Бажарилган ва бажарилмаган ишлар муҳокамаси

29.10.2019 16:10:35

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда партиянинг VIII-ҳисобот сайлов конференциясида 2015-2019 йилларда амалга оширилган ишлар  юзасидан  маълумот берилди. Унда ҳамкор ташкилотлар, партия ходимлари, фаоллар, депутатлар, туман, шаҳар Кенгаши раислари, “Ёш адолатчилар” ва Аёллар қаноти фаоллари иштирок этишди.

Кун тартибида дастлаб “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат ҳар бир инсон учун” деб номланган Сайловолди дастури ижросини таъминлашдаги фаолият тўғрисида айтиб ўтилди. Сўнгги беш йил ичида дастур моҳиятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган ишлар ҳақида тушунчалар берилди.

Таъкидланганидек, 2014 йилда жами аъзолар сони 12500 нафар бўлган бўлса, бугунги кунга келиб партия аъзолари сони 29123 нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 41623 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса
303 тага ўсиб, 714 тани ташкил қилди. Бунда айниқса, партия аъзолари ҳисобини юритувчи махсус электрон дастур яратилганлиги, натижада БПТ ва туман, шаҳар Кенгашлари билан маълумот алмашиш тизимининг осонлаштирилгани ҳудудлар фаолиятини доимий мониторинг қилиб бориш, уларнинг фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш имконини яратди.

Барча туман, шаҳар Кенгашлари томонидан мафкуравий йўналишда амалга оширилган ишлар мониторинги юритилиб, улар асосида Кенгашларнинг мафкуравий фаолияти мувофиқлаштирилди, амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасидаги амалий ишларга кўпроқ эътибор қаратилди.

Ҳисобот даврида  партиянинг ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 1048 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ўрганилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 3040 та мурожаатлар келиб тушиб, улар юзасидан  882 та мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада, 744 дан ортиқ масала ўз ижобий ечимини топди. 900 дан ортиқ мурожаатлар мутасадди органларни жалб этиш орқали жойида ҳал этилди. 1000 га яқин мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ўз ечимини топди. Барча шаҳар-туманлар Кенгашлари қошида “Адолат” қабулхоналари ташкил этилган бўлиб, ўтган 3 йил давомида вилоятимиз бўйича 520 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 350 га яқини партия депутатлик гуруҳлари ва фаоллари томонидан тегишли ижро органларига сўровлар чиқариш орқали ҳал этилган бўлса, 117 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал этилди. 20 дан ортиқ мурожаатлар айни вақтда ижро жараёнида бўлиб, улар устидан депутатлик назорати ўрнатилди. “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида эса 153 нафар кишининг бандлигига эришилди.

Шунингдек, партия томонидан ёшлар масаласида амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган ёшларга қаратилган партиявий лойиҳалар доирасида партиянинг барча даражадаги бўғинларида жами 667 та тадбирлар ўтказилган бўлиб, улардан: партиянинг Дастурий вазифалар тарғибот тадбирлари 182  та, сиёсий-ҳуқуқий йўналишдаги тадбирлар 179 та, маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирлар 134 та, ёшлар бандлигини таъминлаш йўналишидаги тадбирлар 47 та, ўқувлар ва семинарлар сони 39 та, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва спорт йўналишидаги 86 та тадбирлар ўтказилган. Уларда жами 32 минг нафар иштирокчи қамраб олинди.

Конференцияда депутатлик гуруҳлари ҳамда назорат тафтиш комиссиясининг ҳам ҳисоботлари тингланиб, бу борада иштирокчиларининг фикрлари ўрганилди.

Албатта, эришилган ютуқлар билан бир қаторда  йўл қўйилган камчилик ва муаммоларга ҳам кўз юмиб бўлмаслиги таъкидланди. Хусусан, дастурнинг ҳар бир йўналиши ҳамда унда белгиланган лойиҳаларнинг ижроси барча ҳудудларда ҳам бир хилда таъминланмаган. Дастурий вазифалар ижроси доирасида доимий комиссиялар ва сессиялар кун тартибига масала киритишда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик корпусларининг барчаси бирдек фаоллик кўрсата олишмаган, партиянинг “Ёш адолатчилар” ва Аёллар қанотида ҳам қуруқ расмиятчилик кўзга ташланмоқда. Улар ҳам маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш билан чекланиб қолмоқдалар, холос. Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига юзаки ёндашилмоқда, ёшларга партиянинг кадр потенциали эмас, тадбирлар иштирокчиси сифатида қаралаётганлиги танқид остига олинди.  

Нилуфар Акрамова, партиянинг Тайлоқ туман Кенгаши раиси:

- Кейинги йилларда партия фаолияти иш шакли ва услублари тубдан янгиланиш жараёнига ўтди, партия учун долзарб бўлиб турган кадрлар қўнимсизлиги кун тартибида турган асосий масалалар қаторидан чиқарилди, тизимли ва мақсадли сиёсий ўқишларни ташкил этиш тизими жорий этилди, бу йўналиш учун вилоятда масъуллар белгиланди, партиянинг жойлардаги ёрқин имижини шакллантириш борасида кенг тартибда партия тарғибот-ташвиқот материаллари ўз вақтида Кенгашларга тарқатилмоқда, партия умумий фаолиятида БПТларининг иштироки кенгайтирилмоқда. Албатта, ушбу ишларнинг барчаси сайловларни муносиб ташкил этиш ва юқори натижаларга эришишга қаратилган.

Йиғилишда сўз олганлар ўтган сайлов кампанияларида йўл қўйилган камчиликлар борасида ҳам сўз юритиб, жорий йилдаги сайловларда жараёнга жиддий ва масъулият  билан  ёндошишга,  ҳамжиҳатликда  ҳаракат қилишга келишиб олди.

Ҳисобот даврида партия фаолиятини олиб боришда, кенг оммага танилувчанлигини оширишда, мақсад ва ғояларини кенг тарғиб этишда  фаоллиги ва ташаббускорлиги билан самарали натижаларга эришган  вилоят ва  шаҳар-туман Кенгаши депутатлари, партия фаоллари  партия вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалари билан тақдирланди.

Йиғилиш давомида партия ташкилоти ҳисобот-сайлов конференциясида иштирок этиш учун делегатлар сайланди. Шунингдек, ташкилий масалалар ҳам кўрилди.

Кун тартибидан ўрин олган ҳар бир масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+