Бағрикенгликнинг қиёси йўқ китоби

23.05.2020 21:05:50

Бағрикенглик ўзбек халқига хос бўлган фазилатдир. Бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. У самимият, очиқ мулоқот ҳамда виждон ва эътиқод туфайли вужудга келади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади.  Шунингдек, у фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир.

Тарихан бир майизни қирқ бўлиб еган халқмиз. Бағрикенглик, инсонпарварлик қон-қонимизга сингиб кетган. Хусусан иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга бир миллионга яқин кишилар паноҳ истаб келган. Уларнинг 200 мингдан зиёди ҳали эс-ҳушини таниб улгурмаган болалар эди. Ана шундай мураккаб ҳамда оғир шароитда юзлаб ўзбек оилалари украиналик, беларуслик ҳамда россиялик турли миллатга мансуб болаларни ўз боласидай суйиб алқади. Меҳр берди, бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлади. Оталик, оналик муҳаббатини дариғ тутмади. Буни таърифлашга тил ожиз. Шафқат, ҳиммат, эъзозу эътибор, бағрикенгликнинг қиёси йўқ китоби, ёдгорлиги, бебаҳо хазинаси бу.

Уруш даври воқеа-ҳодисаларини тарих саҳифаларига муҳрлаш, халқ руҳини кўтарувчи асарлар яратиш мақсадида олиму уламолар, шоиру ёзувчиларнинг аксарияти фронт ортида ўз фаолиятларини давом эттиришарди. Ана шулардан бир гуруҳи Тошкентда яшаб, ижод қилган. Улар орасида дунёга машҳур рус шоираси Анна Ахматова ҳам бор эди. Унинг қайдларида ҳар қандай юракни титроққа солиш қудратига эга қуйидаги самимий дил сўзлари учрайди: “Миллий қадриятгина одамларни буюк дўстлик сари чорлаб, қалб ва тафаккурга садоқат ва жасорат туйғусини ҳадя этади, одамийликни улуғлашга имкон яратади. Инсонпарварликнинг юксак даражаси Шоаҳмад ота ва Баҳри аяларнинг қонимасмиди? Дунё остин-устун бўлаётган бир паллада шу қадар меҳрга зор норасидани яхши инсонлар қилиб етиштира олган бу икки зотни энг улуғ Ота ва энг улуғ Она дегимиз келмайдими?!”

Дарҳақиқат, Шомаҳмудовлар бағрикенгликнинг юксак намунасини кўрсатган оила сифатида тарихда қолди. Тошкентлик темирчи Шоаҳмад ота ва унинг рафиқаси Баҳри ая рус, украин, татар, молдаван, чуваш, яҳудий, қозоқ миллатига мансуб 14 ўғил-қизни кўз қароғида авайлаб улғайтиришди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак меҳр-мурувват ва оқибат кўрсатган ана шу оиланинг жасоратини алоҳида қайд этиб ўтар экан, “Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтган сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда”, дея алоҳида таъкидлади. 

Бугунги сиёсий барқарорлик ва  миллатлараро  тотувликни таъминлашда, фуқароларимизда ягона Ватан туйғусини  шакллантиришда, юрт истиқболига дахлдорлик ҳиссини камол топтиришда халқимизнинг ана шу  бағрикенглик хислати асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда истиқомат қилиб келаётган 130 дан ортиқ миллатлар ўртасида тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди.

Бу, айни пайтда Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу билан миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди.

Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотларга, қолаверса, халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётган юксак эътиборининг намунаси ҳамдир.

 Минг афсуски, ҳозирги вақтга келиб, миллий-этник муносабатлар тобора мураккаблашиб, ҳатто энг илғор давлатларда ҳам оз сонли миллат вакилларини камситиш, хўрлаш ва сиқиб чиқариш ҳолатлари кузатилаётган бир даврда бағрикенглик,  тотувлик, ўзаро ҳамкорлик масаласи мамлакатларнинг тинчлиги ва тараққиёти учун энг муҳим тамойиллардан бири бўлиб хизмат қилади. Юрт осойишта бўлиши, турли миллатлар аҳил яшаши учун энг аввало, миллатлараро муносабатларда бағрикенглик, бир миллатни бошқасидан устун қўймаслик тамойилларига амал қилиниши лозим.

Истиқлол йиллари Ватанимизда яшаётган турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, унинг қонуний асосларини яратишга жиддий эътибор қаратилди. Ушбу тамойиллар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва барча қонунларимизда аниқ ва қатъий муҳрлаб қўйилди. Жумладан, Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожи учун шароит яратиши алоҳида кўрсатиб ўтилди. Конституциямизнинг 18-моддасида эса мамлакатимизнинг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди.

Ушбу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятини юритмоқда ҳамда жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш бўйича давлат сиёсатини изчил амалга ошириб келмоқда.

Мамлакатимизнинг барқарор суръатлар билан ривожланиши, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳалардаги ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, халқаро ҳамжамиятда мамлакатимиз нуфузининг ошиши фуқароларнинг ирқи, миллати, тили, эътиқоди, шахси ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, қонун олдида тенглигини таъминлаш ҳамда турли миллат ва элатлар вакилларининг тили, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш билан чамбарчас боғлиқ.

Яхши биламизки, Ватанимиз қитъалараро маданий-тижорий алоқаларни яхшилашга хизмат қилган Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган. Бу ерда турли халқларнинг миллий анъана ва урф-одатлари ўзаро уйғунликда ривожланган. Демак, ўзбекона бағрикенглигимизнинг илдизлари жуда қадим замонларга бориб тақалади ва бу борада биз ҳамиша жаҳон аҳлига намуна бўлиб келганмиз.

 

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+