Баҳс-мунозара партия тарафдорлари сафини кенгайтирди

29.11.2019 17:11:16

Сайловолди тарғиботига йўналтирилган демократик дебатлар нафақат пойтахтимизда, балки Тошкент вилоятининг барча туман, шаҳарлар кесимида юқори савияда  ўтказилмоқда.  Навбатдаги сайловолди дебат  Зангиота туман Маданият марказида ташкил этилиб, унда Зангиота ва Тошкент туманларидан  5 та сиёсий партия номзодлари иштирок этди.

Сайловчилар билан яқиндан танишиш ва жонли мулоқот ўрнатишга йўналтирилган мазкур учрашувда партиямиз томонидан  Халқ депутатлари Зангиота тумани Кенгаши депутатлигига 14-“Эркин” сайлов округидан номзоди кўрсатилган  Нигора Холхаджаева иштирок этди ва  йиғилганларга “Адолат” СДП янги Дастурини таништириб, унда илгари сурилган ғоя ва мақсадлар ҳақида маълумот берди.

Дебат давомида сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори-дармон   воситаларининг  олдини  олиш,  олий  таълим  муассасаларига  квоталарни  бекор қилиш, шартнома асосида  ўқиш истагида бўлган ёшларни олийгоҳларга имтиҳонларсиз қабул қилиш, шунингдек жамиятимизда  коррупцияга  нисбатан муросасиз  муносабатни кучайтириш каби долзарб масалалар бўйича берилган  кўплаб саволларга  Нигора Холхаджаева  аниқ  ва батафсил жавоб берди.

Шунингдек, Зангиота ва Тошкент тумани сайлов округидан кўрсатилган номзодлар мазкур ҳудудлар  кесимида мавжуд бўлган муаммолар,  эътиборталаб  масалаларнинг  ечими  бўйича ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини  айтиб ўтдилар.

Фикр-мулоҳазалар давомида сайловчилар “Адолат” социал-демократик партияси ғоялари ҳаётий ва эзгу ғоялар эканини таъкидлашди. Муҳими, очиқ мунозараларга бой бўлган учрашувдан  йиғилиш қатнашчиларининг кўнгли тўлди.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат”  СДП

Тошкент вилояти  Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+