Белгиланган режалар Ватан келажаги пойдевори бўлди

27.01.2020 14:01:13

Ҳурматли Президентимизнинг  тарихий воқеаликка эга бўлган  Олий Мажлисга Мурожаати барча қатори менинг ҳам фаолиятимни тубдан ўзгартирди.

Президент Мурожаатномаси барча соҳалар қамраб олинганлиги ва ушбу соҳаларда бўладиган ўзгаришлар, киритиладиган янгиликлар кўлами билан аҳамиятли бўлди. Ўзбекистон халқининг барча соҳалардаги аниқ вазифаларни белгилаб берувчи обод ва фаровон келажагига қаратилган  буюк хитобдир. Бир сўз билан айтганда, давлат ривожини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиздир.

2020 йил “Илм-фан ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши таълим соҳаси ходимлари учун ҳам қувонч, ҳам маъсулият юклади. Мурожаатномада айтилгандек, чекка қишлоқ ва маҳаллаларга кириб келадиган юқори тезликли интернет тармоғи фуқароларда кучли билимни ва инновацион технологияларни ўзлаштиришни, қисқаси, “замон билан ҳамнафас” бўлишни талаб қилади.

Ушбу ташаббусларни илк бор сайланган халқ депутатлари туман Кенгашининг депутати сифатида чуқур ҳаяжон ва теран мушоҳада билан тингладим. Айниқса, Президентимиз томонидан ёшларга оид давлат сиёсати, мактабгача таълим, умумий ўрта таълим жараёни, олий таълим, иқтисодиёт, тиббиёт, туризм ва маданият соҳаларида янгидан киритиладиган ўзгаришлар, шунингдек, олий ўқув юртларида грант асосида ўқишга киришларнинг икки баробарга оширилиши, айниқса, қизларнинг ўқишга киришида имтиёзлар қўлланиши, математика, кимё, биология, геология фанларини ўрганишга эътиборни чуқурлаштириш ташаббуси ҳамда “Она тили фанини ўрганишни чуқурлаштириш юзасидан миллий тизим яратилиб, ушбу фандан тест олиниши ва натижа эгаларига олий ўқув юртига киришда имтихон олинмаслик” ташаббуси мени таълим соҳаси ходими, филолог сифатида жуда жуда қувонтирди. Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши билан ёшларимизнинг ўз она тилига ҳурмати ошади, “Ўзбек тили тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси учун тадрижий  қўшимча бўлади, ўқувчиларнинг ушбу фанни ўрганишга қизиқишлари янада ошишига хизмат қилади, деб ўйлайман. Ушбу метод инглиз тили фанини ўрганишда қўлланиб ўқувчиларнинг барчасида фанга бўлган қизиқишларини оширган эди.

Президентимизнинг сўзлари, илгари сурган фикр ва ғоялари, ўтган йилларда амалга оширилган ислоҳот ва амаллар кўлами, шубҳасиз, Ватанимизнинг яқин келажакда минтақавий ривожланиш марказига айлантира оладиган дунёқараш, прогрессив ёндашишлар ва холис ниятлар мавжудлиги ва унга қўйилган тарихий дадил қадамлардан далолат бериб турибди. Ушбу Мурожаатнома кечаётган ислоҳотлар, жараёнларнинг юксак босқичга етказилишининг гарови ва яққол исботидир. Шу онларда қалбимни умид, шижоат, юртим, халқим ва раҳбаримиз билан фахрланиш туйғулари тўлдириб турибди. Мусаффо осмонимиз, юртимиз тинчлиги, давлатимиз равнақи йўлида ҳамжиҳатлик ва фидокорона меҳнат қилишга янада кучлироқ  бел боғладик.                                                                                                                     

Гўзалой ЖУМАНОВА,

Янгибозор туманидаги 6-сон

умумтаълим мактаби директори,

туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+