Аёллар ва ёшлар учун янги имкониятлар

19.07.2020 18:07:05

Мен қарийиб 30 йилдан буён маҳаллада хотин-қизлар соҳасида фаолияти юритиб келаман. Меҳнат фаолиятим давомида   қайсики муаммога назар ташламай, уларнинг негизида аввало ахлоқий тарбия билан қулай иш ўрнининг йўқлиги муаммоси туради. Ҳеч биримизга сир эмас, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бирига айланган. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир маҳалла ва хонадонда доимий даромад манбаига эга бўлмаган аёлларимиз, ёшларимиз бор. Айниқса, бу муаммо бугунги карантин  шароитида яққол кўзга ташланмоқда. Куни кеча Юртбошимизнинг шу мавзуга бағишланган видеоселектор йиғилишидаги кўрсатмалари, бу муаммоларини бартараф этишда  энг катта манба бўлди. Юртбошимиз аввало мактаб битирувчиларини ўқиш ёки ишга жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир ота-она фарзандларини яхши ниятлар билан улғайтиришади, ўстиришади. Лекин, ҳар доим ҳам  улар ўйлаганидек, ҳаёт силлиқ кетмайди. Мактабни битирган ёшларимизнинг кўпчилиги тайинли касб-ҳунарининг йўқлиги, муносиб иш ўринларини эгаллаш учун эса улардаги қобилиятнинг етарли даражада эмаслиги салбий ҳолатларга  олиб келган.

Болалигимиздан ҳикматлар, эртаклар эшитиб улғайганмиз. Атрофдаги яхши-ёмон феълли инсонларни кўриб, улардан хулоса чиқариб каттайганмиз. Ҳар доим асарларимиз қаҳрамонлари ҳунари, билими-илими, салоҳияти билан ҳар қандай ёвуз кучларни енгиб, улар устидан ғалаба қозонган. Бугунги ёшларимиз ҳам худди шундай тоғни талқон қилай деб турибди.. Уларга тўғри йўлни кўрсатсак, шунинг ўзи кифоя. Масалан,туманимиздан оддийгина оиланинг қизи Шаҳзода Каримбоевани китоб ўқиб, Президентимиз совғаси бўлмиш “Спарк” машинасини билан тақдирланади деб ҳеч ким ўйламаган. Ёшгина ижодкор қизимиз Гўзал Отажановани “Зулфия” мукофоти совриндори бўлади деб ҳеч ким ўйламаган. Бундай иқтидорли, шижоатли ёшлар ҳар бир маҳаллада, ҳар бир туманда минглаб топилади. Фақатгина уларга имконият берайлик. Шунда бизнинг Ал-Хоразмийлар,  Берунийлар юзага чиқади..

Навбатдаги ўқув йилидан бошлаб, мактаб директори ва  ўқитувчиларга ўқувчиларнинг олий таьлимга кириши, касб эгаллаб, ўз ишини топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи  тўлаш тартиби жорий қилинди. Бундан келиб чиқиб, ишда сифат ва самарадорлик ўз натижасини кўрсатади. Ёшлар масаласида коллеж, техникумлар ҳолати юзасидан ҳам қатор камчиликлар, орлдимизда турган вазифалар белгилаб берилиши ишдаги сифат ва самарадорликка эришишга йўл бўлади. Айрим сохалар мутахассисларининг етишмаслиги, кадрлар масаласи борасида ҳам олдимизда кўп ишлар турибди.

Айниқса, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшларимиз, уй-шароитида банд бўлиш илинжидаги аёл-қизларимиз учун жорий йилдан каттагина имкониятлар амалга оширилади. Қайта касбга ўқитиш, қисқа ўқув курсларини жорий қилиш йўли билан бу ишлар  амалга оширилади.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳар доим  аёлларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш бу - миллатмиз, халқимизга  эҳтиром кўрсатиш эканлиги, аёл- -оиланинг чароғбони эканлигини кўп бора таъкидлаганлар. Ҳақиқатан ҳам, қишлоқларимизда, овулларда, чекка ҳудудларда оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларимиз  анчагина. Ҳам ота, ҳам она бўлиб рўзғорни тебратиш, ногиронга далда бўлишнинг ўзи бўлмайди. Турмуши оғир шароитдаги аёлларимизни бугун фақатгина кундалик эҳтиёжи, оиласидаги фарзандларининг ижтимоий ҳолати ўйлантиради. Президентимиз кўтарган масалалар ҳалқимиз қалбига  шу заҳоти кўтаринки руҳ бағишлади,эртанги кунга умид бахш этди.

Ўрингул ОЛЛАБЕРГАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгаши  депутати,

“Шуҳрат” медали соҳибаси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+