Бемор оила аъзосига қараётган фуқарога меҳнат стажи белгиланди

22.10.2019 10:10:36

 

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ҳар хафтанинг чоршанба куни маҳалла фуқаролари билан очиқ мулоқот  куни деб белгиланган.

Хоразм вилоят Кенгаши фаоллари ҳам бу борада фаолликни қўлдан бермаяптилар. Маҳаллаларда бўлиб, аҳолининг яшаш шароити, уларни йиллар бўйи қийнаб келаётган муамммоларини бартараф этиш чораларини излаб топишмоқда. Аниқланган муаммолар жойнинг ўзида ёки депутатлик сўровлар орқали бартараф этилиб,  фуқароларнинг дарду-ташвишларига малҳам бўлишмоқда.

Партиянинг вилоят Кенгаши раиси Тохир Палванов раҳбарлигидаги  партия фаоллари  Янгиариқ туманидаги “Янгиобод” маҳалласи фуқаролари билан самимий мулоқотлар ташкил этишди. Фаоллар  90 ёшни қаршилаган, кам таъминланган  оила - Хусин ота Юсупов  хонадонида бўлиб, оила-аъзолари  билан дилдан суҳбат қуришди, турмуш шароити билан яқиндан танишишди, совға-саломлар улашишди.

Суҳбат давомида Хусин ота Юсупов ва унинг турмуш ўртоғи Пошшажон она Майлиевалар соғлигидан шикоят қилиб, даволаниш учун моддий томондан қийинчиликлар бўлаётганини баён этишди. Вилоят Кенгаши раиси Тохир Палвановнинг саъй-ҳаракатлари  билан  қисқа муддат ичида отахон ва онахон Урганч шаҳар шифохонасига ётқизилди ва бепул тиббий, иқтисодий ва ижтимоий ёрдам берилди.

Пошшажон она Майлиева:

-Кўпдан  бери соғлигимдан шикоят қилиб юрардим. Даволаниш учун моддий  қийинчиликлар тўсиқ бўларди.  Депутат Тохир Палвановнинг ёрдами билан  дардларимдан халос бўлдим. Инсон қадри  улуғланган юртимиз омон бўлсин. Кексаларнинг холидан хабар олиб, оғиримизни енгил қилаётган давлатимизга раҳмат.

Мулоқотлар  чоғида фаоллар шу маҳалладаги 1968 йилда  туғилган, туғма 1-гуруҳ ногирони Отабой Пирматовнинг ҳолидан хабар олишди. Оила  боши Бобур Пирматов 2013 йилдан буён ногирон амакисига қараётгани боис, ишлашга шароити бўлмаётгани, уни даволатиш учун моддий томондан қийинчиликлар туғилаётгани тўғрисида гапирди. Т.Палванов бу муаммони ўрганиш мақсадида жойнинг ўзида Янгиариқ туман Пенсия жамғармасига хабар берди. Б.Пирматовга беморга қараётган даври учун меҳнат стажи белгиланадиган бўлди.

Мухтасар айтганда, бу каби хайрли ишлардан кўплаб мисоллар билан  кўрсатиш мумкин.  Партиямиз фаоллари доим одамлар орасида бўлиб, юртдошларимизнинг турмушидан рози бўлиб яшашларида муносиб ҳисса қўшишмоқда.  

                                                                                                   Замира АБДУЛЛАЕВА,
                                                                                               Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                  Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+