БИРЛАШСАК – ҚУДРАТЛИ КУЧМИЗ!

31.03.2020 10:03:07

Ҳар бир халқ неча минг йиллик тамаддуни жараёнида ёруғ кунлар билан бир қаторда машаққатли, оғир ва синовли кунларни ҳам бошидан кечирган. Бундай имтиҳонлардан шараф билан ўтган, ўзлигини сақлаб қолган эл тараққиётнинг янги босқичларига кўтарила олган.

Бугун алоҳида олинган элат, миллат эмас, бутун инсоният мана шундай ўта жиддий, ўта масъулиятли синовга юзма-юз келди. Зеро машъум коронавирус миллат танламайди, сарҳад нималигини билмайди. Ўтган йилнинг декабрь ойида Хитойда пайдо бўлган вирус бугунга келиб дунёнинг бир юз тўқсондан ортиқ мамлакатида шарпадек кезиб юрибди. Унга чалинганлар сони етти юз минг нафардан ошди ва, афсуски, вирус ўттиз беш минг кишидан ортиқ кишининг умрига зомин бўлиб улгурди. Кишида умид уйғотадиган ҳолат шуки, фидойи шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан 160 минг нафардан ортиқ бемор бутунлай тузалиб кетди.

Бундай шароитда ҳеч бир халқ, давлат ўзини “хитой девори” билан ўраб олиб, инфекциядан иҳоталанган ҳолда яшай олмаслиги ўз-ўзидан аён.

Шу боис мамлакатимизда жуда қисқа муддат ичида коронавируснинг илдизини қирқишга қаратилган кескин кураш чоралари йўлга қўйилди. Жумладан, Республика махсус комиссияси фаолият кўрсатмоқда, пандемик карантин ҳолати эълон қилинди.

Бир сўз билан айтганда, бугун халқимиз ҳаётида жиддий синов даври кечмоқда. Бу имтиҳондан қандай ўтишимиз эса ҳаммамиз ва ҳар биримизга боғлиқ. Зеро, давлат ҳар бир фуқаро устидан алоҳида назорат ўрната олмайди ва ҳар бир фуқарога биттадан тиббиёт ходимини бириктириб қўя олмайди. Шу сабабдан бугунги куннинг талаблари қандай адо этилиши бизнинг масъулиятни қанчалар англашимизга, ҳуқуқий ва тиббий маданиятимизга, қолаверса, оддийгина инсонпарварлигимизга, куюнчаклигимизга боғлиқ.

Маълумки, партиямизнинг асосий қатламини тиббиёт ходимлари ташкил этади. Биз ҳамиша дунёдаги энг олийжаноб касб эгалари бўлган шифокорларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бу касбнинг нуфузини янада ошириш борасида ҳаракат қилиб келганмиз. Шунга қарамасдан, таассуф билан тан оламиз, сўнгги вақтларда тиббиёт ходимларига нисбатан нотўғри муносабатлар, жумладан, уларни камситишлар, ҳақоратлашлар ҳаётимизда учраб келаётган эди. Бироқ вақт ҳаммасини ўз жойига қўйди. Бугун айнан жонкуяр, ўз касбининг устаси бўлган малакали шифокорлар коронавирусга қарши фидокорона кураш олиб бориб, таъбир жоиз бўлса, жон олиб жон бермоқдалар. Айнан шифокорларимизнинг қаҳрамонона меҳнатлари эвазига етти нафар бемор бутунлай соғайиб кетди. Бу вирус устидан мутлоқ ғалабамизнинг дебочаси бўлди, дейишимиз мумкин. Халқимиз телеэкранларда Президентимиз шифокорларимизни қанчалар самимий, чин дилдан олқишлаганини, уларнинг бугунги кунимизнинг қаҳрамонлари деб атаганини кўриб, бу шарафли касб эгаларига яна бир карра таъзим қилди. Уларнинг машаққатли меҳнатларини яна бир карра тан олди, улар олдида эҳтиром билан бош эгди.

Демак биз бирлашсак, якдил ва яктан бўлсак – қудратли кучмиз. Бу куч мўъжизалар ярата олишга қодир.

