Cаломатлик сари муҳим қадам

15.01.2021 13:01:44

 

Бугун тиббиёт соҳаси мутахассислигини эгаллаган ёш шифокорларнинг аксарияти пойтахтда ва вилоят марказларидаги шифохоналарда ишлашга интилаяпти. Бу эса қишлоқ оилавий поликлиникаларида шифокорлар етишмаслигига сабаб бўлмоқда. Қишлоқларда тиббиёт соҳаси учун етук кадрлар танқислигининг яна бир сабаби тиббиёт муассасаларида шарт-шароитлар талаблар даражасида эмаслиги билан боғлиқ.  Бу ўткир масалалар жойлардаги учрашувларда сайловчилар томонидан ҳам кўтариб чиқилган ва муаммони бартараф этиш бўйича тегишли вазирликлар билан  иш олиб борилаётган бўлса-да, ҳали аниқ бир тўхтамга келинмаган эди.

Куни кеча Президентимизнинг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори қабул қилиниши  айни муддао бўлди десак, ҳеч муболға бўлмайди.

Халқ депутатлари  вилоят  Кенгаши депутати Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Б.Қосимов иштирокида Қарорнинг муҳокамасига  бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан  депутат Б Қосимов  қарорнинг мазмун-моҳияти, айниқса, унда белгилаб берилган устувор вазифалар борасида  атрофлича фикр юритди.

Давра суҳбатида сўз олганлар олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан ишлашга келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида (11 миллион 150 минг сўм) бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (446 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси белгиланганлиги тўғрисида фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек, олис ҳудудларда иш бошлайдиган шифокорларга 30 миллион сўмдан ёрдам пули берилади ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланиши  ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди. 

Мазкур қарорда назарда тутилган бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсацияси ҳамда уй-жой шароитини яхшилаш бўйича имтиёзлардан олий таълим муассасасининг бакалавриати ёки магистратурасини (таълим шаклидан қатъи назар – кундузги, сиртқи, кечки, шунингдек, иккинчи мутахассислик) тамомлаганидан кейин уч йил мобайнида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотлари, шу жумладан тиббиёт муассасаларига ишга кирган битирувчилар фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.

Айтиш жоизки, олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар меҳнатини янада рағбатлантириш, бўш иш ўринларини тўлдириш ҳамда жойларда малакали кадрларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз равнақи йўлидаги энг муҳим қадамдир.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+