Байрам ўтади, муаммолар эса қолади

22.10.2019 17:10:44

Бугун, тилларни ўрганувчилар берган маълумотларга кўра, дунёда 7 мингдан ошиқ тил бор. Аммо уларнинг фақатгина юзга яқини расмий тил ҳисобланади.

Шунингдек, соҳа мутахассислари бераётган маълумотларга кўра, 2050 йилга бориб камида 500 дан ортиқ тил йўқолиб кетади ва жараён давом этиб кетаверади ва ундан кейин тиллар жадаллик билан йўқолиб бораверади.

Авваламбор Ўзбекистон деб аталмиш жонажон ватанимизда “давлат тили” деб шараф ва расмий мақом берилган ўзбек тили ҳақидаги маълумотларни келтирсам. Ўзбек тили олтой тил оиласининг турк гуруҳига кирувчи тил ҳисобланади. У фонетик ва грамматик жиҳатдан гуруҳдаги уйғур тилига жуда яқин ҳисобланади. Ўзбек тилида уч лаҳжа: қарлуқ, қипчоқ ва ўғуз лаҳжалари бор. Бугун ўзбек тили Ўзбекистонда давлат тили, Афғонистонда ўнга яқин шимолий вилоятда асосий расмий тил, мамлакат бўйича эса тан олинган расмий тиллардан бири ҳисобланади. Шунингдек, ўзбек тилида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Россияда яшовчи кўп миллионли ўзбеклар гаплашади. Бугун дунёда 50 миллион атрофида ўзбек тилида гаплашувчилар бор деб тахмин қилинади.

Ўзбек тилининг тарихи ҳақида тарихчилар ёзаверсин, мен тилимиз аянчли аҳволга тушган ХХ аср ҳақида, тилимизни аянчли аҳволга солган собиқ мустабид тузум ҳақида, мустақилликдан кейин ҳам ҳанузгача тилимизга бўлаётган эътиборсизликлар ҳақида ёзаман.

Россияда Николай II ўрнига келган коммунистлар Октябрь тўнтаришидан кейин жон-жаҳди билан Чор Россияси эгаллаб турган ҳудудларни ўз қўл остида сақлаб қолишга уринди ва бунинг уддасидан чиқди. Бунинг натижасида Польша, Финландия ва Болтиқбўйи давлатлари қўлдан чиққан бўлса-да, Чор Россиясига мустамлака бўлган қолган барча ҳудудлар СССР деб номланган мустамлакачи давлат ихтиёрига ўтди. Шу жумладан, Марказий Осиё ва ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди ҳам. Коммунистлар босқинчиликда шундай иш тутдики, унинг натижасида Чор Россияси даврида ярим мустақил, ярим вассал Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги ҳам Октябрь тўнтаришидан бироз ўтиб том маънода бутунлай қарамга айланди.

Тил ҳақидаги мақолада муаллиф нега тарих ҳақида ёзяпти деб ҳайрон бўляпсизларми? Сабаби шу-ки, нафақат тилимизга, балки динимиз, урф-одатимиз, маданиятимизга Чор Россияси томонидан унчалик кучли зуғум ўтказилмаган. Чор Россияси умумий ҳисобда тепамизда 50 йил атрофида ҳукмронлик қилган ҳолда биз учун қадрли бўлган динимиз ва тилимизга дахл қилмаган. Бож ва ўлпонни олган-у, қолганига аралашмаган. Чор Россияси йиқитилиб, СССР тузилгандан кейин эса ўтган 70 йилда коммунистик тузум барча нарсамизга аралашди. Олдинига масжид ва мадрасалар ёпилди. Кейин кийимга ҳужум қилинди. Сўнг ер-сув одамлардан тортиб олинди. Бу орада алифбомиз икки марта ўзгартирилди, тилимиз иккинчи даражага туширилиб, юртимизда рус тилини ёйишга қаттиқ урғу берилди. Республика номи Ўзбекистон деб аталгани билан ўша даврларда ҳамма иш рус тилида эди. Илмий ишлар, мажлислар, ҳамма-ҳаммаси. Умуман олганда, СССРда турли миллатларнинг тиллари жуда чекланган эди. Бир тарафдан «СССРда халқлар дўстлиги бор, унда 130 ортиқ миллат тенг ҳуқуқ билан яшайди» деб дунёга жар солинар, иккинчи тарафдан ўша 130 миллат миллий масалаларда ҳақ-ҳуқуқсиз яшар эди.

