Биринчи марта сайловда қатнашувчилар

30.09.2019 19:09:11

 

Ўзбекистон  “Адолат” СДП Каттақўрғон шаҳар Кенгаши ташаббуси билан шаҳар ҳокимлиги, шаҳар хотин қизлар қўмитаси, Оила илмий-тадқиқот маркази Катақўрғон шаҳар бўлими ва шаҳар халқ  таълими бўлими ҳамкорлигида Каттақўрғон шаҳридаги Абдулҳамит Мажидий драма театрида “Сиёсий жараёнларга тайёрмиз” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб, мазкур масканнинг кириш қисмида  Давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббусининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ёшларнинг Ватан, юртимиз табиати, тарихий қадамжолар, оила, маҳалла  ҳамда турли мавзуларни акс эттирувчи тасвирий ижод намуналари, спорт мусобақалари, тадбиркор хотин-қизлар томонидан ташкил этилган кўргазмалар, китоб ярмаркалари йиғилганларда катта қизиқиш ўйғотди.

Албатта, сайлов кампаниясида партиямизнинг қуйи бўғинларидан тортиб юқори органларида ҳам фаолият юритаётган ёшларнинг иштироки жуда муҳим ҳисобланади. Чунки, Ўзбекистон “Адолат” СДП эртанги кун эгалари бўлмиш ёшларга жамиятнинг муҳим қатлами ва келажаги сифатида қарайди. Бугунги кунда партиямиз умумий аъзолари сонининг 42 фоизини ёшлар ташкил этиши ҳам бизнинг нақадар катта кучга эга эканлигимизни англатади. Шундан келиб чиққан ҳолда Каттақўрғон шаҳридаги 18 ёшга тўлган ёш йигит-қизлар иштирокида “Биринчи маротаба сайловда қатнашман” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбати давомида сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, сайлов жараёнлари юзасидан ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.

-Мен бўлажак сайловда илк бор қатнашаман, - дейди Шаҳризода Ҳакимова - Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб топиш мақсадида бу ерга келдим. Мен сингари ёш сайловчиларга алоҳида эътибор қаратилиб, “Биринчи маротаба сайловда қатнашман” мавзусида давра суҳбати ташкил этилганидан жуда хурсанд бўлдим. Сайлов тўғрисида кутганимдан ҳам кўпроқ тушунча олдим. Сайлов кунида она Ватанимнинг порлоқ истиқболи, халқимизнинг фаровон турмуши учун ўзим танлаган номзодга овоз бераман.

Куннинг иккинчи ярмида, партия лойиҳалари доирасида қатор долзарб ижтимоий масалаларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиб, жамоатчиликнинг муаммога нисбатан эътиборини кучайтиришга интилаётган Каттақўрғон шаҳар партия кенгаши яна бир муҳим тадбир “Адолатли қайнона” кўрик-танлови орқали электорат вакилларининг, кўпдан-кўп фуқароларнинг самимий олқиш-эътирофига сазовор бўлди.

Кўрик танловда Каттақўрғон шаҳридаги 32 та маҳалладан саралаб олинган 6 нафар қайноналар иштирок этишди. Улар белгиланган шартларга кўра, ўзларининг атрофидагиларга ибрат қилиб кўрсатгулик хислатларини, билимдонлиги, ташаббускорлиги, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини қандай идрок этишларини намойиш этдилар. Шу куни тадбирда иштирок этиш учун Абдулҳамид Мажидий номидаги Каттақўрғон драма театрига 500 дан зиёд томошабин тўпланди. Беллашув давомида барча қайноналарнинг оилавий тажрибалари анча юқорилиги, ҳақиқатдан ҳам оилани бошқаришда адолатли эканликлари яққол намоён бўлди.

Танлов сўнггида барча иштирокчилар “Энг тадбиркор қайнона”, “Энг оқила қайнона”, “Энг адолатли қайнона”, “ Энг намунали қайнона”, “Энг сариштали қайнона” номинациялар бўйича ғолиб бўлдилар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Дилафруз ҲАСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Каттақўрғон шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+