Чимбойдаги митингда хайрихоҳлар бир ғоя атрофида бирлашди

22.10.2019 16:10:53

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказиладиган сайловларга қизғин тайёргарлик жараёнлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон «Адолат» СДП ҳам ўз ғоя ва дастурларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш борасидаги ташаббусларини бошлаб юборди.

Катта эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган маданий-маърифий тадбирнинг навбатдагиси Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой тумани марказида бўлиб ўтди. Кўнгилочар акцияда «Адолат - ҳар бир инсон учун» шиори остида партия тарафдорлари бирлашди.

Унда партиянинг ҳудудий Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар ва барча кўнгиллилар иштирок этишди. Туман марказидаги майдон кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ёшлар, хотин-қизлар ва маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди.

Тадбирда партиянинг Қоралпоғистон Республикаси Кенгаши раиси сўзга чиқиб, бу йилги сайловлар арафасида олға сурилаётган энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, коррупцияга барҳам бериш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бепул бўлишига эришишда партия олдида турган вазифаларга урғу берилди.

Акция давомида партия фаолиятига оид лавҳалар, ғоявий чиқишлар, «Ёш адолатчилар» ва «Аёллар қаноти» вакилларининг сўзлари ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Юзма-юз мулоқотлар ва турли масалалар бўйича савол-жавоблар юртдошларимизда “Адолат” СДП ғояларига хайрихоҳлик тобора кучайиб бораётганлигини кўрсатди.

Шунингдек, тадбирда интерактив ўйинлар, совринли викториналар ҳам ўтказилди. Ғолиблар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан ташкил этилган шундай акция ва митинглар Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида ўтказилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+