Чўл ўрнида барпо этилган Сирдарё

09.10.2019 15:10:55

Азалдан ҳудуд  ободлиги,  аҳоли  гавжумлиги-ю,  меҳнат  қилиш   шароитлари  яратилганлиги  фаровонлик  асоси  ҳисобланган.   Шу  боис  ҳам  нотаниш   манзилда     ушбу   жиҳатлар    илк   таассуротларни  беради.   Бўм - бўш  чўл  ўрнида  матонат  эвазига    барпо   этилган  Сирдарё  вилояти  кўп  йиллар  ривожланиш  ўзгаришларини   сезмади. Соҳада  хилма - хиллик  кўпаймай,   асосан  аграр   соҳада  меҳнат  қилинди.   Ҳатто,  йилда  икки  бора   ойинайи  жаҳон   орқали  Сирдарё  тўғрисида  намойиш  этилган  лавҳаларда  ҳам   ғўза  экини  бошлангани   ва   терим   жараёнлари  кўрсатилар  эди,  холос.    Республикамиз  аҳолисида    вилоят  имиджи    йўқ  ҳисоби  эди.  Туман,  шаҳар  марказларида  фойдаланишга  топширилган   иншоотлар  сони  ҳам  сийрак  бўлиб,  булар   инновацияга  хизмат  қилмасди. 

Мамлакат  пойтахтига  энг  яқин,  бошқа  вилоятлар  билан  боғловчи   манзилда   жойлашган  Сирдарё   ҳудуди   тўғрисида  тасаввур  етарлича   бўлмаган  ҳам.   Таълим,  шифо,  дам  олиш,  қўйингки,  каттароқ  харид  қилиш  учун  ҳам  пойтахтга,  қўшни   вилоятларга  борилган...

Сўнгги  пайтларда  эса  ахвол  буткул  ўзгарди.  Сирдарё  номи  тез - тез  тилга  олинадиган,  унинг  манзили  кўзланадиган  бўлди. Ўзгараётган Сирдарё бугун кўпчиликнинг эътиборини тортиб улгурди.  Янгиликларни  қаламга  олган  журналистлар  “Сирдарёнинг  сирлари  очилмоқда”  сарлавҳалари    билан  ўз   таассуротларини    баён  қилишаётир.  Бугун    мамлакатимиз   Сирдарё  намунаси,  илғор  тажрибаларига  гувоҳ  бўлаётир.   

Дарҳақиқат,   давлатимиз  раҳбари   ташаббуси,    вилоятни ривожлантиришга  қаратилган  эътибори   туфайли  улкан  лойиҳалар  татбиқ  этилмоқда. Вилоятнинг ички имкониятлари,  иқтисодий салоҳияти ортиб, кўплаб хорижий сармоядорлар ҳудудга фаол инвестициялар жалб қилишмоқда.  

Шу  ерда  яшаб  келаётган  эл  ҳам   давлатнинг эътибор ва ғамхўрлигидан четда эмаслигига, меҳнатларининг роҳатини кўраётганига  ишонч  ҳосил  қилмоқда.  Қадрдон    маскани   чинакам  гулистон  бўлаётгани   гувоҳи   бўлиб   кундан   кун   бахтиёрлик   туймоқда.  

Айтиш  мумкинки,  сўнгги  уч   йилда  ақлни  лол  қолдирувчи   тезликда   ўзгаришлар  бўй  кўрсатди.  Вилоятда   йирик  салоҳиятли   корхоналарни  ишга  тушириш,  бунга  хорижлик   ҳамкорларни   жалб   этиш    борасида    дадил   қадамлар   ташланди. Буни    ҳудудда   иш   бошлаган   кўплаб    қўшма   корхоналар    мисолида   ҳам   кўришимиз   мумкин.  

Тиббиёт  соҳасининг   кўпгина   буюмлари,  кийим-кечак,  пойабзал,  чарм  маҳсулоти,  қурилиш  моллари   сифат  ва   сони  кўпайтирилди.   Эндиликда   ишлаб  чиқариш   мураккаб   бўлган  хонадон  лифтлари,  “ақлли”  эшик,   қўл  телефони,  планшет каби  электроника маҳсулотлари сирдарёлик  меҳнаткашлар   томонидан  тайёрланмоқда. 

