“Ақлли тиббиёт” — тиббиёт соҳасида янги имкониятар

26.10.2019 20:10:47

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан Жиззах шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Жиззах филиалининг мажлислар залида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши фаоллари, халқ депуталари вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, вилоят, шаҳар, туман тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Мавзу долзарб. Зеро, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда замонавий технологияларнинг жорий этилиши соҳадаги бир қатор масалаларнинг ечимида муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи-назардан, тадбир давомида “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш орқали аҳолига юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, унинг сифат даражасини кўтариш, фойдаланиш қулайлиги ва тезкорлигини оширишнинг замонавий усулларини жорий қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди,

Мухаррам Дадахўжаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

― “Ақлли тиббиёт” тизимини жорий қилиш тиббий хизмат сифатини яхшилаш, касалликларни олдиндан аниқлаш даражасини ошириш ҳамда уларни масофадан профилактика қилишни жорий этиш учун қўшимча имкониятлар яратади. Ушбу йўналишдаги ишларни босқичма-босқич, тизимли равишда амалга ошириш ахборот-коммуникатсия технологияларини қўллаган ҳолда беморларни даволаш учун кенг имкониятлар яратади, шунингдек, миллат генофондини яхшилаш, аҳолининг соғлиги билан боғлиқ кўрсаткичларни ижобий томонга ўзгартириш, барча аҳоли қатламларининг, айниқса, аёллар ва болаларнинг соғлигини ҳимоя қилишни кучайтиришда муҳим рол ўйнайди.

Шунингдек, давра суҳбатида  фуқаролар соғлиғини сақлашни таъминлаш соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, уларнинг турини кенгайтириш ва фойдаланишга қулайликлар яратишга асос бўладиган, тиббиёт соҳасининг ишлаб чиқариш жараёнларини ахборотлаштиришга қаратилган кўплаб муҳим лойиҳалар амалга оширилиши лозимлиги таъкидланди.

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+