Бир мисол. Шу йил Самарқандда ўтган тадбирлардан бирида Молдовада жойлашган Гагауз Ери мухтор республикасидан келган меҳмон, шоир, ёзувчи, публицист, олим Фёдор Занет билан суҳбатлашиб қолдим. Гап гагауз тилига бориб тақалганида, у қизиқ бир маълумотни берди. СССР пайтида Молдовада ва Украинанинг Молдовага чегарадош ҳудудларида 120 мингдан ошиқ гагауз миллатига мансуб одам яшаган. Аммо уларнинг на маъмурий ҳудуди бўлган, на гагауз тилида мактаб бўлган, на газета чиқаришган, на радио ва телевидениеси бор эди. Улар 1940 йилда СССР Молдовани қўшиб олганидан кейин, 1989–1990 йилларгача шу ҳолида тилидан айро ҳолда яшаб келган. Гагауз болалари ё молдаван тилида, ё рус тилида таълим олган. Улар гагауз тилида дарс ўтиладиган мактабларга, олий таълим муассасаларига, ОАВга, радиоэшиттириш ва телевидениега СССР тарқаб кетиш арафасида эришган.

СССР пайтидаги турли миллатларнинг миллий тилига қарши кураш қай даражада эканини гагауз тилининг тақиқлаб ташланганидан ҳам билса бўлади. Бу ўринда “тақиқлаб” сўзини ўринсиз ишлатмаяпман. Тўғри-да, бир миллат ўзининг она тилида таълим ололмаса, ўша тилда газета-журнал чиқара олмаса, радиоэшиттириш бўлмаса, бу тилни тақиқлашдан бошқа нарса эмас! СССР бир тарафдан “халқлар дўстлиги”ни дунёга тарғиб қилиб, иккинчи тарафдан миллий тилларни камситиб йўқотишга уринган.

Энди Ўзбекистонга, ўзбек тилига келсак. Коммунистларнинг 70 йиллик ҳукмронлиги даврида босқинчилар доим уни йўқотишга, фалажлашга уринди.

“Ўзбекфильм” деган киностудияни биласиз. Мана шу киностудия ўзбекистонликларнинг киностудияси бўлган. Унда асосан ўзбеклар ҳаётига дахлдор кинофильмлар олинган. Аммо унда суратга олинадиган кинофильмлар аввал рус тилида олиниб, сўнг Москвага бадиий кенгашга юборилган. Бадиий кенгашдан ўтганидан кейин фильмлар ўзбек тилига таржима қилинган.

Ҳар қандай мажлис рус тилида ўтказилган. Илмий ишлар, тадқиқотлар рус тилида ёзилган. Умуман олганда, кўча белгилари дейсизми, катта-катта шиорларми, ҳаммаси рус тилида бўлган. Ким бўлишингиздан қатъи назар, она тилингиз бўлган ўзбек тилидан гап очсангиз, сизни дарров миллатчига, халқлар дўстлигини кўра олмайдиган душманга чиқаришган. Қисқаси, ўша даврдаги ҳолат ўзбек тили учун ғоят ачинарли бўлган.

1989 йил, 21 октябрь куни Ўзбекистон ССР Олий Совети тил ҳақидаги қонунни қабул қилди ва ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилди. Бугун ўша воқеани айримлар яккаш шахсларга боғлайди. Аммо бу иш қандайдир бир шахс хоҳиши билан эмас, халқ хоҳиши билан содир бўлган эди. Ўша иш якка шахсларга алоқаси йўқлигига яна бир исбот: ён қўшниларимизга қарасангиз, уларнинг барчаси тил ҳақидаги қонунни биздан олдин қабул қилганига амин бўласиз.

Жумладан, давлат тили ҳақидаги қонунни Марказий Осиёда Тожикистон (1989 йил 22 июль), Қозоғистон (1989 йил 22 сентябрь) ва Қирғизистондан (1989 йил 22 сентябрь) сўнг 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон ҳам қабул қилди.

