Бугуннинг қахрамонлари ёки ўз ҳаловатидан кечганлар

22.10.2020 11:10:55

Андижон шаҳри касалхонасининг коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашга ажратилган ҳудуди шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам ташвишли. “Тез ёрдам” машинаси кимнидир юқори иситма билан олиб келса, кимдир нафас ололмай изтиробда. Шундайлар борки, тезкорлик билан реанимацияга ётқизилиши керак.

Шифокорларда тиним йўқ. Улар кунмга 3 марта алмашадилар. Саккиз соат давомида махсус кийимларни, кўзойнакларни, қўлларни, оёғидаги резина этикларни ечмайди. Шу вақт давомида овқат истеъмол қилиш, ҳожатга бориш ҳам мумкин эмас. Чунки ҳимоя воситалари очилса, вирус дарҳол ёпишади. Шифокорлар ҳар бир беморнинг ҳолатидан воқиф бўлишиб, дарҳол ёрдам кўрсатиш ҳаракатида юрадилар, ҳамширалар кунига уч маҳал даволаш муолажаларини амалга оширсалар, санитарлар ҳар бир жой гигиена талаблари даражасида бўлишга эришмоқдалар. Махсус кийимлар ортида шифокорларни бир-бирларидан ажратиш қийин.

Лениза Даутова ,шифокор:

 Пульмонологман. Мени мазкур касалхонада ишлашга таклиф этишди. Ишимиз оғир, вазифамизни ёмон бажармаяпмиз.

Зулхумор Турғунова,терапевт:

 Оғир бемор соғайиб, бизга миннатдорлигини билдириб, оиласига, иш жойига қайтганда бутун чарчоғимиз ёзилиб кетгандай бўлади. Соғайиб кетаётганларнинг кўпчилиги бизни руҳан тетиклаштиряпти, ўзимизга бўлган ишончни оширяпти. Касалхонамизда ишлаётганларнинг биронтасини алоҳида кўрсатишни хоҳламаган бўлардим. Чунки бутун жамоа енг шимариб меҳнат қилмоқда.

Шунга қарамай, тождор вирус сурункали касалликлари бор, айниқса, кекса ёшдаги нуронийлар, момоларимизни орамиздан олиб кетаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Палаталардан бирида ётган 66 ёшли Иброҳимжон ота Музаффаровнинг дарди оғир. У умр йўлдоши Рафиқахон билан Covid-2019 туфайли касалхонага келтирилган эди. 65 ёшли муштипар она юрак хасталиги борлиги сабаб касалликни кўтара олмади. Иброҳимжон отанинг аҳволи яхшилиниб боряпти. Шифо топишига шубҳа йўқ. Аммо 46 йил бирга умр кечириб, 2 қиз, 3 ўғилни вояга етказган, шириндан шакар набира ва чеваралар даврасида умргузаронлик қилаётган умр йўлдошидан айрилиш отага нақадар уқубат бераётганини бир кўришда сезасиз.

Бугун кўчаларда, бозорларда турли маросимлар, тўйларда, жамоат жойларида вирусни юқтириб олишдан қўрқмай, нописанда юрган одамларни учратишга одатланиб қолдик. Коронавируснинг оғири ҳам, енгили ҳам ўта хавфли эканлигини яхши англаб етмаяпмиз. Айниқса, унинг енгил тури билан оғирганлар ўзини бошқалардан айирмай, жамоат жойлари, савдо дўконлари, бозорларда мана шу касалликка ўнлаб кишиларнинг йўлиқишига сабабчи бўлишяпти.

Бутун дунёни таҳликага солган коронавирусга нописанда қарамайлик, юрган йўлимизда ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам авайлайлик. Бу  шу куннинг фалсафаси, мантиғи, соғлом фикри.

Тўлқин СИДДИҚ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

 вилояти Кенгаши  фахрийси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+