Боғча болалари ҳам онлайн машғулотлар билан банд

13.04.2020 18:04:41

 

Мана бир неча ойдирки, коронавирус пандемияси жаҳоннинг турли мамлакатларида одамзодни қақшатиб, турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборди. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам мазкур офатнинг халққа таъсирини юмшатиш, ватандошларимиз учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида катта ғамхўрлик қилинмоқда. Амалга оширилаётган тадбирлар тез орада натижа бериб, манфур хасталик батамом чекинса, ажаб эмас.

Наманган шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотлари педагогик жамоалари ҳам ана шу мақсадни кўзлаб, тарбияланувчиларнинг таътилларини мазмунли ва фойдали ўтказишлари учун шарт-шароит яратмоқдалар. Карантин тартибларига амал қилган ҳолда таълим-тарбия ишларини йўлга қўйишга киришилган. Шу кун талабларидан келиб чиқиб, тарбиячилар кунлик режа асосида онлайн машғулотлар ўтмоқдалар. Бунда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Айни вақтда болаларнинг ота-оналари билан ҳам кўпроқ мулоқот қилиш имконияти вужудга келди. Кичкинтойлар сабоқларни қандай ўзлаштирганини баҳолашда уларнинг фикрлари ҳам ҳисобга олинмоқда.  Шу билан бирга ҳар куни болалар билан мулоқотда шахсий гигиенага риоя қилиш, қўлларини тез-тез совунлаб ювиш зарурлиги  уқтириляпти. Мана шундай эл бошига иш тушган даврда бирдамлик, ҳамжиҳатлик билан синовли кунларни енгишимиз, барча карантин қоидаларига амал қилишимиз катта аҳамият касб этиши ҳам кенг тарғиб қилинмоқда.

Мактабгача таълим тизими ходимларининг асосий мақсади – ёш авлод вакилларига таълим-тарбия беришда узилиш бўлмаслигини таъминлаш. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тақдим этган бир қатор лойиҳалардан ҳам фойдаланилмоқда.  Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ёрдамида тайёрланган “Онлайн болалар боғчаси” дастури доирасидаги “Илк қадам” ва “Ақлвой” таълим лойиҳалари шулар жумласидандир.

- Масофавий таълим туфайли  тарбияланувчилар уйда ўтириб ҳам боғча опалари, жажжи дўстларининг қувноқ даврасини ҳис қилмоқдалар, - дейди Наманган шаҳридаги 6-мактабгача таълим ташкилоти мудираси Зулфия Нажмиддинова. - Атроф-оламни ўрганиш, расм чизиш, таълим олиш, бадантарбия ҳамда чиниқиш, нутқ, мантиқий қобилиятларини ривожлантириш машғулотлари кичкинтойларда катта таассурот қолдирмоқда. Бу ишларда тажрибали мураббияларимиз Альфия Очилова, Донохон Ҳасанова, СожидаТурсуноваларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+