“Пенг- шенг”,  “Сирдарё  мега  люкс”   қўшма   корхоналари,    “Сирдарё  универсал  ойна”  МЧЖ   маҳсулотлари  кўплаб   мамлакатларга   экспорт  қилинмоқда.     

Заминда  ишга  туширилган   корхоналарнинг  айримлари   Марказий  Осиёда  ягона  эканлиги   қалбимизга   фахр  туйғусини   бергани   ҳақиқат.    

Яқинда  вилоятда  бўлиб   ўтган I   Халқаро   инвестиция  форуми   ишида  200  дан   ортиқ   хорижий   компаниялар   раҳбарлари  иштирок  этди.   Уларнинг   қизиқиш   ва   эътирофлари   натижаси   имзоланган  шартнома   ва   истиқболли  режаларда  акс  этди. Бу  лойиҳалар   вилоятнинг   эртаси  бугунидан   яхши  бўлаверишига   ишонтирмоқда.         

Миришкор   аҳоли   ерга   ишлов   бериш,  экин  экиш   борасида  ҳам   замонавий   усулларни   танламоқда.   Илмий   ёндашув   ва   тажрибага   суянган  ҳолда   юқори  ҳосилдорликка   эришилмоқда.   Бозор  шароитини  ўрганиб,  фойдали  экинлар   экиш    билан   деҳқон   кишиси  ҳақиқий   ишбилармонга   айланди,   дейиш  мумкин. 

   Кези келганда, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотларини яхшилаш, канализация тизимини такомиллаштириш  чора-тадбирлари бўйича бугунги кунда салмоқли ишлар бажарилаётганини ҳам таъкидлаш лозим.   Неча   километрлик  масофадан   чучук   Зомин   суви  келтирилиши  аҳоли  кўнглидаги  иш   бўлди.  Айни  пайтда   барча   хонадонларни  боғловчи     сув   қувурлари    ётқизиш   ишлари  якунига   етай   деб  қолди. Бу  хайрли  иш  амалга   оширилиши  билан   аҳолининг   кўп йиллик    тоза   ичимлик  сувига   бўлган   эҳтиёжи   қондириладиган   бўлди.    

Муаммоларни  аниқлашда   аҳоли   билан   маслаҳатлашиш   яхши  натижа  бериб,   кўпқаватли   уйлар,  ички  йўлаклар  таъмирланди,    чекка   ҳудудларга ҳам  файз  кирди. Сирасини  айтганда,   турмуш   шароитлари  яхшиланишида   барча   бирдек  иштирок   этмоқда.

  Ривожланишда аҳамиятсиз  масаланинг  ўзи  йўқ.  Кичик  бир  ўзгариш  ҳам  фаровонлик  тўкислигига  хизмат  қилади.  Бу  борада  сиёсий  партия  фаолларининг  вилоятдаги  фаолиятини  мисол  қилиш  мумкин.  Депутатлик  гуруҳи  аъзоси  Малик  Ахмедовга Сайхунобод туманида жойлашган “Гулистон”  маҳалласи   фуқароларидан  йўлни  таъмирлаш  борасида  мурожаат  келиб  тушди. Халқаро магистрал  йўлидан шу маҳалла марказигача  бўлган 3 км. ички йўл депутат  сўрови  натижасида таъмирланишига  эришилди. 

Юрт  тараққиёти,   фаровон   турмуш   ҳар  бир   ватандошимизнинг    устувор   мақсадига   айланган.   Ҳар  бир  ютуқ   замирида   чин  дилдан    бажарилган   меҳнат,  шу  билан  бирга   давлат  ва   нодавлат  ташкилотларнинг   ҳамжиҳатлиги   мужассам.          

