Беғараз донорлик акцияси инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намунаси бўлди

04.12.2020 20:12:49

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станциясида «Бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остида республика бўйлаб беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги арафасида ўтказилган ушбу беғараз донорлик акциясидан кўзланган асосий мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Шундай хайрли ва савобли ишга бел боғлаган «Адолат» социал-демократик партияси 2018 йилдан буён “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида ҳар йили икки марта хайрия акцияларини ўтказишни анъанага айлантирмоқда.

Ушбу шиор остидаги беғараз донорлик акцияси юзлаб кишиларни бир мақсад йўлида бирлаштириб, қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.

Эрта тонгдан бошланган мазкур акцияда партиянинг барча ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда кўнгиллилар иштирок этишди.

Бу ўтказилган беғараз донорлик акциясига ташриф буюрган ҳар бир иштирокчининг кўнглида мурғак болажонларимиз ҳеч қачон касал бўлишмасин, кўзлари ёшланмасин, умрлари узоқ бўлсин, Ватанимиз корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб вояга етишсин, деган эзгу туйғу жўш урди.
Ушбу акция кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган акция болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+