Барчамиз учун муқаддас қадрият

07.12.2020 20:12:10

Ўзбекистон "Адолат" СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан Жарқўрғон  туманидаги 44-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Конституция – мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг муҳим пойдевори” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда партиянинг вилоят ва Жарқўрғон туман Кенгаши вакиллари, депутатлар, туман Халқ таълими бўлими вакиллари, мактаб ўқитувчилари ҳамда ўқувчи ёшлар қатнашдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар Конституциямизнинг яратилиши тарихи ҳақида маъруза қилди. Конституциямиз мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мустаҳкам қонуний кафолати бўлиб хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

Сўзга чиққанлар Бош қомусимиз мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларни демократлаштириш, жамият ва давлатни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларга, хусусан, парламентчилик ва кўппартиявийлик асослари шаклланиши ва мустаҳкамланишига, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг қонуний негизининг яратилишига ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаётганлигини эътироф этишди.

Таъкидлаш керакки, Конституциямиз мамлакатимизда мустақиллик йилларида ёшларга  оид  давлат сиёсатининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш ва унинг самарадорлигини ошириш, баркамол авлодни тарбиялаш, давлат ва жамият бошқарувида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшлар ҳаракати ва ташкилотларини ривожлантириш  йўналишларида узоқни кўзлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳам мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида шу хусусда сўз юритилиб, Конституциямизда муҳрланган демократик тамойиллар ва умуминсоний қадриятларнинг ҳаётимизга янада чуқурроқ кириб бориши учун  ёшлар орасида Конституциямиз ғоя ва қоидаларини доимий амал қилиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан фикрлар билдирилди.

Баҳодир Ҳожиметов, Жарқўрғон туман 44-умумтаълим мактаби директори:

-Ҳа, Конституциямиз барчамиз учун муқаддас қадриятдир. Уни асраб-авайлашимиз, ўқиб-ўрганиб, мазмун-моҳиятни теранроқ тушунишимиз даркор. Бахтимиз Қомусида белгиланган ҳуқуқлардан самарали фойдаланиш, ўз бурчларимизни виждонан, масъулият билан бажариб, уни келажак авлодга улуғ неъмат сифатида етказиш ва Қомусимиз билан фахрланиш давлатимизнинг ҳар бир фуқароси учун шарафдир. Байрам шукуҳи туманимиз маҳалла ва қишлоқларида давом этмоқда.

Тадбир давомида умумтаълим мактаби ўқувчиларининг чиқишлари қатнашувчиларда кўтаринки кайфият улашди. Конституция байрамига бағишлаб умумий ўрта таълим мактаби ўқувчи-ёшлари томонидан саҳнада бахтимиз Қомуси шеър ва қўшиқлар ила тараннум этилди.

Тадбир сўнгида партиянинг “Конституция билимдони” лойиҳасида иштирок этган ёшларга партиянинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+