“Ақлли тиббиёт”даги камчиликлар ўрганилди

25.09.2020 12:09:26

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган навбатдаги ўрганиш манзили Боёвут туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси бўлди. Мақсад - “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш лойиҳаси доирасида ўрганиш ўтказиш. Дастлаб мазкур тиббиёт масканидаги “Ақлли тиббиёт” технологияси ечими асосида мижозлар тўғрисидаги биотиббий маълумотларнинг ягона платформасини яратиш, тиббий карталарнинг тармоқли тизимини жорий қилиш орқали масофавий ташхислаш, тиббий интернет ва мобил иловалар асосида инсон саломатлигини масофадан мониторинг қилиш,  виртуал тиббий кўрикдан ўтказиш, виртуал шифохона хизмати, электрон рецептлар, телеметрия ва симсиз алоқадан фойдаланган ҳолда тиббий ёрдамни уйда олиш имкониятини яратилганлиги бўйича ўрганишлар олиб борилди. Аниқланган маълумотлар таҳлилида эса туманда 7 та оилавий поликлиника, 5 та қишлоқ врачлик пунктлари ва 1 та марказий поликлиника, жами 13 та тиббиёт ташкилотлари мавжуд бўлиб, шулардан фақатгина кўп тармоқли марказий поликлиникада “Ақлли тиббиёт” тизими тўлиқ шакллантирилгани маълум бўлди.

Унда маълумотлар интернет орқали бошқа маълумотлар базалари билан интеграциялашган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек фуқаронинг тиббий кўрикдан ўтмаган ҳолатларида барча мавжуд информацион каналлар орқали тиббий муассасага кўрикдан ўтиш учун электрон база мавжудлиги, тизимни электрон форматга ўтказиш ва ҳар бир фуқаронинг телефон рақами орқали ижтимоий тармоқларга ёки электрон почтасига уланганлиги ва шу тизим орқали фуқароларимизни тиббий кўрик муддатлари хақида огоҳлантирилаётганлиги маълум бўлди.

Ўрганиш давомида  камчилик ва муаммолар ҳам аниқланди. Хусусан  

-13 та туман тиббиёт ташкилотларининг “Ақлли тиббиёт” тизими тўлиқ жорий қилишда жами 80 та компьютер жиҳозлари етишмаслиги;

-туман умумтаълим мактабларига ўқув йили бошланганлиги сабабли мактабларга навбатчи хамшира етишмаслиги (Патронаж ҳамширалари мактабларга жалб қилинганлиги сабабли маҳаллалар кесимида патронаж фаолияти тўлиқ ва сифатли амалга оширилмаяпти);

- электрон базага мактаб ўқувчиларининг касаллик тарихи тўлиқ киритилишда қишлоқ оилавий поликлиникаларда компьютер жиҳозлари етишмаслиги сабаб бўлмоқда.

Мазкур масалаларга ечим топишда эса партиянинг ишчи гуруҳи томонидан қуйидаги таклифлар берилди. Яъни:

-Тиббиёт ходимлари  шифокорлар томонидан  оғир аҳволдаги, ҳомиладор аёллар, сурункали дарди бор, коронавирусга чалиниб уйда даволанаётган фуқороларга доимий назоратда бўлишлари учун беморнинг саломатлиги ҳолатини мониторинг қилиш, профилактик даво чораларини тайинлаш учун  электрон браслетлар ёки махсус чиплар ўрнатилса мақсадга мувофиқ бўларди;

-Маҳалла фуқоролар йиғинида навбатчи ҳамширалар ташкил этиш лозим;

- Ногиронликни белгилаш, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва тиббий-ижтимоий реалибитация қилиш, ногиронлиги бўлган фуқаролардан ногиронликни расмийлаштириш учун электрон тизим яратиш.

Кун давомида ўтказилган ўрганишлар натижаси партиянинг Боёвут туман  Кенгаши ва депутатлик гуруҳи вакилларига баён қилиниб, ҳамкор ташкилотларни жалб қилиш бўйича келгуси фаолият учун вазифалар тақсимлаб берилди.

Дарҳақиқат «Ақлли тиббиёт» тизими ташхислаш, профилактика ва даволашнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назарда тутади. Шунингдек, биотехнология, фармакология ва нанотехнология соҳасидаги сўнгги ютуқлардан фойдаланишни таъминлайди. Энг муҳими ҳозирги пандемия шароитида инсонларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишда бу технология ўз самарасини бермай қолмайди.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+