Бухоро туман Кенгаши ўрнак кўрсата оляптими?

23.10.2019 17:10:58

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгашининг VIII ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда партия ходимлари, депутатлар, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят партия ташкилотининг ҳисобот даврида партиянинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат ҳар бир инсон учун” деб номланган сайловолди дастури ижросини таъминлашдаги фаолияти, Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг 2015-2019 йилларда амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи, партиянинг янги таҳриридаги Устави ва Дастури лойиҳаларига таклифлар, юқори партия ташкилоти ҳисобот-сайлов конференциясига делегатларни сайлаш, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят ташкилотидан халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашига номзодларни кўрсатиш ваколатини Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши Пленумига бериш тўғрисида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят партия ташкилоти назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботи тингланди.

Сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов конференция давомида партия туман ва шаҳар Кенгашининг олиб борган беш йиллик фаолияти ҳамда депутатларнинг аҳоли томонидан билдирилган муаммоларга эътибори танқидий жиҳатдан таҳлил қилинди. Хусусан, партиянинг Пешкў, Қоровулбозор, Ғиждувон, Бухоро туман Кенгашида бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги, фаолиятга масъулият билан ёндашилмаганлиги, кадрларнинг эътиборсизлиги танқид остига олинди. Депутатлар билан ишлаш самарали йўлга қўйилмаганлиги, аҳоли мурожаатларига ижобий жиҳатдан ёндашилмаганлиги, энг ачинарлиси, баъзи депутатлар депутатлик масъулиятини ҳис этмаганлиги айтиб ўтилди.

Беш йил давомида партиянинг Шофиркон, Вобкент, Когон туман ва Когон шаҳар Кенгашларида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди. Партия ходимлари ҳамда депутатлар фуқаролар билан ишлашда ҳар бир муаммонинг аниқ ечимига эътибор қаратгани, ўрганилган муаммолар юзасидан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш доимий комиссия ва сессияларига масалалар киритилаётгани айтиб ўтилди, ҳар бир туман ва шаҳар Кенгаши ходимларига тажриба алмашиб, ўз фаолиятларини ижобий жиҳатдан ўзгартириш масалалари ҳам қайд этилди.

Йиғилишда партиянинг маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Ютуқлар билан бирга мавжуд камчиликлар таъкидланди.

-Ҳар бир депутат аҳоли билан ишлаш тизимини йўлга қўйиши даркор. Айниқса, фуқаро мурожаатларига ижобий ёндашиш оддимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Тўғри, беш йил давомида баъзи камчиликларга йўл қўйилди, муаммоларни ўрганишда ўзибўларчилик кузатилди, аммо биз бугун сиёсий дунёқараши шаклланиб бораётган сайловчининг олдида турибмиз. Доим фаол ва ташаббускор бўлсаккина мақсадга эришамиз, - дейди Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Нодира Холова.  

Конференция мажлисида партиянинг янги таҳрирдаги устави ва сайловолди дастури лойиҳасида қайд этилган аниқ фикрлар, таклифлар қўллаб-қувватланди. Сўзга чиққанлар дастур йўналишларига ўз фикрларини билдириб ўтишди, унинг аҳоли манфаатлари йўлида хизмат қилиши, соҳаларда мавжуд муаммоларнинг олдини олинишида асос бўлишини таъкидлашди.

Конференция сўнгида юқори партия ташкилоти ҳисобот-сайлов конференциясида иштирок этувчи делегатлар сайланди ҳамда кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.  

   Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+