Аёл – жамиятнинг ҳар жабҳасида

04.03.2020 13:03:25

      Гўзаллик ва нафосат тимсоли –Халқаро хотин-қизлар куни -8 Март байрами муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят ва Қарши шаҳар Кенгаши томонидан Қарши шаҳридаги  Беклар  маҳалласида “Аёл муқаддас оила қўрғони”  мавзуида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, хотин-қизлар ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

     Тадбирда аёл муқаддас оила қўрғони, унинг бешигини тебратувчи, истиқлолимизни асраб-авайловчи, суюкли ватанимизнинг буюк келажагини яқинлаштириш ишига бебаҳо ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз эканлиги алоҳида эътироф этилди.

     -Бугун ҳаётимизнинг қайси жабҳасига қараманг муҳтарам опа-сингилларимизни кўрамиз,-деди тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилган халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Чамангул Муҳаммадиева.-Улар меҳрибон устоз, изланувчан тадбиркор, ширинсухан шифокор, эл дардини тинглаётган депутат, давлат ва жамоат арбоби. Энг муҳими, эса, муқаддас оила бешигини тебратувчи мунис Она!

     Ҳозир партия вилоят Кенгаши сафларида 15 мингдан ортиқ аёллар уюшган,-деди тадбирда халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ҳусниддин Бердимуродов.-Уларни давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, мунис аёлларимизнинг кундалик турмуши билан боғлиқ  муаммоларни ҳал этиш, уларга ишда ва уйда ҳар томонлама қулайликлар яратишга жиддий эътибор бераяпмиз. Биргина ўтган йили вилоят  партия ташкилотлари саъи-ҳаракати билан 50 нафардан зиёд хотин-қизлар ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилган бўлса, “Адолат қабулхонаси”га мурожаат қилган 300 нафарга яқин аёллар муаммолари ҳал этилди. Вилоят партия ташкилотларидан кўрсатилган хотин-қизларнинг 1 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 18  нафари эса  маҳаллий Кенгашларга  фаолият олиб бормоқда.

     -1999 йил мамлакатимизда “Аёллар йили” деб эълон қилинди,-деди партия вилоят Кенгаши раиси Рўйиддин Раупов.-Ҳозир юртимизда баркамол, етук фарзандлар керак. Биз хотин-қизларимизни Мирзо Улуғбекдек зукко олим, Хожа Аҳмад Яссавийдек донишманд, Амир Темурдек юртпарвар, Абу Али  ибн Синодек фозил, Мирзо Бобурдек салоҳиятли фарзандларни тарбиялаган Тўмарисдек мардона, Сароймулкхонимдек оқила, Қорасочойимдек ғамхўр, меҳрибон бўлишларини истаймиз.

     Тадбирда партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева, Аёллар Кенгаши  раиси Азима Зайнуддинова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати  Мақсуда Мустафоевалар ҳам сўзга чиқиб, эзгу-истаклар учун миннатдорчилик изҳор этишди. Улар хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи кундан-кунга ошиб бораётганлигини таъкидлаб, бунга юртимиз аёлларининг фаолияти яққол мисол эканлигини қайд этишди.

     Тадбирда хотин-қизлар ташкилотлари аъзоларига Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган вазифаларни рўёбга чиқаришда фаол қатнашишлари зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

     Тадбир сўнгида бир гуруҳ фаол хотин-қизларга партия вилоят Кенгашининг “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.

     Қарши шаҳридаги 15-умумтаълим мактаби ўқувчилари ва шаҳар маданият ходимларининг азиз оналарни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари ва саҳна кўринишлари тадбирга ўзгача кўтаринкилик бахш этди.

     Худди шу каби тадбирлар партия вилоят Кенгаши томонидан Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида, вилоят “Оила” илмий-амалий маркази ҳамда  Комилон  маҳалласида ҳам уюштирилди.

 Комил САХАТОВ,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+