“Билайн”нинг карантиндаги ўйинлари

29.05.2020 20:05:28

Яқинда марказий нашрларда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълумотлари асосида тайёрланган бир материал эълон қилинди. Унда “Beeline Uzbekistan” мобиль оператори томонидан “Ғолиб бўл ва ютиб ол!” акцияси бўйича сохта реклама орқали истеъмолчиларга нотўғри маълумотлар берганлиги ва пировард натижада 749 минг истеъмолчини алдаб,  жорий йилнинг март ойи ҳолатига топилган умумий даромад миқдори 1 миллиард сўмни ташкил этганлиги баён қилинганди.

Уяли алоқа операторининг бу каби хурмача қилиқлари ягона эмаслигига мен ҳам яқинда гувоҳ бўлди. Шу йилнинг 10 май куни эди. Уяли телефонимга СМС-хабар келиб қолди. Унда шундай ёзилганди: Сизга 16840 сўм “Ишончли тўлов” 13. 05. 2020 гача тақдим этилган.”. Бунга албатта, ҳайрон бўлдим. Чунки мен компаниядан қарз олмагандим. Аввал биронта хатолик ўтиб, пул менга тушиб қолган бўлса керак, деб ўйладим. Балки уяли телефон оператори карантин пайтида ўз мижозларини қўллаб-қувватлашга аҳд этгандир, деган фикр ҳам келди. Бироқ карантин бошланганда ҳукуматнинг пандемия пайтида телефон учун ҳақ олишни кечиктириб туриш тўғрисидаги тавсиясига тиш-тирноғи билан қарши чиққан  компания бундай қилмаслиги аниқ эди.

Ҳар қалай юз берган “хато”ни тўғрилашга ўзим киришдим.  Бунинг учун “Beeline Uzbekistan” билан боғланиш зарур эди. Аммо барча урининшлар зое кетди. Чунки компаниянинг Намангандаги офисида шаҳар телефони ўрнатилмаган экан. Эҳтимол, рақобатчи “Узтелеком”нинг “тегирмонига сув қуймаслик” учун шундай қилингандир. Аммо мижозлар манфаати қаерда қолди? Шошилинч эътироз ёки таклифни ким эшитади?

Баъзилар қисқа рақамлар орқали мурожаат этиш керак, дейишлари мумкин. Лекин “0611”га ўхшаш рақамлар билан умуман гаплашиб бўлмас экан. Фақат темиртан сухандоннинг “у рақамни босинг, бу рақамни босинг”, деган тавсияларини эшитасиз холос. Куни билан биронта жонли овоз учрамади. Ана сизга, мижозлар фикрини ўрганишга муносабат. Машҳур мақолни ўзлаштириб ифода этсак, “Тўқ қорним, тинч қулоғим" дегани шу бўлса керак.

Ниҳоят, 12 май куни “Эртага “Ишончли тўлов” бўйича 16840 сўм ечилади” деган навбатдаги СМС-хабар келганидан кейин ҳаммаси тушунарли бўлди. Компания мижозларга ўз ташаббуси билан маблағни мажбурлаб  тақдим этиб, фоизи билан уч кундан кейин қайтариб олиш йўлига ўтибди. Пандемия шароитида “оғир ҳолат”га тушиб қолишгандир-да. Ундан кўра кўча-кўйда садақа сўраб юрган афзал эмасми? Бундай карантин ўйинларини ҳали кўрмагандик.

Чиндан ҳам 13 май куни мен сўрамаган ва фойдаланмаган “Ишончли тўлов” тегишли фоизи билан ундириб олинди. Ана сизга, бойлик орттиришнинг энг “самарали” йўли. Фақат битта савол туғилади: “Билса ҳазил, билмаса чин” қабилида чув туширилган мижозлар миқдори нечта экан? Қолаверса, “Beeline Uzbekistan”даги муттаҳамларнинг бундай қилиқларига ким чек қўяди?

Чунки ҳар қандай хориж компанияси бошқа мамлакатга бориб, у ернинг халқи учун ёнидан пул тарқатмаслиги аниқ. Сармоядор сарфлаган бир долларини икки баравар кўпайтиришга уринади. Аммо бу борада қинғир йўлларга қўл урилаётганлиги ва бундай хатти-ҳаракатлар оқибатсиз қолаётганлиги ачинарлидир.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Тоштемиров Элёр Нуралиевич
2020-06-04 12:26:37
Ассалаому алайкум Менга хам шу мазмунда СМС хабар келди. Асл матни куйидагича: Sizga 6736.0000 so'm. "Ishonchli to'lov" 04.06.2020 gacha taqdim etilgan / Vam predostavlen "Doveritel'niy platej" 6736.0000 sum, do 04.06.2020. Info *102#. 064046 Лекин бу хизматдан олдин хам фойдаланмаганман, бундан кейин хам фойдаланмокчи эмасман. 0611 га хабар жунатдим. Улар менга куйидаги мазмунда хабар жунатишди: Murojaatingizga javoban shuni ma'lum qilamizki,ishonchli to1lov xizati kod orqali o`chirilmaydi 3 kundan so`ng sistema avtomatik tarzda yechib oladi.. Murojaatingizga javoban shuni ma'lum qilamizki agar so`rov tasdiqlanmasa xizmat aktivlashmaydi. Xizmatni muddatdan oldin o`chirish imkoni mavjud emaс Кимга эътироз килсам булади? чунки бу хол яна такрорланиши мумкин.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+