Бирлашсак, катта кучмиз

20.11.2020 15:11:54

Куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси “Ёш адолатчилар”қаноти IV ҳисобот-сайлов конференцияси менинг онгу шууримда ўзгача бир таассурот қолдирди десам, адашмайман.  Унда ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилиб, келгусидаги вазифалар белгиланиб олинди.

Мазкур анжуманда  ёшларни бирлаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун самарали фаолият юритиш борасида бир қатор мақсад ва режалар ўртага ташланди. Партиямиз сафида ўз истеъдоди ва қобилиятини республика миқёсидаги танлов ва мусобақаларда намоён этадиган ёшлар сонини кўпайтиришга эътибор қаратилаётганлиги мени жуда қувонтирди. Бундан ташқари, партиямиз томонидан  ёшларни касбга қизиқтириш, уларни ишга жойлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мен Ёшлар парламенти аъзоси бўлиш билан бирга, партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” Кенгаши раҳбариман. Бу йил менинг ҳаётимда жуда муҳим ўзгаришлар, ютуқларга бой бўлди. “Ёшлар парламенти” аъзолигига сайландим. Партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти раҳбарлигини менга топширишди. Конференцияда маърузаларни тинглаб,  тенгдошларим қаторида мен ҳам ўз олдимга мақсад ва вазифалар қўйдим.   Мақсадим, воҳамиз ёшларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ўсиб келаётган ёшларнинг онгида ҳуқуқий маданиятни шакллантириб, уларга ҳар томонлама ёрдам бериб, жамият ва давлат манфаатларини кўзловчи тенгдошларимни қўллаб-қувватлашдир. Ривожланаётган Ўзбекистонимизда қонун устуворлигини таъминлайдиган етук кадрларни шакллантиришга ҳисса қўшиш биз учун энг юксак ва муқаддас бурчдир.

Айтиш жоизки, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда давлатимиз раҳбари ҳар бир маърузаларида  айнан биз ёшларга жуда катта ишонч билан қарамоқдалар. Президентимиз томонидан “Илм-фан, таълим ва тарбия, маданиятни ривожлантириш учун қанча куч, қанча маблағ керак бўлса, ҳаммасини топамиз. Қандай имконият зарур бўлса - яратамиз”, деб айтган гаплари биз ёшларни албатта руҳлантирди, юксак марралар сари дадил қадам билан одимлашимиз учун мустаҳкам замин яратди, десам муболаға бўлмайди.

Биз ёшлар Президентимизнинг ушбу даъватига муносиб жавоб қайтаришимиз, мамлакатимизнинг эртанги куни учун қанчалик масъул эканлигимизни бир сония бўлсада унутмаслигимиз лозим. Қайси маънодаки, бугун рақамли технологиялар шиддат билан ривожланяпти. Бугун замонавий технологиялар кирмаган соҳа қолмади ҳисоб. Лекин, ушбу технологиялар ўз-ўзидан ишламайди. Уларниям кимдир ақл билан ҳаракатга келтирсагина фойда беради. Аксинча бўлса, тараққиётнинг соат сайин янгиланиб бораётган кашфиётларига махлиё бўлиб ўтираверамиз. Рақамли технологияларни тилини топиш учун албатта пухта билимга эга, салоҳиятли ёшлар керак бўлади.

Бугун нафақат мен, балки шу Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон ана шундай фикр билан яшаяпти, десам хато бўлмайди. Албатта бу осон эмас. Бунинг замирида жуда катта меҳнат ва илмий изланиш ётибди. Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистонни яратишда биз ёшлар бирлашсак, катта кучга айланамиз.   

Анжуманда эришилган ютуқлар билан бирга ечимини кутаётган муаммолар ҳам ўртага ташланди.  Юртимизнинг чекка ҳудудларидаги ёшлар билан ишлашимиз, тенгдошларимизнинг қизиқишлари билан ўртоқлашимиз, олис қишлоқлардаги ёшлар орасига кириб бориш, уларнинг ўй-интилишлари билан қизиқиш, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликларининг олдини олиш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина.

Бу борада мақсад, вазифа аниқ. Фақат уни ҳаётга татбиқ этиш керак.  

Мазкур Конференциядаги фикр-мулоҳазалар уйғоқ фикрли, илғор ғояли, салоҳиятли, билимли йигит-қизларнинг ташаббуслари янада кенг қулоч ёзиши учун асос бўлади, десак хато бўлмайди.

Сардор ОЧИЛОВ,

Ёшлар парламенти аъзоси,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят

“Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+