Аёллар манфаатлари ҳимояси - доимий эътиборда

02.02.2021 20:02:00

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг Термиз шаҳар "Аёллар қаноти" Кенгашлари ҳамкорлигида Термиз шаҳрида “Хотин-қизлар жамоатчилик Кенгашининг тузилиши - аёллар манфаатлари ҳимояси” мавзусида тадбир ўтказилди.  Тадбирда партия вилоят  ва шаҳар Кенгаши фаоллари, депутатлар, бошланғич партия ташкилоти аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар  мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш, қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида ўтган йиллар давомида салмоқли ишлар олиб борилаётганлиги хусусида гапириб ўтишди. Жумладан, республикамизнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилиб, опа-сингилларимизга тадбиркорлик, ҳунармандлик, касбга қайта тайёрлаш, бандликни таъминлаш юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилганлиги, ана шундай имкониятлар туфайли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллар сони тобора ошиб, улар томонидан минглаб янги иш ўринлари яратилаётганлиги таъкидланди. 

Шунингдек, тадбирда жорий йилда ҳам мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш,  бандлигини таъминлашга қаратилган эзгу ишлар кўлами янада оширишга қаратилган ислоҳотлар олиб борилаётганлиги ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида эътироф этилди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, Президентимиз томонидан мамлакатимизда истиқомат қилаётган  барча аёлларга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солиш ва бу жараёнда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиздан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш таклифи хусусида иштирокчиларга батафсил тушунчалар берилди.

Малика Аманова, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати:

- Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби юртимизда ҳам етарли даромад манбаига эга бўлмаган, ишсиз хотин-қизларимиз бор. Жойларда сайловчилар билан учрашувларимиз давомида айнан шундай аёлларнинг муаммолари билан қизиқамиз, ўз ташвиш-ўйларига ўралашиб, дардини айтолмай юрган хотин-қизларнинг дардларини эшитамиз. Боқувчисини йўқотиб, қай ишга бош суқишини билмай турган аёлларнинг дарду ташвишларини тинглаб, тегишли ташкилотлар билан биргаликда уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўряпмиз. Тадбиркорликка қизиқиши баланд, бизнесни бошлаш ҳаракатида юрган аёлларга имтиёзли кредитлар олиб, ўз фаолиятини бошлашига яқиндан кўмак беришга ҳаракат қиляпмиз.

Партиямиз ҳам ҳар қандай жамиятнинг маданияти даражаси унинг хотин-қизларга бўлган муносабати билан белгиланади, деб ҳисоблайди. Шу сабабли хотин-қизларнинг муносиб меҳнат қилиши ва қобилиятлари, салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш, жамиятдаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлашга кўмаклашиш партиямизнинг ўта муҳим вазифаларидан бўлиб қолаверади. Биз хотин-қизларимизни  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, ишсиз ва вақтинча иш жойига эга бўлмаган аёлларимизнинг фаолияти ва илғор иш тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар олишди.

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+