"Ақлли тиббиёт" билан ривожланиш сари

20.10.2020 18:10:39

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят ҳамда Жарқўрғон туман Кенгашлари томонидан  Жарқўрғон туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш, “ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш юзасидан тадбир ташкил этилди.

Мазкур тадбирда партиянинг вилоят ҳамда туман Кенгашлари фаоллари, халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходимлари, БПТ аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ривожланишнинг инновацион йўлидан бораётган мамлакатларда “ақлли” технологиялар барча соҳаларга кенг татбиқ этилаётганини,  бу тизим мамлакатнинг муваффақиятли ва барқарор ривожланиши таъминлашини таъкидлаб ўтишди.

Айтиш керакки, “ақлли” технологияларнинг асосий мақсади кам вақт ва куч сарфлаб, юқори натижага эришишдир. “Ақлли тиббиёт” ҳам айни шу мезон асосида ишлаб, касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи йирик бир тизим ҳисобланади. Бу эса фойдаланувчига исталган вақтда ва исталган жойда тиббий хизматдан фойдаланиш имконини яратади. Энг муҳими, хизмат сифати энг чекка қишлоқда ҳам, вилоят марказларида ҳам бир хилда бўлиши таъминланади. У ўз ичига бирламчи тиббий бўғиндан тортиб, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизматгача бўлган жараёнларни ҳам қамраб олади.

Бу борада 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида жорий йил якунига қадар мамлакатимиз тиббиёт соҳасида “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий маълумотлар маркази” концепцияларини мавжуд шароитларга мослаштириш ва татбиқ этиш белгиланган эди.

Тадбирда ана шулар ҳақида сўз юритилиб, партиянинг  Сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсадлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, тиббиёт соҳасида “ақлли тиббиёт”ни жорий этиш, шифохоналарга бюджетдан маблағ ажратилишини даволанган беморлар сони асосида амалга ошириш, маблағларни касалликлар профилактикасига кўп­роқ йўналтириш, таълим муассасаларида тиббий хизматни йўлга қўйиш, жумладан,  ясситовонлик хасталикларини олдини олиш каби ташаббусларни кўтариб чиққанлиги хусусида батафсил айтиб ўтилди.

Очил Жиянов, Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати:

-Ҳозирги глобаллашув шароитида тиббиётда муваффақиятларга эга бўлиш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш ҳар қандай мамлакатда амалга оширила олмаслиги таъкидланди. Шу маънода ғурур билан таъкидлаш мумкинки, мамлакатимизда инсон ва унинг саломатлиги тўғрисида мавжуд бўлган ғамхўрлик мақтовга сазовор. Таъкидлаш керакки,  халқимизнинг турмуш фаровонлиги, уларнинг саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилаш бўйича олдимизда турган вазифалар талайгина. Бу соҳада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, ечимини кутаётган масалаларни нафақат тиббиёт соҳаси ходимлари, балки кенг жамоатчилик вакиллари, депутатлар, шунингдек, маҳаллалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорликда босқичма-босқич ҳал этиш ҳар биримизнинг олдимиздаги масъулиятли вазифадир.

Тадбирда сўзга чиққан шифокорлар фуқароларимиздан ҳали хавф чекинмагани учун огоҳликни бир дақиқа ҳам йўқотмаслик, беэътибор бўлмаслик лозимлигини таъкидлашди. Аҳолимизнинг белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиши уларнинг давлатга ва шифокорларга берган энг катта ёрдами эканлиги қайд этилди.

Тадбир сўнгида фаол БПТ аъзоларига партиянинг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+