Аёл – миллатнинг сифат белгиси

15.01.2021 16:01:38

Дунё яралибдики, аёл деганимизда кўз олдимизда ўзидан ҳам фарзандини яхши кўрадиган, энг эзгу туйғуларини дилбандига илинадиган меҳри дарё онажонлар гавдаланади. Етмиш икки томирида “болам” деган илоҳий муҳаббат мавжланган, қувонганида киприкларига қувончнинг дури илиниб, оғринганида изтиробнингминг бир туйнукларида кўкси тилиниб ёруғ кунларини соғинган аёл онажонларимиздир.

Бугунги кун аёлининг қиёфасида Тўмариснинг шижоати, “Сиз ўшаму” деб ҳаё пардасига ўралган  Кумушбиби ибоси, Увайсийнинг ноласи, Нодирабегим ғазалларидаги сўзга ошнолик, бетакрор шоирамиз Зулфияхоним, Ҳалима Худойбердиева шеъриятини нафаси уфурган адабиётга ташналикни кўрамиз. Онадаги ақл, фаросат бешикдаёқ алла орқали миллатнинг эртаси бўлган боламизга сингади. Қачонки она ўқиганларини уққан, ҳаёт илмида одамийликнинг мезонларини англаган бўлса.

Жамиятнинг, миллатнинг эртаси бўлган болажаонларимизга маънавиятни ёшликданоқ сингдиролсак, одобимиз билан боламизга ўрнак бўлолсак, ҳаромдан ҳалолнинг фарқи, гуноҳ ва савоб, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, самимият деган туйғуларни сингдиролган онанинг фарзанди чинакам қаҳрамон, ўргатолган онанинг меҳнати қаҳрамонликдир. Қайси она қаҳрамон бўлишни ҳохламайди?

 Саволга жавоб ахтараман.

Аёл зоти борки фарзандларига эзгулик соғинади, ёруғ кунларини, камолини орзу қилади. Умид дарахтини кўнглида кўкартириб, илоҳий муҳаббат билан суғоролган, мевасини орзулаган онанинг фарзанди-жамиятнинг жавоҳиридир. Мана шундай жавоҳирдан ҳам қиммат, асрларга татугулик, ўлмас асарлар яратган ғазал мулкининг султони Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Беруний, Беҳбудий, Темурийзодалар бешиги бошида алла айтган оналар бизнинг оналаримиз. Соҳибқирон Амир Темур ворислари бизнинг болаларимиз. Болаларимиз аждодларига ҳақиқий издош бўлиш учун уларни чинакам баҳодирлар қилиб тариялашимиз керак. Орзу қилиш бошқа, уни мақсадга айлантириш учун ҳаёт илмини пухта ўрганмоғимиз даркор.

Илм чексиз уммон, ўша уммонда жавоҳир ахтарган ғаввосдай сузмоғимиз, ўрганмоғимиз керак. Ҳар бир она, ҳар бир келин, китоб ичида яшаса, фарзандларимиз билимдон, маънавиятли бўлиб улғаяди. Фарзанд ота-онанинг кўзгуси. Уларнинг келажагида, кундалик фаросатида ўзимизни кўрамиз. Гўзал келажакни орзулаган оналар ҳамиша ор учун, шаън учун курашади, фарзандларини ориятли, меҳнатсевар, садоқатли қилиб тарбиялайди. Ҳар бир хонадондаги оналар  суюкли ёр, боласи учун  ҳақиқий муаллим, устоз, жони оғриганда ҳамшира шифокор, хонадонда ораста бека, иболи келин, бағрикенг қайнона, маърифатли бувижондир.  Маҳсулот сифатли бўлиши учун тинимсиз меҳнат қилингани каби фарзандларимиз миллатнинг виждонига айланадиган даражада комиликка эришмоғи учун ўқиб ўрганишимиз, уққанларимизни  болаларимизга ўргатишимиз лозим.  Фарзандаларимиз жисмоний, руҳий, маънавий комиликка эришиб, юрт корига ярайдиган,меҳр,мурувватни,саҳоватни, қариганингизда белингизга қувват, кўзингизга нур,қалбингизга ҳузур бахш этолса, миллатни “юзи” бўладиган авлод бўлсагина кўнглимизда байрам бўлади. Қачонки юқоридагиларни  уддалай олган онанинг кўзларини меҳрнинг нури оловлантириб,  гўзал тарбияли фарзандлари орқасидан эҳтиромларига сазавор бўлади, оналикнинг муҳташам тахтида маликалардай ҳузурланади. Ўша ҳаловатни, дунёлар саодатини, тангримнинг саховати деб биламан ва барча аёлларимизга саломатлик тилаб қоламан.

 

Аёл

Мен сизни танийман, сиз ўша,
Шабнамга чайқалган покиза хаёл.
Юраги кафтига атиргул экиб,
Гулшанлар яратган муниса аёл.

 

Мен сизни танийман, сиз ўша,
Меҳри-ла дунёни қилган лол.
Кўнглида шукрона, дилида иймон
Атрини таратган муниса аёл.

 

Мен сизни танийман, сиз ўша,
Ёноғи лоларанг, сўзи бол,
Ўпиб ишқнинг пешонасидан
Бахтни етаклаган муниса аёл.

 

     Азиза Боймуродова,

Халқ депутатлари

Каттақўрғон туман

Кенгаши депутати,

28-мактаб дериктори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+