“Биз адолат тарафдоримиз!” акцияси барчада ёрқин таассурот қолдирди

05.10.2019 13:10:52

“Адолат” социал-демократик партияси жойларда ўз ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказмоқда. Улар аҳолининг барча қатлами вакилларида қизиқиш ва унутилмас таассурот қолдираётганлиги диққатга сазовордир.

Ана шундай тадбирлардан бири Қизириқ туманидаги марказий сайилгоҳида бўлиб ўтди. Кенг жамоатчилик вакиллари, кексалар ва ёшлар, хотин-қизлар, пахтакор ҳашарчилар, маҳалла фаоллари билан гавжум бўлган сайилгоҳда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кангаши ва партия вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Адолат” сайли ўтказилди.

Дастурий ғоя ва мақсадларни омма орасида кенг тарғиб қилишга бағишланган маданий-маърифий тадбир “Биз адолат тарафдоримиз!” шиори остида ташкил этилди. Унинг биринчи қисмидан ўрин олган митингда сўзга чиққан Халқ депутатлари Вилоят кенгаши депутати Абдурашид Артиков, Қизириқ туман ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари Абдуҳамид Кенжаев, партия вилоят Кенгашининг раиси ўринбосари Исроил Қурбонов ва бошқалар томонидан мазкур акцияни ўтказиш негизида социал-демократиянинг энг муҳим қадриятлари бўлган – ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик ва имкониятлар тенглиги ғоялари, демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш бош мақсад эканлиги эътироф этилди. Шунингдек, тиббиёт ва таълим соҳасидаги муаммолар, қўлга киритилган ютуқлар, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишини амалга оширишда партия олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтдилар.

Тадбир давомида иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ўтказилди. Савол-жавоблардаги ёшларнинг фаоллиги партиямизга бўлган эътибордан далолат беради. Шу билан бирга, дастурий мақсадларимиз эълон қилинганда, барча юртдошларимиз томонидан бирдек қўллаб-қувватланди.

Умид Қулмаматов, Қизириқ туман ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгаши раиси:

Адолат ва ҳақиқатга интилиш, адолатли жамият қуриш халқимизнинг асрий орзулари сирасига киради. Зеро, адолат устун бўлган жойда иш юришади, юртда файзу барака бўлади, одамларда меҳр-оқибат кучаяди. Адолат бор жойда тараққиёт бўлади, юксак муваффақиятларга эришилади.

Мухтасар айтганда, мазкур тадбир партиямизнинг ўз ғоя ва мақсадларини яна бир бор кенг омма орасида тарғиб-ташвиқот қилишда муҳим аҳамият касб этди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+