Бой берилган умр, тўкилган қонлар эвази...

05.09.2019 16:09:08

Мустақиллик – улуғ неъмат. Унинг қадрини фақат мустақил бўлгунга қадар ўз бошидан не-не машақатларни кечирган халқ билади. Ўтмишда рутубатли кунларни бошидан кечирган она Ватанимиз асрлар силсиласидан омон ўтиб, мустақилликнинг тотли дамларига ҳам етиб келди. Мустақил бўлганимизга гарчи  ҳали кўп фурсат бўлмаган бўлса-да, ўтган 28 йил ичида мамлакатимизда оламшумул ишлар амалга оширилди. Ҳар бир жабҳада кенг ислоҳотлар олиб борилиб, уларнинг кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Давлатимиз халққа ҳар томонлама кўмак бериб, йўл кўрсатиб келмоқда. Ислоҳотлар бошида туриб, юртимизни жаҳоннинг кўзга кўринган мамлакатлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашига ҳаракат қилиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев Мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида айнан юқоридаги фикрларни таъкидлаб ўтгани ҳолда шу азиз кунларга етиб келишимизда аввало, халқимизнинг фидокорона мехнатлари ётганлигини мисоллар билан келтириб ўтдилар.  Ҳозирги ҳаётимиз, фаровон турмуш тарзимиз, ўзгаларга қарам бўлмай эркин яшашимизни бир пайтлар ота-боболаримиз, момоларимиз орзу қилишган. Ўз эрки йўлида қанчадан-қанча ёвларга қарши чиқиб, мустақиллиги учун тенгсиз курашлар олиб борган. Ушбу мустақиллигимизга эришишимизда  ҳам асли ўтган буюк аждодларимизнинг бой берилган умри, тўкилган қонларининг мехнати ётибди.

Бугун биз қайга қўлини узатса етадиган халқмиз. Жаҳон саҳнасида ўзбек деган номимизни баралла айта оламиз. Ҳурлик ва озодлик байроғи ўз қўлимизда! Кундузимиз ёруғ, кечамиз тинч ва осуда. Фарзандларимиз бағримизда униб-ўсиб камолга етмоқда. Халқимиз фаровон, турмушимиздан кўнглимиз тўқ. Бир юрт, эл-у халқ орзу қиладиган неки бўлса барчаси бизда мужассам. Шундай экан, биз ўзимизни тўлақонли бахтли халқмиз, дея айта оламиз. Шу юртда туғилиб, яшаётганлигимиздан фаҳр ҳиссини туя оламиз.

Мустақиллигимиз бардавом бўлаверсин, юртимиз гуллаб-яшнайверсин!

Дилшунос АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Гулистон шаҳар

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+