Барча соҳаларни мустақил ривожлантириш учун бир қадам

11.05.2020 20:05:26

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Фармонини партия аъзолари ва жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб этаяпмиз.

Фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги фаол иштирокини таъминлаш, БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, халқ ва давлатнинг ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш, давлат бошқаруви идоралари ва муассасалари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган ғояларга ҳамоҳанглиги билан ҳам ушбу Фармон муҳим аҳамиятга эга.

Фармонда “Халқ дипломатияси” институтини ривожлантириш, мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда эгаллаган ўрнини яхшилашда фуқаролик жамияти институтлари имкониятларидан кенг фойдаланиш, чет давлатларда умргузаронлик қилаётган ватандошларимиз билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, юртимизда фаолият олиб бораётган нодавлат, нотижорат ташкилотларига халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам устувор вазифа этиб белгиланган.

Сиёсий янгиланиш ва жамиятни ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичида Жамоатчилик палатаси фаолиятини йўлга қўйиш нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг амалдаги мустақиллигини таъминлашнинг муҳим шартидир.

Жамоатчилик палатасининг ҳуқуқий асослари таркиби, аъзоси мақоми, фаолияти кафолатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органлари ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминланиши ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажара олишини таъминлайди. Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши мамлакатимизда барча соҳаларни мустақил ривожлантириш, демократик янгилаш жараёнида уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш йўлидаги бир муҳим қадам бўлди.

Дарҳақиқат, Жамоатчилик палатасининг обрўси ошиб, мустаҳкамланиб боргани сари фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари ва ҳокимият тузилмалари билан ижтимоий шерикликдаги роли ортиб бораверади. Ҳақиқатдан ҳам шу кеча-кундузда ижтимоий шериклик жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда. Бунда албатта, Жамоатчилик палатаси жамоат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий шерикликнинг янги истиқболларини очишда муҳим дастуриламал бўлишига шак-шубҳа йўқ, албатта.

Айни кунларда вилоятимизда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 36 минг нафарга яқин аъзолари билан ҳамкорликда Фармон бўйича ишлаб чиsилиши кўзда тутилган янги қонун лойиҳасига ўз таклифларимизни бердик. Шунингдек, Жамоатчилик палатасининг ҳудудимиздаги бўлинмалари аъзолари ва аппарати ходимларини шакллантиришда эл орасида обрў-эътиборга сазовор бўлган партиямиз фаолларини номзод сифатида тақдим этиш учун заҳира кадрлар рўйхатини туздик. Жамоатчилик палатаси билан партиямиз ўртасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун меморандум тузиш устида иш олиб бораяпмиз. Бундан ташқари, муҳим қонун лойиҳаларининг онлайн муҳокамаларини ташкил этиш, одамларни қийнаётган муаммоларни депутатларимиз ва жамоатчилик палатасининг вилоятимиздаги бўлинмалари билан ўрганиш ва таклиф, ташаббусларни амалга оширишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқаяпмиз. Партиявий лойиҳаларни бекаму-кўст амалга ошириш мақсадида Жамоатчилик палатасининг сўровнома, тадқиқот ишларида партиямиз фаоллари иштирокини таъминлаймиз. Ҳозир сафларимизда 10 минг нафар ёшлар уюшган. Жамоатчилик палатаси билан ҳамкорликда инновацион лойиҳаларга қизиқувчи ёшлар учун онлайн танловлар ташкил этиш устида ҳам ишларни бошлаб юбордик.

Жамоатчилик назорати шаклларидан самарали фойдаланиш учун нодавлат нотижорат ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлик ўрнатиб, “Жамоатчилик фикри адолатчилар нигоҳида” лойиҳасини ишлаб чиқиш учун изланишлар олиб бораяпмиз.

Бугун дунёда коронавирус касаллиги ҳамон давом этаётган бир паллада муҳтарам Президентимиз юртимизда юқори даражадаги барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш, халқимизни бу офатдан эсон-омон олиб чиқиш учун барча чора-тадбирларни кўраяптилар. Мен аминманки, тез кунларда юртимиз яна аввалгидек тинч ва обод, халқимиз ижод, яратувчанлик меҳнати билан машғул бўлади.

Умуман олганда, Президентимизнинг Жамоатчилик палатаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Фармони бундан кейин юртдошларимиз тафаккури, дунёқараши, интилиш ва ҳаракатлари ўзгаришида ҳам катта аҳамиятга эга бўлаверади.

Хуллас, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида билдирилган таклиф ва Қонунчилик ташаббуслари ҳаётда ўз ифодасини топаётир.

Руиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+