Болалар депутат қўлидан совға олди

02.06.2020 14:06:56

Асримизнинг энг катта офатига айланиб улгурган коронавирус пандемияси жамият ҳаётининг биронта жабҳасига таъсир ўтказмай қолмади. Хусусан, таълим соҳасини олсак, боғчадан тортиб мактаб, коллеж, олий ўқув юртларигача, ҳамма ерда янги тартиблар жорий этилди. Масофадан туриб ўтказилаётган машғулотлар таълим-тарбия жараёнининг узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ҳатто “сўнгги қўнғироқ” садоси барчамизга виртуал кенгликлар орқали етиб келди.

Ҳар йили анъанавий кенг нишонлаб келинаётган “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” ҳам карантин шароитида ўзига хос тарзда ўтди. Давлат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари, бутун халқимиз  пандемия вақтида кичкинтойлар катта қийинчиликларга дуч келаётганликларини сезиб турибдилар. Айниқса, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозимлиги яққол кўзга ташланмоқда.

Мен туманимиздаги 19-мактабда директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлайман. Халқ депутатлари туман кенгашига 4-Бирлашган сайлов округидан “Адолат” СДП вакили сифатида  депутат бўлиб сайланганман.  Педагог ва депутат сифатида ўз фаолиятимни шу кунларда замон талаби асосида ташкил этишга ҳаракат қилмоқдаман. Бунда Ўзбекистон “Адолат” СДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси  Раҳимжон Тошматов ва бошқа кўплаб партиядошларимиз катта ёрдам кўрсатмоқдалар.

Май ойининг сўнгги ҳафтасида улар билан сайлов округим ҳудудидаги маҳаллаларда бўлдик. Кўпроқ мактаб ва боғча ёшидаги болалар ҳаёти билан қизиқдик. Уларнинг кўнглини кўтариб, ўқишга ва меҳнатга рағбатини оширдик. Улашган совға-саломларимиз орасида ширинликлар, ўйинчоқлар қатори китоблар ҳам бор эди. Адабиётлар болаларнинг ёшига мос бўлишига алоҳида эътибор бердик. Бундан ота-оналар ҳам ниҳоятда хурсанд бўлдилар.

Шу ўринда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этаётган сафдошларимиз мунтазам равишда жойларда бўлиб, аҳолининг талаб-истакларини ўрганаётганликларини айтиб ўтиш лозим. Эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, айниқса, болаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларда билим олишга рағбатни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Инсоният ҳамиша яхши умидлар оғушида яшайди. Ўйлаймизки, бу машаққатли кунлар  тезда ўтиб кетади. Ҳаёт ўз изига тушади, ўғил-қизларимиз боғча ва мактаблар бағрига қайтади. Шунда ҳамма қийинчиликлар унут бўлиб кетади, байрамлар яна кенг нишонланадиган бўлади.

Гулчеҳра УСМОНОВА,

Халқ депутатлари

Янгиқўрғон туман кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+