Бухоро учун дунёга келгандек эди...

23.08.2020 10:08:24

Атоқли давлат ва жамоат арбоби Карим Жамолович Камоловнинг вафоти кўпгина ватандошларимиз қатори мени хам чуқур ларзага солди. Бухоро ўзининг энг азиз, энг фидойи фаразандидан айрилди.  Бухоро аҳли, колаверса, бутун республикамиз Карим Жамолович билан видолашаётган ушбу кунларда у кишининг  Бухоро учун қилган беқиёс хизматларини  эътироф этмаслик мумкин эмас.
Карим Жамолович ҳаётда  хар томонлама  ибратли инсон эди. Шахс сифатида ўта камтарин, олийжаноб,  диёнатли; раҳбар сифатида халқпарвар, адолатли ва ўта ҳалол; оила бошлиғи сифатида садоқатли, меҳрибон ва жуда хушфеъл  эди.
У киши билан ўнлаб маротаба учрашганман. Ҳар бир учрашувимни жуда яхши эслайман. Ҳар сафар Бухорога келганимда у кишини  ё қурилиш майдонида ёки бирор бир тадбир устида учратардим. Ҳали қарасангиз йўлларни кенгайтиряпти, ҳали эски паркни янгилаяпти, ҳали  аэропортни реконструкция қиляпти, ҳали меҳмонларни кутиб оляпти, ҳали стадион қуряпти…  Ишга бўлган садоватнинг чеки йўқ эди у кишида. Раҳбар бўлиб, хизмат кабинетига фақат ҳужжатлар билан танишгани кирар,  йиғилишларни ҳам кўп чўзиб ўтирмай, тезда тугатиб қўя қолар, тиним билмай объектма-объект юрарди.  Иш вақтининг ҳам аниқ режими йўқ эди, каллайи саҳарлаб ишга шўнғиб,  то ярим тунгача меҳнат қилар, шунчалик фидойи эдики, худди Бухоро учун дунёга келгандек эди! Айниқса, Бухоро шаҳар ва Карим Жамолович гуё бир-бири учун яралгандек эди!
Айниқса, бир учрашув ҳеч ёдимдан чиқмайди. 1999 йил ЮНЕСКО ишлари буйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясида ишлаб юрган пайтларим,  ЮНЕСКОнинг «Тинчлик шаҳри» мукофоти учун танлови эълон қилинганидан сўнг, ушбу мукофотга Бухоро шаҳрининг номзодномасини тайёрлаш мақсадида Бухорога келдим. Эрталаб Карим Жамоловични  шаҳар хокимлигидан тополмагач, қидириб-қидириб, янги очилган теннис кортига бордим. Ўсмирлар ўртасида аллақандай чемпионатнинг очилиш маросими бўлаётган экан. Кутиб ўтирдим. Чемпионатга старт берилгач, биз  учрашдик. Муддаомни айтдим.  Иккаламиз шаҳар ҳокимиятига йўл олдик. Ҳокимият биносига кираверишда жулдур кийимли дарвешмонанд бир инсон бизга пешвоз чивиб,  тўғри Карим Жамоловичга қараб келди.  Карим Жамолович ундан ҳол-аҳвол сўради ва  чўнтагидан пул чиқариб берди. Ҳалиги одам пулни олди ва раҳмат дегандай бош ирғаб,  кетди. Мен ҳайрон волдим. Шаҳар ҳокими олдидан чиққан ҳар бир тиланчига пул берса-я!
Айтишларича,  ўша гадой ҳар куни эрталаб ҳокимият биносининг олдига келиб Карим Жамоловични кутиб турар, у киши эса ақалли бирор марта унинг қўлини қуруқ қайтармаган экан.   
Дарвоқе, ўшанда Бухоро ҳақида Карим Жамолович тайёрлаб берган материалларни ЮНЕСКОга тақдим этдик. Ниятимиз холис экан, орадан тез ўтмай, ЮНЕСКО танлов ғолибларини маълум килди. 5 қитъадан 5 шаҳар «Тинчлик шаҳарлари»  деб эълон килинди. Осиё қитъасидан юксак мукофот Бухорога насиб қилди. Карим Жамолович шаҳар ҳокими сифатида Марокко давлатига бориб, ЮНЕСКО Бош директори ва Марокко қиролининг қўлидан кубокни олиб келиш бахтига мушарраф бўлди. Ҳозир ўша кубок  Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланмокда.
Карим Жамоловичнинг порлоқ хотираси қалбларимизда мангу яшайди!



Қодир ЖЎРАЕВ,
Қонунчилик палатаси депутати,
"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+