Бирлашсак, бир-биримизни ҳурмат қилсак, ҳаммаси яхши бўлади

05.08.2020 20:08:54

Бугун барчамиз синовли кунларни бошдан кечиряпмиз. Тиббиёт соҳаси вакили, ҳам оддий фуқаро сифатида айни дамларда буни теранроқ англаб етяпман.

Жорий йилда Тошкент тиббиёт Академияси Фарғона филиалини тамомлагач, Фарғона вилояти ДСЭНБ Марғилон бўлими инспектори вазифасида меҳнат фаолиятимни бошладим. Айнан пандемик вазият билан боғлиқ масалалар, карантин талабларини бузганлик юзасидан жарималар, мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган рейдлар, аҳоли ўртасида тушунтириш тарғибот ишлари – буларнинг барчаси  фуқаролар томонидан турлича талқин қилинади.

Касаллик хавфининг инсон руҳиятига таъсири сезиларли, албатта. Шуни инобатга олган ҳолда турли кайфиятдаги ва ҳолатдаги инсонлар билан юмшоқ муносабатда бўлишга ҳаракат қиламиз, тушунтирамиз, илтимос қиламиз. Тўғрисини айтсам, аксарият ҳолларда шунчаки тартиб-қоидага риоя этишни хоҳламайдиган, манманликка берилган инсонларни ҳам учратдим. Шунчаки эҳтиётсизлик қилганларини ҳам. Лекин ўз ҳаёти, саломатлиги, яқинлари соғлиғи билан боғлиқ масалада арзимас жиҳатларга ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бу ҳақиқат. Кун ҳақиқати ва талаби.

Биз биламиз, тушунамиз. Эркин, шу кунга қадар чегаралардан ҳоли ўз тартиб ва режалари асосида яшаб ўрганган ҳамюртларимизни пандемия тартиблари анчагина мушкул аҳволга солди.

Лекин шуни ишонч билан айтишим мумкинки, хавф вақт ўтиши билан бартараф бўлади. Биз яна бахтиёр ҳаётимизга қайтамиз. Сабрли бўлиб, белгиланган тартиб-интизомга риоя қилсак, бирлашсак, бир-биримизни ҳурмат қилсак, ҳаммаси яхши бўлади.

Алишер МУСИНЖОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

“Ёшлар қаноти” фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+