Бир инсоннинг ҳуқуқлари бузилишига ҳам фавқулодда ҳолат деб қарашимиз керак

27.06.2020 21:06:56

Инсон азиз, Инсон мукаррам. Бежиз Инсонни коинот сарвари дейишмайди. Сайёрамиз гултожи бўлган Инсонга табиат томонидан яшаш ҳуқуқи ато этилган. Инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, унинг бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, кафолатлаш эса давлатлар, ҳукуматлар зиммасига тушган. Зеро, ҳар қандай давлатнинг энг катта бойлиги ер ости-усти конлари, табиий захиралари, олтини, нефть-гази, уран-вольфрами, ҳаттоки ҳосилдор замини эмас, балки алоҳида олинган, такрорланмас Инсонлардан жамланган халқидир. Бу бемисл бойлик ҳар томонлама авайлаб-асралишга, ҳимоя қилинишга муҳтож.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, партиямиз Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этаркан, унинг асосий тамойилларидан бири сифатида инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсонни фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги мезонларини таъминлаш ўз фаолияти йўналиши эканлигини эътироф этади.

Мана шу жиҳатдан олганда, Президентимизнинг кеча матбуотда эълон қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони партиямиз ғояларига ҳамоҳанглиги билан бизни мамнун этди.

Ҳақиқатдан сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Биз фаолият самарасини республикамизнинг халқаро майдондаги обрўси ошаётганида, сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеимиз яхшиланаётганида кўришимиз мумкин.

Айни пайтда ҳали бу борада қилинадиган ишларимиз кўп. Чунки юртимиздаги ҳаттоки битта инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига ҳам биз фавқулодда ҳолат деб қарашимиз шарт. Ана шундагина кутилган натижага эриша оламиз.

Бу жараёнда биз мазкур масала юзасидан халқаро ҳамкорлик тажрибасини, амалий тавсияларини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Маълумки, республикамиз бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича саксондан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олтита асосий шартномаcи ва тўртта факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий ҳисоботларни (маърузаларни) тақдим этиб келинмоқда.

Бироқ ҳозирги замон масалага янада изчил ва кенг кўламли ёндашувни талаб этмоқда. Шу сабабли Президент Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузиш ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш вазифаси юклатилди. Бу вазифа инсон ҳуқуқлари масаласида биз Парламент депутатларининг масъулияти янада ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Афсуски ҳали ҳаётимизда бир қатор инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учраб турибди. Қашқадарё, Андижон вилоятларида ички ишлар органларида фуқароларни қийноққа солингани, кўплаб ҳудудларда фуқаролар мулкига тажовуз учраб тургани ва бошқа шунга ўхшаш ҳолларда фуқароларимизни бир қатор қонуний ҳуқуқлари поймол бўлгани ҳаммамизга аён. Қабул қилинган инсон ҳуқуқлари Миллий стратегияси янгича ёндошувга замин яратди.

Аҳамиятлиси, ҳужжат билан инсон ҳуқуқларини таъминлашда жамоатчиликнинг иштирокини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Бунда Президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамиятлари институтлари билан ҳамкорликда соҳага оид қонун ҳужжатларини бажарилишини назорат қилиб бориш белгиланмоқда. Бу ушбу жараёнларга фуқароларимизни фаол жалб этишнинг бир воситаси бўлиб хизмат қилади. 

Ҳа, Фармонда белгиланган вазифалар, амалга ошириладиган ишлар кўламдор ва залворли. Уларнинг ҳаммаси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилиши билан янада қимматли. Ўз ўрнида “Адолат” СДП депутатлари, аъзолари, хайрихоҳлари фармон талабларини амалиётга татбиқ этишда фаол иштирок этадилар. Зеро, партиямизнинг асосий тамойили – ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланишига эришиш! Шундай натижага эришиш – ҳаракатларимиз мезонидир!

Дилрабо Холбоева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+