Вилоят  маркази Гулистон шаҳрида  қисқа   фурсатда   катта   ўзгаришлар   амалга   ошди.   Янгидан қурилиши, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши режалаштирилган  объектлар  ишга   туширилди. Хотира   майдони,  Юрт  байроғи   майдони, Билимдонлар  маскани,  вилоят  мусиқали  драма  театри,  кенгашлар уйи, 1500 ўринли амфитеатр   каби  яхлит   аҳоли  дам  олиш  маскани   шаҳар   фусункорлигини  оширди. Шаҳар кўркига янада чирой қўшди. Масканда,  аллақачон,   турли   фестивал   ва   сайиллар   ташкил  этилиб,  аҳоли   ва   меҳмонлар   учун   ҳақиқий   хордиқ   тухфа   этаётир.     

Шунингдек, шаҳар меъморий қиёфасини яхшилаш бўйича амалга оширилган режали ишлар таҳсинга лойиқ. Эски, кўримсиз бино ва иншоотлар  ўрнида    замонавий ва қулай уй-жойлар, маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари ҳамда маданий дам олиш марказлари қурилиши ниҳоясига етказилгани бу борадаги ўзгаришлар ҳақида яққол тасаввур уйғотади. 

Гулистон  шаҳри  тобора  йирик  шаҳарга   айланиб   бораётир.   Табиийки,  аҳоли  яшайдиган мавзелари  ҳам   кенгаймоқда.  Кечагина “Буюк келажак” мавзеси одамлар мол боқадиган, қаровсиз бир ҳудуд   бўлган.  Ўтган икки ярим йил ичида бу ерда 32 та беш қаватли турар-жой қурилиб, кичик шаҳарчага айлантирилди. Айни вақтда бу ерда илк бор   қурилаётган  7 қаватли уйлар  тайёр  бўлмоқда.  Биноларнинг   1 – қаватидаги   хонадонлар   ижтимоий   кўмакка   муҳтож,  ногиронлиги  бўлган  аҳолига   тақдим  этилди.  Қолган  хонадонлар   ҳам  узоқ   муддатли  имтиёзли   кредитлар   асосида   ёш   оилаларга   берилмоқда. Айтиш  мумкинки,  бундай  йирик  қурилишлар   вилоятнинг   ҳамма  гўшасида   давом  этаётир.

Жорий  йилдан   қурилиши  бошланган “Guliston City” замонавий шаҳарчанинг умумий ер майдони 45 гектарни  ташкил қилади. Бу ерда кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлар, маданият ва бизнес маркази, анжуманлар саройи, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхона, ҳунармандчилик уйи каби иншоотлар қурилади.

Ҳа, Сирдарё  улкан   ўзгаришлар  майдонига   айланган.   Айниқса,  Гулистон бугун номига муносиб бўлиб,  ҳақиқий  гўзаллик   касб  этган. Бугун  замин  эгалари    шу    тупроқнинг   ҳар  қаричини  севиб,    сирдарёлик  эканликларидан  ғурурланаётгани,   чин   ҳақиқат.   Тараққиёт  тўлқинларининг    жўш   уриши    ушбу  ғурур   асоси  бўлмоқда.    Ўз  номига   монанд   шаҳарда  табиатнинг   тўрт фаслида   гуллар   қийғос   очилади.    Кечаси шаҳарни сайр қилган киши порлаб турган сон-саноқсиз чироқлар, мусиқий фавворалар, замонавий йўлакчалар, ўриндиқларни кўриб бир зумда чарчоғи ёзилади.   Кундузги қиёфаси эса янада кўркам, суюмли. Товланиб турган биноларга боқиб,   завқланиб    беихтиёр    хаёлингизга «оқ шаҳар» деган таъриф келади.

Тобора гўзаллашаётган юртимиз жамолини кўрганда ҳурлигимиз, тинчлигимиз шарофати ҳақида янада теранроқ фикр юрита бошлаймиз. Бу эса ҳар биримизни осуда кунларимизнинг бахт улашувчи тонгларини шукроналик билан қаршилашга ундайди. 

                                                                             Рустамбек   ТУРСУНМУРОДОВ,

Сирдарё  вилояти  касаба   уюшмалари

ташкилотлари  бирлашмаси  Кенгаши  раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+