Бугун қуруқ гаплар ёки осмонўпар ғоялар билан сайловчилар ишончи қозонилмайди

13.09.2019 17:09:10

Бугун сайловчилар ишончини қозониш осон иш эмас. Бунинг учун сиёсий партия халқ олдига, шунчаки қуруқ гаплар ёки осмонўпар ғоялар билан эмас, аниқ конкрет вазифалар, халқни ўйлантираётган муаммоларга ечимлар билан чиқиши лозим. Партиянинг дастурий ҳужжатлари ҳам шундан келиб чиққан ҳолда шакллантирилиши лозим. Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳудудларда, бошланғич партия ташкилотларида, маҳаллаларда Сайловолди дастури лойиҳасини кенг муҳокамадан ўтказмоқда.

Бугун Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан ҳамкорликда сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган қўшма йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, депутатлар, фаоллар ҳамда экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Бугунги кунда партия сайловолди дастури лойиҳаси 3000 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотларида кенг муҳокамадан ўтказилди. Шунингдек, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда “Менда таклиф бор” (#MendaTaklifBor) хештеги асосида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг фикрлари олинди. Ўтган давр мобайнида ҳар икки йўналишда партия экспертлар гуруҳига мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. Мазкур таклифлар экспертлар томонидан умумлаштирилиб, муҳокамага қўйилган сайловолди дастури лойиҳасида ўз аксини топгани қайд этилди.

Муҳокамалар жараёнида Дастур лойиҳасининг суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, таълим ва илм-фан сингари устувор йўналишларига эътибор қаратилди.

Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, жойларда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармонларнинг ноқонуний айланиши устидан партиянинг қатъий позицияни билдириш, таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиш белгиланди.

Таълим соҳаси экспертлари томонидан мамлакат аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этаётган шароитда, уларнинг атиги 10 фоизигина олий таълим муассасаларига қамраб олинаётганлиги қайд этилди. Олийгоҳларга қабул квотасининг камлиги, тест саволларидаги айрим мураккабликлар боис айрим ёшларимиз хорижий давлатларда таълим олишни маъқул кўрмоқдалар. Бундан ташқари, ўқишга киришнинг мураккаблиги оқибатида коррупция авж олмоқда. Шуни инобатга олиб, ўз дастурида таълим соҳасини устувор деб билган “Адолат” СДП олий таълим қабулидаги квотани бекор қилиш тарафдори эканлиги алоҳида таъкидланди.

Сўзга чиққанлар томонидан коррупцияга қарши кураш масаласи ҳам партия дастурининг асосий йўналиши бўлиши лозимлиги билдирилди. Чунки, мазкур соҳада амалга оширилган ишларга қарамай халқаро индексларда мамлакатимиз рейтинги ўта пастлигича қолмоқда. Ушбу кўрсаткични ижобий томонга ўзгартириш мақсадида партиянинг парламентдаги фракцияси изчил ўрганишлар олиб бориб, аниқ натижаларга эришиши устувор вазифа эканлиги қайд этилди.

Бунинг учун партия мутасадди идоралар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши кураш, жамиятда ушбу иллатга нисбатан мутлақо тоқатсизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқишни ўз дастурида белгилаши лозимлиги эътироф этилди.

Муҳокамалар жараёнида жамият ва давлат ҳаётида адолат тамойилини жорий этиш партия дастурининг устувор ғояси бўлиб қолиши лозимлиги билдирилди.  Бунинг учун партия аҳоли орасига кенг кириб бориш, уларни ўйлантираётган масалаларни, мазкур соҳадаги муаммоларни биргаликда ҳал этиши лозим бўлади. Бундан ташқари партия экспертлари томонидан турли йўналишларга бўлинган судларни умумлаштириш таклифи билдирилди.

Бунда фуқаролик, жиноий, маъмурий, иқтисодий ишлар бўйича ҳудудий судларини бирлаштириш орқали битта маъмурий ҳудудда ягона суд идорасини ташкил этилади.

Қизғин баҳс-мунозаралар, тортишувлар ва амалий таклифларга бой бўлган учрашувда билдирилган таклифлар инобатга олиниши таъкидланди. Учрашувларда билдирилган кўп сонли фикрлар асосида партиянинг мамлакат келажагига даҳлдор Сайловолди дастурини янада такомиллаштириши, унда декларатив мазмундаги жумлалардан бутунлай воз кечиб, содда, тушунарли халқона тарзда шакллантириш учун уни жойларда танқидий муҳокамадан ўтказишни давом эттириш белгиланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+