Балки тиланчилик учун лицензия жорий этиш керакдир?..

29.10.2019 10:10:25

Мамлакатимизнинг барча минтақаларида бўлгани каби Наманганда ҳам кенг кўламда бунёдкорлик ва ободончилик ишлари олиб борилмоқда. Кўркам гулзорлар ва хиёбонлар, янги бино ва иншоотлар  шаҳар қиёфасини тобора гўзаллаштирмоқда. Бундан барча мамнун бўлмоқда, албатта. Аммо бир қусур ҳам тез-тез учрайдики, ундан аксарият аҳолининг таъби хира тортмоқда. Ҳусндаги бу доғ эса кўча ва хиёбонларда, гавжум чорраҳаларда тез-тез учраб турадиган тиланчилардир.

Эрталаб соат саккиз. “Ҳамроҳ” ва “Ибрат” кўчалари кесишган чорраҳа. Атрофда қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги учун қатнов имкониятлари бирмунча чекланган. Шунинг учунми, тирбандлик юзага келган. Ҳайдовчилар ҳам, пиёдалар ҳам “бу ердан омон-эсон ўтиб олай” деб юрак ҳовучлаган. Аммо машиналар орасидаги тор йўлакларда эски-туски кийимларга ўралган аёллар, вояга етмаган болалар изғийди. Улар – тиланчилар, йўлнинг шундоққина қатнов қисмида ҳар бир машина олдига келиб, сурбетларча садақа сўрайдилар. Ҳеч кимдан пул чиқмаса, одамларга қўрслик ва дағдаға қиладилар.

Испархон мавзесидаги чорраҳада ҳам кўпинча шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Тўғри, баъзан кимлардир уларга дашном беради, йўл ҳаракати хавфсизлигига халақит бермасликка чақиради. Бироқ шу масалага бевосита масъул бўлган ЙҲХБ ходими эса ҳаммасини кўриб туриб, юзини четга буради. Оқибатда ҳаракат хавфсизлигига халақит берувчи вазиятлар вужудга келади. Шаҳарнинг бошқа марказий чорраҳаларида ҳам тиланчиларнинг ҳеч кимдан тап тортмай одамлар ва автомобилларга ёпишиши кишини ажаблантиради.

Бу ҳақда маҳаллий газеталарда танқидий материаллар ҳам чиқиб туради. Августда “Наманганская правда” газетаси шаҳарни тиланчилар босиб кетаётганлиги ҳақида мақола чоп этди. Лекин ҳозиргача на шаҳар ҳокимлиги, на ички ишлар бўлими бунга муносабат билдирди. Улар ё умуман газета ўқимайдилар ёхуд матбуотга беписандлик билан қарашни одатга айлантиришган.

Шу ўринда жорий йил бошида қабул қилинган  “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда тиланчилик қилиш таъқиқланганлиги ёдга олиш зарур. Унга кўра аэрапортларда, вокзалларда, хиёбон, истироҳат боғларида, бозорларда, савдо мажмуаларида, кўчаларда, моддий ва маданий меърос объектлари жойлашган ҳудудларда, йўлларнинг қатнов қисмида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий нарсалар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш ман этилган. Бироқ юқоридаги ҳолатлардан эса ҳуқуқ-тартибот органлари мазкур қонуни бажаришдан бўйин товламоқдалар, деган хулоса келиб чиқади.  

Шундай экан, тиланчилик билан пул топишни, жамоат тартибини бузишни ўзига касб қилиб олганларга ким чора кўради? Балки бизда ҳам яқинда интернетда хабар берилганидек, Швециянинг Эскильстуна шаҳрида ўйлаб топилган тиланчиликка қарши курашишнинг янги усулини жорий этиш керакдир. У ерда  «пассив пул йиғими» билан шуғулланмоқчимисиз, марҳамат, аввал полициядан рухсатнома олинг!” деган таклиф билан чиқишди.  Эскильстунада «тиланчилик бизнеси» билан шуғулланиш учун лицензия нархи 250 швед кронаси (25 евро) этиб белгиланган ва уни полиция беради. Ана сизга вазиятдан чиқиш: ҳар бир тиланчи ҳисобда туради, полиция эса қўшимча даромадга эга бўлади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!