Барқарор тараққиётга етакловчи нутқ

28.09.2020 11:09:38

Ўзбекистон Республикаси қисқа давр ичида дунёдаги ривожланган давлатлар қатори ўз фикрини жаҳон ҳамжамиятида билдира оладиган давлатга айланди. Бунга мисол тариқасида ўтган уч йил ичида Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида икки марта нутқ сўзлади. Бош Ассамблеянинг 72-сессиядаги биринчи чиқишида Президентимиз олтита энг муҳим масалани кўтарган эди ва бугунги кунга келиб шунинг бештаси тўлиқ бажарилганлиги айтилмокда. Бу дунё миқёсидаги глобал масалалар бўлишига қарамасдан қисқа давр ичида давлатимиз ташаббуси билан қўйилаётган катта қадамларнинг бири бўлди.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи юбилей сессиясидаги нутқини фахр ва ҳаяжон билан тингладим.

Коронавирус пандемияси туфайли онлайн мулоқот режимида бўлиб ўтган Бош Ассамблея сессиясида Президентимиз аҳамиятли ва муҳим масалаларни кўтарди.

Ушбу чиқишида Президентимиз коронавирус пандемияси Ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўртасида мунтазам мулоқот ва яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ўта муҳимлигини кўрсатганлигини таъкидлаб ўтди.

Шундай қийин вазиятда давлатимиз раҳбари ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни яратиш учун пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклифи билан чиқди. Ушбу таклифнинг ўзида инсон манфаати ва инсон саломатлиги турганлигини бир эшитишда англаш мумкин.

Сабаби ушбу ҳужжат орқали ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларининг янада оширилиши назарда тутилган.

Давлатмиз раҳбари юртимизда ҳам коронавирус пандемияси даврида биринчи навбатда одамлар ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган тезкор амалий ишлар йўлга қўйилганлигини таъкидлади.

Ҳақиқатдан ҳам юртимизга коронавирус кириб келган даслабки кунларидан давлатимиз раҳбари бошчилигида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилганлиги сабабли халқнинг турмуш тарзи яна изга туша бошлади.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу синовли дамларда давлатимизга беғараз ёрдам кўрсатган барча дўст ва ҳамкорларга чуқур миннатдорлик изҳорини билдирди Президентимиз.

Бундан уч йил муқаддам БМТ олий минбарида айтилган масалалар бўйича Ўзбекистон туб ислоҳотларни амалга оширганлигини таъкидлади. Жумладан, партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганлигини, гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланганлигини, мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилганлигини, шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилганлигини, диний эркинлик, қўшничилик борасидаги, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, Коррупцияга қарши муросасиз курашнинг янги босқичга кўтарилганлигини, бундан ташқари мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар жадал давом эттирилаётганлиги, ёшларнинг имкониятини янада кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳатлар амалга оширилганлиги ва уларнинг ҳуқуқий асослари ҳам йўлга қўйилганлиги маълум қилиб ўтилди.

Ҳақиқатдан ҳам, бу кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланаётганлигини англатади.

Президентимиз ушбу фурсатдан фойдаланиб, жаҳон ҳамжамиятидаги энг муҳим масалаларга қаратилган чақириқ ва таклифлар билан чиқди. Мен бу билдирилган чақириқ ва таклифларини катта қизиқиш билан тингладим ва шунга амин бўлдимки, бунинг барчаси негизида инсон манфаати ётганлигини англадим.

Қорақалпоғистон Республикасидаги Орол денгизининг инқирози оқибатида бу ерда яшаётган аҳолининг кайфияти анча тушгин аҳволда эди. Айни шундай пайтда Президентимиз 2017 йили БМТнинг Бош Ассамблеясида чиқиш қилиб, Орол муаммосини картада олиб чиқиб кўрсатди ва бу бутун инсониятнинг муаммоси сифатида тан олинди. Ана шу саъй-ҳаракатлар туфайли ҳозирги кунда бу ерга йўналтирилаётган катта-катта маблағлар, инвестициялар минтақада яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга, одамларнинг руҳини кўтаришга хизмат қилмоқда, десам, хато бўлмайди. Мисол учун Оролбўйи ҳудудида мавжуд аҳволни яхшилаш бўйича икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди.

Аҳамиятлиси Президентимиз БМТнинг ушбу Бош Ассамблеясида ҳам Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига дунё ҳамжамиятининг эътиборини яна бир бор қаратди. Яъни, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Шу каби Президентимизнинг чақириқ ва таклифлари дунёнинг барча халқлари ва давлатларининг жадал ривожланишига, мамлакатимизнинг қудрати ҳамда жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини кучайтириш учун мустаҳкам замин яратишга қаратилгандир. Ушбу мақсадларга эришиш бизнинг муқаддас бурчимиз, келажак авлодлар олдидаги эзгу мажбуриятимиздир.

Шукурулло АТАНИЯЗОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгесидаги фракция аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+