“Биз адолат тарафдоримиз!” акцияси хайрихоҳлар сонини кўпайтирди

20.11.2019 17:11:36

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан жорий йилнинг Чирчиқ шаҳар Кимёгарлар Маданият саройи майдонида “Биз адолат тарафдоримиз!” шиори остида маданий-кўнгилочар тадбир ўтказилди.

Унда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Сайловчилар билан  ўзига  хос, янгича мулоқот ўтказишга бағишланган тадбирда йиғилганларга “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаров  партиянинг амалий ишлари, эришаётган натижалари ҳақида  тўхталиб ўтди.  Хусусан,  мамлакатимиз катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турганини таъкидлаб, партиянинг янги сайловолди дастурида белгилган устувор мақсадларини ҳаётий мисоллар воситасида тушунтириб берди. Шунингдек, кенг жамоатчилик ўртасида партиямиз ғояларининг мазмун-моҳиятини ёйиш ҳамда аҳолининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга йиғилганлар эътиборини қаратди. Эътиборга молик томони ҳудудда таниқли санъаткорларнинг аҳоли ўртасида партиянинг ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб этиш, юксалтириш руҳидаги чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди.

Ҳозирда юртдошларимиз катта сиёсий воқеа арафасида турибди.  Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тобора оз фурсат қолмоқда, - деди ўз сўзида Ўзбекистон партиянинг  Чирчиқ  шаҳар  Кенгаши  раиси Равшан Дастиров - Бу сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, халқимиз, айниқса  аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этувчи ёшларнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар йўлини очиб беради, десак муболаға бўлмайди. Боиси, бугунги кунда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол – жисмонан соғлом, ақлан етук, замонавий  билим ва касб-ҳунарга  эга, айни пайтда, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал жиҳатдан салоҳиятли ёш авлодни вояга етказишдек устувор мақсадга қаратилган.

Тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари томонидан қайд этилганидек, “Адолат” СДП ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги, барчанинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини мужассам этадиган ғояларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар янада инсонпарвар ва ижтимоий хусусият касб этишида фаол иштирок этади. Аҳамиятлиси, партия дастурида асосий эътибор  аҳолига қулайликлар яратиш ва фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Хусусан, суд тизимини янада такомиллаштириш мақсадида турли йўналишларга бўлинган судларни умумлаштириш, суд тизимини комплекс ривожлантириш, судлар фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш,  улар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишдан иборат.

Чирчиқ шаҳрида ўтказилган митинг иштирокчилари партиянинг тарғибот материаллари, шиорларига катта қизиқиш билдирдилар. Самимий мулоқот давомида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга партия фаоллари томонидан аниқ ва батафсил жавоб олдилар. Мазкур тарғибот-ташвиқот тадбири маданий-кўнгилочар акциялар тарзида уюштирилгани партиянинг танилувчанлигини янада ошириб, партия томонидан илгари сурилаётган ғояларни кенг жамоатчиликка етказиш,  аҳоли билан  самимий ва ишончли мулоқот ўрнатишга хизмат қилди.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат”  СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+