Нафақат бизнинг, балки бошқаларнинг ҳам ўз миллий тилига расмий мақом берилиши аслида Горбачёв бошлаб берган ошкоралик сиёсати туфайли содир бўлган ва бунинг натижасида СССР таркибида бўлган миллий республикалар ўз давлат тилини белгилаш ҳуқуқига эга бўлган эди.

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан тил ҳақидаги қонун қабул қилинар экан, ҳали СССР деган давлат тирик ва бу давлатда русларнинг гегемонлиги сақланиб қолаётган эди. Шу туфайли ҳам “Давлат тили тўғрисида”ги қонун матбуотда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик зиёлилар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини қўллаб-қувватлади. Баъзилари рус тилига ҳам давлат тили ёки расмий тил мақомини беришга, ҳеч бўлмаса қонунда рус тилининг миллатлараро мулоқот тили бўлишини қўшишга уринди. Рус тилига давлат ёки расмий мақом берилмади. Лекин унинг 1-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рус тилини СССР халқларининг миллатлараро муомала тили сифатида ривожлантириш ва ундан эркин фойдаланиш таъминланади. Миллий ва рус, рус ва миллий тилларда мулоқот қилишни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратилади” деб белгилаб қўйилди. Фақатгина 1995 йил 21 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонунга ўзгартиш киритилиб, бу банд олиб ташланди.

Аммо, умумий олганда, “Давлат тили ҳақидаги қонун”дан “рус тили миллатлараро мулоқот тили сифатида фойдаланилади” дейилган банд олиб ташланган бўлса-да, бу амалда ўзбек тилини мамлакат бўйлаб ривожланишига ёрдам бера олмади. Аксинча, турли қонунлар рус тилида ёзилиб, эълон қилиниб, мажлислар рус тилида олиб борилиб, қарийб барча идораларнинг иш қоғозлари, иш юритишлари рус тилида бўлиб, қайтага ўзбек тили йиллар давомида анча заифлашди.

Адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов ўзининг “Халқнинг давлати бўлсин-у давлатли тили бўлмасинми?” мақоласида мустақилликка эришганимиздан кейин тилимизга бўлган эътибор сустлигини танқид қилиб ёзган мақоласида шундай ёзади:

Бинобарин, Ўзбекистонда давлат тили ҳақидаги қонун “яйраб” ижод этилиши лозим эди. Афсуски, Ўзбекистоннинг бу қонуни энг ихчам, боз, унинг “тиш-тирноғи” йўқ – бирон моддаси бажарилмаса, жазо берадиган механизми мавжуд эмас. Мана, Ўзбекистон қонунининг дастлабки моддаларини айрим қўшнилар қонунлари моддаларига қиёслаб кўрайлик:

Ўзбекистон: “1-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”.

Бироқ бу “қалтис” гап учун кейинги олтита моддада узр сўралади:

“2-модда. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди.

3-модда. Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари ушбу қонун ва бошқа қонунлар билан белгилаб берилади. Тилнинг Қорақалпоғистон Республикасида амал қилишига боғлиқ масалалар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Ушбу қонун тилларнинг турмушда, шахслараро муомалада ҳамда диний ва ибодат билан боғлиқ удумларни адо этишда қўлланишини тартибга солмайди.

Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.

4-модда. Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит ҳамда унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланади, бу тилларни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилади.

Фуқароларга давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилади.

5-модда. Ўзбекистон Республикасида давлат тилида фаолият кўрсатадиган, миллий гуруҳлар зич яшайдиган жойларда эса — уларнинг тилларида фаолият кўрсатадиган мактабгача тарбия болалар муассасаларини ташкил этиш таъминланади.

6-модда. Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахсларга таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқи берилади. Ўзбекистон Республикаси давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда ҳам умумий, ҳунар-техника, ўрта махсус ва олий маълумот олишни таъминлайди”.

Олим қонунларимиздаги тилимизнинг мамлакатимиздаги гегемонлигига чек қўядиган бўшлиқларни санар экан, ортидан тилимизнинг бугунги кунда ҳам давлат тили даражасига кўтарила олмаганини шу билан асослайди ва аввало тил ҳақидаги қонунни қайта кўриб чиқиш керак деб ҳисоблайди:

“Шундай экан, аввало, бу қонуннинг ўзини мукаммаллаштириш шарт. Бунинг учун қонуншунос мутафаккирлар тил ҳақидаги қонунимизни бошқаларнинг шундай ҳужжатларига қиёсан кўриб чиқиб, етишмаган моддаларни улардан олиш ҳақида таклиф беришлари керак.

Ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги обрўси қонунларга амал қилинишини таъминлаш билан юксалади. Ҳукумат дегани эса қонун ижросига масъул маҳкама. Шундай экан, қонунни такомиллаштириш, уни тишли-тирноқли бир ҳолга келтириш ва бажарилмаган ҳолларда тайинланадиган жазо механизмини барпо этиш билангина мурод ҳосил бўлади. Ўзбекистонда ўзбек тили чинакам давлат тилига айланади”.

Мустақил бўлганимиздан сўнг ўтган 30 йилда мамлакат демографиясидаги аҳвол маҳаллий халқнинг фойдасига ўзгарди, ўзбек тилида гапирадиган аҳоли 90 фоиздан зиёд (1989 йилги аҳоли рўйхатида бу 72 фоиз эди) бўлди. Рус тилли аҳолининг йил сайин озайиб бораётгани маълум (мамлакат миқёсида 8 фоиз, Тошкент шаҳри ва вилоятида 20 фоиз атрофида).

Лекин бу ўзгариш халқнинг рус тилидан воз кечиб, ўзбек тилида мулоқот қилишга ўтганини англатмайди. Шунчаки, 1991 йилда мустақилликка эришганимиздан сўнг Ўзбекистонни кўплаб русийзабонлар тарк этди. Бунинг устига маҳаллий халқлар тез суратларда кўпайиш динамикасини кўрсатди. Бунинг натижасида мамлакат аҳолисининг таркибида фоиз ҳисобида русийзабонлар йилдан йил камайиб келмоқда.

Аммо она тилимиз бўлмиш ўзбек тилига энди бошқа хавф таҳдид соляпти. Йирик шаҳарларда яшаётган ўзбек миллатига мансуб аҳолининг аксар қисми бугун ўз она тилини менсимай, уни унутиб оиласида ҳам, кўча-кўйда ҳам, ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам русча гаплашишга ўтиб кетяпти. Ачинарлиси, бу жараён тўхтамай давом этяпти ва бундай инсонлар фарзандларини ҳам русийзабон қилиб тарбиялаяпти. Ҳатто бугун рус тилини мутлақо билмайдиган ота-оналар ҳам ўз боласини рус тилига ихтисослашган мактабда ўқитишга ҳаракат қиляпти.

Шу ерда фикримни билдириб кетай. Аслида мен кимлардир боласини хориж тилларига ихтисослашган мактабда ўқитишига қарши эмасман. Буни қўллаб-қувватлайман. Аммо бу иш ўз она тили бўлган ўзбек тилини унутиб юбориш эвазига бўлмаслиги керак. Ёш авлод, майли учта-тўртталаб хориж тилини ўргансин. Лекин ўзбек тилини унутмасин.

Бугун ўзбек тилини нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам нуфузини ошириш муаммоси олдимизда кўндаланг турибди. Лекин бу ишларни тилимизга эътиборсизлик билан қандай амалга оширамиз, билмайман.

Шу ўринда «хўш, ўзбеклар ўз тилини унутиб, руслашиб кетса нима бўлади?» деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Четдан қараганда, бунинг унчалик хавфли томони кўринмаслиги мумкин. Бироқ охирги пайтларда кўряпмиз, дунёни бўлиб олишни хоҳлаётган “наҳанглар” аксарият жойларда катта-катта жанжалларни, уруш келтириб чиқарадиган можароларни асосан эътиқод ва миллийлик орасида келтириб чиқармоқда. Масалан, биргина МДҲдаги турли республикаларда нотинч бўлиб турган ҳолатларга эътибор бериб кўрайлик. Молдовада Приднестрове, Украинада Донецк, Луганск ва Қримда бўлиб ўтган можароларининг ҳаммаси миллатларнинг келишмовчилиги асосида юз берган нотинчликдир.

Бу бизга дарс бўлмоғи керак. Биз ўша ҳодисалардан етарли хулоса чиқармоғимиз ва ўзбек тилига бўлган муносабатни ўзгартиришимиз керак. Акс ҳолда қачонлардир оқибат биз учун ҳам ёмон тугаши мумкин.

Ғайрат ЙУЛДОШЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+