Бугунги кун аёлининг тимсоли ромитанлик партиядошлар тасаввурида

10.02.2020 18:02:18

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 25 йиллиги муносабати билан партиянинг Ромитан туман Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси остида “Оилада аёлнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда партия ходимлари, депутатлар, фаоллар, соҳа мутахассислари ҳамда хотин-қизлар иштирок этишди.

Партиянинг сайловолди дастурида жамиятда аёлларнинг ўрни ва ролини ошириш, уларнинг сиёсий фаоллигини шакллантириш ҳамда уларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилган. Тадбирда партиянинг айни мана шу аниқ таклиф ва тавсиялар қайд этилган сайловолди дастур моҳияти билан бошлаган Халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши депутати Олима Исломова бугунги кун аёлининг тимсоли ҳақида ҳам фикр юритди.

-Оилада аёл эътиборли бўлса жамият ҳам шунга қараб ўсади, - деди депутат - бугунги кун аёли ҳар томонлама мукаммал ва соғлом фикрлайдиган бўлиши лозим. У ҳар бир соҳада фаол, энг яхши она, рафиқа ва келин бўлиши даркор. Жамиятнинг мустаҳкам пойдевори оила бўлса, аёл шу оиланинг бунёдкоридир, - дея алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, туманда аёлларнинг бандлигини таъминлаш, улар орасида жиноятчиликнинг олди олиниши, фаоллигини ошириш, тиббий маданиятини шакллантириш ҳамда бу борада ташкил этилаётган тиббий кўриклар хусусида ҳам тўхталди.

-Бугунги давра суҳбати бизга ҳар томонлама сабоқ бўлди. Қисқа қилиб айтганда, ҳаёт мактабида қандай фаолият олиб бориш масалалари тўғрисида ўргатди. Дастлаб партия сайловолди дастурида аёлларга қаратилган эътибор тўғрисидаги маълумотлар асосида сиёсий билимимизни оширган бўлсак, депутат фикри орқали эса бугунги кун аёлининг тимсолини кўра олдик. Партия ташаббуси билан бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши барча аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини оширишга хизмат қилади, - дейди тадбир иштирокчиларидан бири Нигина Темирова.

Давра суҳбати давомида тиббиёт ходимлари ҳам сўзга чиқиб, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш масалалари хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Тадбир иштирокчилари томонидан берилган саволларга барча соҳа мутахассислари тўлиқ ва батафсил жавоб беришди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

         Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати     ­­­­ 

­­­­ 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+