланувчилар сонини  3 фоизга етказиш, маҳалла болалари ўртасида “Маҳалла кубоги” шахмат мусобақаларини ташкил этиш, маҳалла оилалари ўртасида “Шахматчи оила” турнири ўтказилишини йўлга қўйиб, маҳалладаги оилаларнинг жамоавий тарзда иштирок этишини таъминлаш, Самарқанд шаҳрида “Соҳибқирон кубоги халқаро шахмат турнирини ташкил этиш борасида давлатимиз раҳбари томонидан қонуни йўл билан мустаҳкамлаб берилган вазифалар биз депутатларнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.

 

Муҳиба БОБОБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+