“Боёвутликлар билан ҳамиша биргаман!”

11.07.2020 16:07:54

  -Сайловчиларнинг менга билдирган ишончини оқлаш учун ҳамиша улар билан ҳаммаслак бўлишим зарур бўлади. Чунки бугунги куннинг депутати халқнинг ичига кириб борар экан, унга депутат қабулхонаси ҳам керак бўлмайди, - дейди ўзига бириктирилган депутатлик вазифаси ҳақида Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Дилшунос Абдуллаева.

    У Боёвут туманининг “Жўлангар”, “Сармич” ва “Навоий” маҳаллаларидан иборат сайлов округидан халқ вакили сифатида сайланган вилоят Кенгашидаги  ёш депутатлардан бири ҳисобланади.  Сайланган округи катта ҳудуд бўлишига қарамай, депутат ҳамиша сайловчиларининг ҳузурига шошади, улар учун нималардир қилгиси келади.  Агар ҳаётий мисоллар билан далиллайдиган бўлсак, шу кунгача сайлов окургидаги учала маҳаллада 50 га яқин тадбирларни ташкил қилди, партиянинг кўплаб лойиҳаларини ҳам шу ҳудудда ўтказди. Ҳар байрамда маҳалладаги онахонлар, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар холидан хабар олиш вазифаси ҳам депутатнинг иш режасидан ўрин олган. Фуқаролик паспортини расмийлаштириш, ишга жойлаштириш, МТТга фарзандини навбатга қўйишдаги масалалар бўйича аёлларнинг  қилган мурожаатлари ўз вақтида депутатлик сўровларига асос бўлмоқда.

  • Депутат қизим байрамларда келиб холимдан хабар олади, совғалар беради. Нима ёрдам керак бўлса бемалол айтамиз, хал қилиб беради. Кеча келганида ҳам 23 ёшли набирам Турсунбек Назаралиевга ногиронлиги сабабли аравача сўрадим, керакли ташкилотга бориб яқин кунларда олиб келишга ваъда берди, - дейди 86 ёшли Иноят Файзуллаева.

Депутат билан суҳбатимиз эса аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш ва бўш иш ўринларини яратиш масаласига бориб етганида ҳудуд аҳолисини меҳнатсевар халқ эканлигини билиб олдик. 500 та хонадонда иссиқхоналар ташкил қилиниб, томорқалар намунали тарзда парваришланаётгани сабаб аҳоли иш билан бандлигини, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиш асосий машғулотлари эканлигини билиб олдик.

- Шу ўринда статистик маълумотларни келтириб ўтсам. Вилоят аҳолиси 849,7 минг кишидан иборат бўлиб, шундан қишлоқ аҳолиси сони 487,1 минг кишини ташкил қилмоқда. Масалан мен сайланган округ ҳудудини ташкил қилувчи Боёвут туманидаги “Навоий”, “Жўлангар”, “Сармич” маҳаллари асосан қишлоқ жойлари ҳисобланади ва аҳолининг даромад манбаи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан иборат. Яъни, мингга яқин хонадонларда томорқага мавсумий  экинларни экиш ва парваришлаш орқали аҳоли яхшигина даромад олмоқда. Энг муҳими пандемия шаротида аҳоли бирламчи, яъни рўзғор учун зарур бўладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини-ўзи таъминламоқда, иш ўрни билан ҳам банд. Ҳатто кундалик эҳтиёжидан орттириб, ҳудудий бозорни ҳам таъминлаётган оилалар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Албатта, бундай дастлабки натижаларга осонликча эришилгани йўқ. Шу ўринда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан эълон қилинган “Томорқадан фойда ол ва уйда қол!” акциясини эътироф этиш жоиз бўлади. Натижада 600 га яқин тарғибот тадбирлари томорқадан унумли фойдаланишга аҳолини ундаш масаласида ўтказилди. Боёвут туманидаги мазкур тарғибот тадбирларимиз самараси депутатлар назоратига олинди. Мен билан биргаликда ишчи гуруҳи таркибида фаоллик кўрсатган туман Кенгаши депутатлари Фурқат Асланов, Муҳиддин Сайфутддиновларнинг тарғибот тадбирлари амалий натижа кўрсатди. Яъни, тумандаги 50 га яқин хонадонлар намунаси сабаб томорқачиликнинг ўзига хос мактаби яратилди. Бу акциямиз давом этмоқда албатта, - дейди Дилшунос Абдуллаева фикрларимизни асослаб.

   Шунингдек  мунтазам ўтказиб келинаётган тиббий кўрикларда худуднинг 600дан ортиқ хотин-қизлари, 50 нафар қариялар ва 300 нафар болаларнинг саломатлиги назоратга олинди. “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси билан ҳамкорликдаги мазкур тиббий кўрикларда бепул дори-дармонлар тарқатилгани қишлоқ аҳолиси учун қулайлик бўлди. Шунингдек,  карантин даврида ҳам боёвутликларга елкадош бўлиб келаётган депутат  июн ойида навбатдаги тиббий кўрикни ташкил қилди. Унда 60 нафар қишлоқ аҳолисига карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда тиббий маслаҳаталар берилиб, пандемия даврида ас қотадиган дезинфекция воситалари ва дори-дармонларни тарқатиб, аҳолини уйда қолишга ундади. Зеро, инсон саломатлиги энг асосий вазифа ҳисобланган ва коронавирус  соғлигимизга тахдид қилиб турган бир даврда аҳолида ўз ўзини ҳимоялаш, фойдали машғулот билан банд қилишга эришиш депутатлардан ҳам огоҳ бўлишни тақозо этмоқда.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+