Бола тарбияси учун нафақа тўлаш тартиби қанчалик адолатли?

09.12.2019 17:12:03

Фарзанд кўриш, фарзандли бўлиш аксарият инсон учун ҳаётдаги асосий мақсадлардан биридир. Чунки, фарзанд ҳаётнинг, тирикликнинг давомчисидир. Айниқса биз учун. Сабаби, биз жуда болажон халқмиз. Ўзимиздан кечиб бўлса ҳам боламиз учун елиб югурамиз.

Ҳаммамиз биламиз, ҳомиладорликдан бошлаб фарзанди туғилгунча бўладиган машаққатлар, фарзанд туғилгандан кейин унинг парвариши асосан оналар зиммасида бўлаяпти. Албатта, бу иш ҳеч бир онага малол келган эмас. Малол келмайди ҳам. Қолаверса қонунларимизда ҳомиладор аёлларга таътил бериш, фарзанд туғилганидан кейин бола парвариши учун нафақа тўлаш каби имкониятлар белгиланган. Аммо, бу тартиблар менинг наздимда  тўла адолатли бўлмаяпти, бунинг ортидан бола парвариш қилаётган аёлларнинг аксарияти қийналиб қолаяпти.

Биринчи адолатсизлик – бу эгизаклар туғилганда оналарга бола парвариши учун тўланадиган нафақа билан боғлиқ тартиб. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралда чиқарилган 44-сонли қарорида белгиланган тартибга кўра “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби ҳақида”ги низомга мувофиқ, бола парвариши учун оналарга тўланадиган нафақа пули, болалар неча нафар эгиз туғилса ҳам бир хил миқдорда ажратилади. Ўша низомда “Болани парвариш қилиш нафақаси ҳар ойда белгиланган энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида тўланади. Туғилган болалар сони унинг миқдорига таъсир ўтказмайди – икки, уч нафар бола парвариш қилинганда ҳам аёл ўша ЭКИҲнинг икки баравар миқдорини олаверади”, деб ёзиб қўйилган(https://gazeta.norma.uz/publish/doc/text118150_nafaqalar_turlari_tulash_shartlari_hisoblash_tartibi).

Бу тартибнинг адолатсизлиги шундаки, агар оилада икки-уч нафар эгизак туғилса уларга болалар озуқаси, тагликлар, кийим-кечак учун сарфланадиган маблағ бир неча баравар ошиб кетади ва уларни парвариш қилаётган она ЭКИҲнинг икки баравари миқдоридаги нафақани икки-уч нафар эгизакни парвариш қилиш учун етказа олмайди.

Шу учун ҳам икки-уч нафар эгизаклар туғилганда бола парвариши учун тўланадиган нафақани уларнинг сонига қараб, мисол учун, икки нафар эгизак туғилса ЭКИҲнинг тўрт баравари, уч нафар эгизак туғилса ЭКИҲнинг олти баравари миқдорида ажратилса, адолатли иш қилинган бўлади.

Бугунги тартиб, неча нафар бола туғилса ҳам уларнинг парвариши учун бир хил миқдорда нафақа пули тўланиши - бу умуман адолатсиз иш. Тегишли ташкилотлар шу низомни ҳам, дахлдор қонунларни ҳам қайта кўриб чиқиши лозим ва бола парвариши учун тўланадиган нафақани эгизаклар неча нафар туғилишидан қатъий назар болаларнинг ҳар бирига ҳисоблаб тўланиши лозим.

Чунки кўряпмиз – эгизаклар туғилганда уларнинг парвариши ҳар қандай оилани шошириб қўйяпти. Шундай экан, эгизаклар туғилганда уларнинг сонига ҳисоблаб нафақа ажратилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Айнан фарзанд туғилиши билан боғлиқ иккинчи адолатсизлик шуки, ҳозир юртимизда туғилаётган уч нафар эгизакка қаерлардадир ҳокимлар томонидан “Президент совғаси” сифатида автомобиль бериляпти. Яна қаерлардадир туғилган эгизаклар эса озуқага пул топа олмаяпти. Шундай экан, энди бизга уч нафар ва ундан ортиқ эгизаклар туғилганда ҳаммасига бирдай ёрдам кўрсатиладиган тартиб керак. Ҳозир болалар нафақасини олиш учун ота-оналарга маълум бир шартлар қўйилади. Қандайдир ҳужжатлар талаб қилинади.

Масалан, агар оиланинг ўртача даромади бола тарбияси учун нафақа берилиши учун етарли бўлмаса, ҳатто уч нафар эгизак туққан онага ҳам болалар парвариши учун нафақа берилмайди. Аммо, кўраяпмиз, ўртаҳол оилаларда ҳам уч нафар ёки ундан ортиқ эгизак туғилса ўша оила болалар парвариши учун болалар озуқаси, тагликлар ва кийим-кечак учун маблағ топа олмай қолиш ҳолатлари бўлаяпти. Шу учун уч нафар ва ундан ошиқ туғилган эгизаклар учун ўша талаблар бекор қилиниши лозим. Ана шунда мамлакат бўйлаб уч нафар ва ундан ортиқ туғиладиган эгизакларга бир хил муносабат қилинган бўлади. Ҳозирги ҳолат ҳам, эгизакларга муносабат ҳам жуда тушунарсиз ва адолатсиз бўлиб қоляпти.

Ғайрат ЙЎЛДОШ,

“Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+