Албатта, кураш осон кечмаяпти. Бу жараёнда айрим фуқароларимизнинг оддий санитария-гигиена қоидаларига, карантин шароитининг қатъий талабларига риоя этмаётганликлари кишини ташвишга солмоқда. Шу боис партиямизнинг барча даражадаги депутатлари ва фаоллари ўз ташаббуслари билан коронавирусга қарши курашга отланишган. Улар керак пайтда аҳолига карантин талабларини тушунтириш, керак жойларда нарх-наволарнинг асоссиз оширилишига қарши жамоатчилик назоратини ўрнатишда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда иш олиб боришмоқда. Яна шуни алоҳида айтиб ўтишни истардимки, айрим тадбиркор партиядошларимиз кам таъминланган оилаларга беғараз моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб, бугунги оғир ва синовли кунларда кўпчиликка ибрат кўрсатишмоқда.

Биз шу кунларда бир муаммога қайта-қайта дуч келаётганимизни ҳам тан олишимиз керак. У ҳам бўлса, карантин талабларига буйсунмаслик, кўра-била туриб карантин талабларини бузишдир. Ахир қайси ақл билан карантин шароитида шаҳарнинг қоқ марказида  тўй ўтказиш мумкин? Қайси ақл билан карантин шароитида олий ўқув юртини битирганликларининг фалон йиллигини дабдабали нишонлаш мумкин? Қайси ақл билан амалга оширилмаган умра зиёфати учун ҳаммаҳаллаларини зиёфат дастурхонига чорлаш мумкин?..

Ҳаётимизда рўй бераётган бундай салбий воқеликлар ҳали ҳамон баъзи фуқароларимиз вазиятни чуқур англаб етмаганликларини, карантин шароитига эътиборсиз қараётганликларини кўрсатмоқда. Ваҳоланки, халқ тилида айтганда, бундай фуқароларнинг касри бегуноҳ одамларга уради. Бирники ўнга, ўнники туманга деган гап айнан коронавирус ҳақида айтилгандек. Яъни озгина эътиборсизлик, озгина лоқайдлик бу вируснинг урчиб кетишига сабаб бўлади. Кейинги пушаймондан эса наф йўқ.

Элимиз кўкламни йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган пайт, дейди. Бугун бу ҳикмат янгича маъно-мазмун касб этгандай. Яъни карантин шароитида аҳолининг камбағал қатламини алоҳида қўллаб-қувватлаш, айрим “тадбиркор”лар томонидан нарх-навонинг кескин ошириб юборилмаслигини назорат қилиш зарур ва тегишли идоралар бу ишни амалга оширмоқда.Бугун ҳар бир оила дастурхонида витаминларга бой, тана иммунитетини кучайтирадиган таомлар бўлиши керак ва шарт. Бу талабнинг амалга ошишида аҳолининг кам таъминланган қисмини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ўзбекистон Меҳр-мурувват ва саломатлик” жамоат фонди алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда. Бу фондга тадбиркорлар, оддий фуқаролар ва депутатлар ҳам ўз хиссаларини қўшмоқдалар. Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида ишловчи 400 дан ортиқ ходимлар ва Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари ҳам ўз ҳохишлари билан бир кунлик иш хақларини ушбу фонд хисобига ўтказдилар. Бундай саҳоват ва мехрибонлик ишлари  давом этади. Буни ижтимоий тармоқлардаги фикрлар ва ОАВлардаги чиқишлар тасдиқламоқда. Шу ўринда нисбатан ўзига тўқ фуқароларимиздан янада фаоллик кутиб қоламиз ва барчани бошига тушган бу синовни бир-биримзга қайишган ҳолда, бир миллат, бир мушт бўлиб енгиб ўтишимизга ишонаман.

Бугунги куннинг энг долзарб ва энг муҳим талаби – ҳукуматимиз томонидан белгиланган қатъий чора-тадбирларнинг ижросини оғишмай таъминлашдир. Бу “Адолат”чиларнинг ҳам устувор вазифасидир ва биз бу масъулиятли вазифани уддалаб, коронавирус аталмиш балонинг устидан ғалаба онларини яқинлаштириш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+