Болалар ногиронлик гуруҳига чиқишида амалий ёрдам берилди

26.07.2020 10:07:17

Айни кунлардаги пандемия шароитида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда депутатларимиз халқнинг ишончини оқлаш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида жойларда аҳоли билан мулоқотлар олиб бормоқда.

Хусусан, Халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати Муборак Мамадалиева ҳам ўз сайлов округида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлди, сайловчилар муаммоларини ижобий ҳал қилишга астойдил ҳаракат қилди.

Халқ вакили партия вилоят кенгаши ходимлари билан биргаликда тумандаги чекка қишлоқлардан бири – “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.

Туман марказидан 25 километр олисда жойлашган мазкур ҳудудда 2000 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Юзма юз мулоқотларда маҳалладаги хотин-қизларнинг тиббий кўрикка эҳтиёжи борлиги аниқланди ва депутат ташаббуси билан қишлоқ врачлик пунктида туман тиббиёт бирлашмаси кўмагида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

Унда 100 дан ортиқ аёллар ва болалар ўз саломатликларини назоратдан ўтказдилар.

– Президентимиз айтганларидек, депутат халқ дарди билан яшаши керак. Шу мақсадда бугун туманимизнинг чекка  ҳудуди аҳолиси дардига қулоқ тутдик, – дейди депутат М. Мамадалиева. –Аввалги учрашувларимизда ҳам сайловчилар хотин-қизлар учун тиббий кўрик ташкил этишда ёрдам сўрашганди. Мана мурожаатга асосан аёллар саломатлиги текширувдан ўтказилди. Шунингдек, тиббий кўрик давомида эмлаш ишлари ҳам олиб борилиб,  кичик ёшдаги 34 та бола эмланди . Яна шунингдек, маҳаллада яшовчи ёлғиз она Ё.Шермаматованинг фарзанди ногиронлиги туфайли қайта тиббий кўрикдан ўтказилиб, ногиронлик гуруҳига чиқишида амалий ёрдам берилди. Маҳаллаанинг яна бир фуқароси С.Ризаеванинг  фарзандини ҳам шу тарзда ногиронлик гуруҳига чиқишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+