Армия ва халқ – бир тану бир жон!

14.01.2021 20:01:37

Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раислигида Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятининг 2020 йил якунлари ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида, ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда ҳарбий илмни ривожлантириш борасида Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан ҳарбий можаролар ва замонавий жанг амалиётларини ҳамда миллий ҳарбий санъат тарихини чуқур ўрганиб, қўшинларнинг тайёргарлик усул ва услубларини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан «Ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди», дея таъкидланганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Зеро, Ватан – ҳар бир қарич ери азиз, қадрдон ва жонажон маскан! Киндик қонимиз томган, болалигимизнинг беғубор онлари, ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқалари ўтаётган, бизни бағрида тетапоя қилган, ардоқлаган, улғайтирган замин – бу она Ватандир!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
17 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек, «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида жорий йилнинг 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси ФВВ Академиясида «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган «Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Мирзаитов Мирзохид Мирагзамович, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академияси ўқитувчиси майор Ражабов Толиб Эштўхта ўғли, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Махсус операциялар кучлари фахрийси, истеъфодаги катта сержант Дыйканов Ботирали Мирзабекович, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Махсус операциялар кучлари ҳарбий хизматчиси, катта сержант Нуратов Бобомурод Турсунбаевич, Академия профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари ва курсантлари иштирок этди.

Тадбирни Академия бошлиғининг ўринбосари полковник Дилшод Тохтамурадов очиб, мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – 14 январь «Ватан ҳимоячилари куни» ҳамда «Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 29 йиллиги» билан табриклаб, бугунги кунда юртимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш доирасида ҳар томонлама ривожланган, билимдон, халқига, шунингдек, Ватанга хизмат қилиш ишига содиқ ёшларни тарбиялаш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётгани, шубҳасиз, ана шундай тинч ва осойишта ҳаётни ҳамда тараққиётимизни асраш, уни ҳар қандай қора кучларнинг таҳдидидан муҳофаза қилишда миллий армиямизнинг ўрни беқиёс эканлигини, бу борада муҳтарам Президентимизнинг «Армия ва халқ – бир тану бир жон!» деган даъватлари ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши зарур эканлигини, бу эса мамлакатимизда тинчлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек асраш, ёш авлод ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш ҳар биримиз учун устувор вазифа ҳисобланишини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг, тадбирни бадиий қисмида таклиф этилган меҳмонлар томонидан жонажон Ватанимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир якунида Фавқулодда вазиятлар вазирининг тегишли буйруғига асосан, Академиянинг бир қатор ҳарбий офицерларига навбатдаги ҳарбий унвонлар тантанали топширилди ҳамда таклиф этилган фахрий ҳарбий хизматчилар ва Академиянинг ҳарбий хизматчилари томонидан юқорида қайд этилган вазифалар борасидаги аниқ белгиланган чора-тадбирлар режаларини келгусида сифатли ва ўз вақтида бажариш келишиб олинди.

— Бу йилги «Ватанпарварлик ойлиги» доирасидаги тадбирларда буюк бобомиз Жалолиддин Мангубердининг Ватан ҳимоясидаги жасорати, жангу жадаллардаги ҳарбий маҳорати бош ғоя сифатида белгиланган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академияси ўқитувчиси майор Толиб Ражабов.   — Жалолиддин Мангуберди ҳарбий санъат бобида ўз даврида довруғи етти иқлимга кетган баҳодир бўлган. Бу йилги тарғибот тадбирларимизда буюк боболаримизнинг кўрсатган қаҳрамонликларни ёшлар онгига сингдириш орқали уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, ҳарбийликка қизиқтириш, юрт олдидаги фарзандлик бурчини англатишни мақсад қилганмиз.

— Янгиланаётган жонажон Ўзбекистонимиз биз учун шундай тенгсиз, ягона, эъзозли, танҳо Ватандир. Ватанга садоқат, она-юртга муҳаббат ҳисси киши қалбидаги энг бебаҳо туйғудир дейди  — подполковник Бахшилло Жаҳонқулов. — Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда «Армия ва халқ — бир тану бир жон!» ибораси бугун барчани бир мақсад сари яъни Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимиз эканлигини ҳам англатади.

 

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

Академия  ўқитувчиси, капитан.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+