Бирлашсак енгамиз, бахтли ҳаётимизга яна қайтамиз

08.04.2020 10:04:51

Баҳорнинг гўзал кунларини уйда ўтказиш ҳар биримиз учун қайғули албатта. Ҳар ким саҳий қуёшнинг илиқ тафтидан баҳраманд бўлиб, яқинлари, дўсту биродарлари билан биргаликда табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришни истайди. Ёхуд кимдир тирикчилик куйида, мўмай даромаддан қолаётганлигини ўйлаб куйинаётгандир. Аммо бугунги синовли кунларда барча хоҳиш-истакларни бир четга суриб қўйиб, якдил бўлиш, уйда қолиб, коронавируснинг тарқалишини олдини олишга ҳисса қўшиш ягона мақсадга айланмоғи лозим.  

Энг аввало оиламиз ва яқинларимизни асрашимиз, хонадонимизнинг озода, саранжом-саришта бўлиши, шахсий гигиена қоидаларига, ёшу кичикнинг тартибга риоя қилиши энг биринчи талаб. Аммо баъзан оммавий ахборот воситалари орқали белгиланган тартибга риоя қилмай, жаримага тортилаётган юртдошларимиз ҳақида эшитиб қоламиз. Ёки автотранспорт воситаларини ўзбошимчалик билан бошқариб юрган айрим фуқароларга ҳам тегишли тартибда чора кўрилмоқда. Пандемия даврида жорий этилаётган ҳар бир тартиб-қоида аҳолининг саломатлигини таъминлашга қаратилгандир. Шундай экан, беписандлик ва ўзбошимчалик қилишдан фойда йўқлигини ҳар бир фуқаро теран тушуниб етмоғи лозим.

Давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида кўзда тутилган мезонларга, тартиб-тамойилларга риоя қилиш, шукроналик ҳисси билан яшаш барчамиз учун бирдек муҳим саналади.

Давлатимиз томонидан юзага келган ҳолатни бартараф этиш, аҳолига зарур шарт-шароитларини яратиб берган ҳолда уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишга бор имконият қаратилган. Ижтимоий таъминотга муҳтож оилалар рўзғорида тақчиллик юзага келмаслиги учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлашлар кечиктирилди. Тадбиркорларга қатор имтиёзлар жорий этилди. Қолаверса, коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш мақсадида сенаторлар томонидан ташил этилган “Ўзбекистон Меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат фонди ҳам бу борада хайрли ишларни бошлаб юборди.

Яратилган шароитлардан келиб чиқиб эса ҳар бир фуқародан сабр қилиш ва уйда қолиш сўралмоқда. Демакки, агар ҳар бир фуқаро масъулиятни теран ҳис қилиб, белгиланган тадбирларни амалга оширса, касаллик чекиниб, биргаликда яна бахтли кунларимизга қайтамиз.

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+