Бу йилги сайловлар нимаси билан фарқ қилади?

20.09.2019 12:09:49

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сурхондарё вилояти кенгаши ҳамда Термиз туман Кенгаши томонидан Термиз туманидаги “Айротом” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 24-ўрта умумтаълим мактабидаги бошланғич партия ташкилотида “Очиқ, ошкора, эркин сайловлар – демократик янгиланиш ва ислоҳотлар кўзгуси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Кенг жамоатчилик ўртасида сиёсий билимларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши ҳамда Термиз тумани Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, МФЙ фаоллари, маҳалла фуқаролари, БПТ аъзолари ва мактаб ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирни халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Мўмин Раҳмонов очиб берди ва тадбирдан кўзланган асосий мақсад билан иштирокчиларни таништириб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларнинг очиқ, ошкора ва шаффоф ўтишини таъминлаш ва бу борада сайлов жараёнига пухта ҳозирлик кўрилаётганлиги, жумладан, партия фаолларининг сайловга оид ҳуқуқий билимлар, сайлов кодекси, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ҳамда сиёсий партияларнинг сайлов кампаниясидаги иштироки хусусида маърузалар қилишди.

– Давра суҳбатида сайлов билан боғлиқ бўлган сиёсий жараёнлар ҳақидаги билимимизни янада оширдик, – дейди БПТ етакчиси Турғун Ниязов – Бу йилги сайловлар ҳар қачонгидан кўра тубдан фарқ қилади. Сайловчиларимиз сиёсий билим ва дунёқарашга, теран онгу тафаккурга эга. Ишонамизки, фуқароларимиз сайловларда ўз хоҳиш-иродасини билдириб,  фаол иштирок этишади.

Айтиш жоизки, айни пайтда сайлов тизимининг такомиллаштирилаётгани мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган демократик ўзгаришларнинг таркибий қисми бўлиб, мамлакатимизнинг жадал суръатлар билан тараққий этиб бораётганини билдиради. Янги шароитлар сайлов жараёнларини янада демократлаштириш зарурлигини тақозо этади.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг дунёқараши ва онгу тафаккури ўзгариб, сиёсий ва фуқаролик фаоллиги, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ортиб бораётгани ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг муҳим самараларидан биридир. Конституциявий-ҳуқуқий институтларнинг негизини сайлов ҳуқуқи институти ташкил этади.

Тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар берилди.

 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+