Бугунги сайлов аввалгиларидан фарқ қилмоқда

22.12.2019 18:12:32

Шўрчи туманидаги Тиббиёт коллежида жойлашган 82-Шўрчи сайлов округига қарашли 463-сайлов участкасида сайловлар юқори савияда ўтказилмоқда. Сайлов участкаси участка харитаси, зарур мебель, офис техника воситалари, яъни телефон, принтер, интернетга уланган ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш имкониятига эга комьпютерлар, сейф, канцелярия товарлари, ёнғинга қарши воситалар билан таъминланган. 

Кузатувчилар учун алоҳида жойлар ҳозирланган. Плакатлар, сайлов қутиси, барча номзодларнинг Марказий сайлов комиссияси, вилоят, шаҳар, туман сайлов комиссиялари томонидан нашр қилинган таржимаи ҳоли ва дастури, сайловчиларнинг тартиб билан тизилган рўйхати, тиббиёт хонаси, яширин овоз бериш учун кабиналар — барча-барчаси тайёргарликнинг савияси бурунги сайловлардан сезиларли даражада ортганини кўрсатиб турибди. 

– Бизнинг ёшдаги одамларда бир неча сайловларни солиштириб кўриш имкони бор, – дейди кекса фахрийлардан бири Абдураҳим Сатторов. – Аввалгилари билан таққосласак, катта фарқ сезилиб турибди. Бу олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишларида ҳам, сайлов участкасида овоз бериш жараёнларига кўрилган тайёргарликда ҳам намоён бўлмоқда. Сайлов кодекси қабул қилиниши нақадар ҳаётий зарурат бўлганини бугун сайлов чоғида овоз бериш учун келаётган одамларнинг кайфиятидан чуқур ҳис қилдим.  Участкада овоз бериш жараёни юқори савияда ташкил қилинибди. Ҳеч қандай оворагарчиликсиз ўзим танлаган номзодларга овоз бердим. 

Мазкур участкада 2 минг нафар зиёд сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, ўзи танлаган номзодларга овоз бермоқда. Қўшни Оқкамар, Култепа қишлоқлари аҳолиси ҳам шу ерда овоз беришда иштирок этмоқда. Комиссия раисининг маълум қилишича, қишлоқлар орасидаги масофа бир неча километрни ташкил этса-да, йўл билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Чунки икки қишлоқ орасида транспорт қатнови йўлга қўйилди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+