Даҳлсиз органга таҳдидни қандай баҳолаш мумкин?

13.07.2020 00:07:38

Қонун барча учун баробар. Бу баҳс талаб этмайдиган ҳақиқат, албатта. Айниқса, ҳозирги жиддий вазиятда карантин қоидаларига қатъий амал қилиш биринчи галдаги заруратлар қаторига тиркалди. Зеро, пандемик карантин тақозосидан ўрнатилган тартибга риоя этиш бебаҳо саломатлигимизни сақлашга катта ҳиссадир. Буни ҳаммадан қаттиқ талаб қилиш, темир интизом ўрнатиш шарт, бунга шубҳа йўқ.

Аммо карантин қоидалари ўз мустасноларига эгалиги ҳам сир эмас. Масалан, фаол ҳаракатланишга чеклов ўрнатилган айни паллада хизмат заруриятига қараб айрим тоифдаги автотранспорт воситаларига юриш учун рухсат берилган. Суд идораларига тегишли автомашиналар ҳам шулар сирасига киради. Таассуфки, бундан айрим ҳокимлар, ИИБ ходимлари, бехабар кўринади. Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида содир бўлган воқеа шундай хулоса чиқаришга мажбур этди.

Жарқўрғон тумани жиноят ва маъмурий судлари раислари ҳайдовчилари билан хизмат автомашиналарида иш жойига кетаётганида блок постда улар тўхтатилган ва постдан ўтказилмагани таажжубга солса, бундан кейинги куч ишлатишлар, халқ орасида суд ходимларини ҳақоратлаб, таҳдид ўтказишлар, тан жароҳати етказиш ва асоссиз ҳибсга олиш каби ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар омма олдида бамайлихотир содир этилаётганини изоҳлаш қийин. Яна буларнинг бошида туман ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ турганига нима дейсиз? Нега мансабдор шахслар томонидан сайр қилиб юрган автоуловга нисбатан эмас, адолат ўрнатишдек муҳим вазифа томон ошиқаётган судьяга қарата асоссиз қоидалар пеш қилинди? Устига устак, бу оддий эслатма ёки огоҳлантириш эмас, бир йўла куч ишлатиш ва таҳдидга айланмоқда. Ёки тажовузкорлик улар учун ёзилмаган ваколатми?

Наҳот, туман ҳокими ва ИИБ мутасаддилари судялар мустақиллиги ва даҳлсизлигига оид конституциявий нормадан бехабар бўлса? Ахир, бу Бош қомусимизга ҳурматсизлик, қонунларга беписандликдан бошқа нарса эмас. Кўп ваколатлар берилгани хоҳлаган ишини бажариш ёки истаган қонунни ости қилиш мумкин дегани эмас. Афсуски, жойларда ўз мустақил фикрига эга бўлмаган, энг асосий фаолияти кимларнингдир буйруғини бажаришдангина иборат бўлган мутасаддиларнинг бу каби қонунсиз ҳаракатлари мамлакатимизда қилинаётган ислоҳотларга соя солмоқда. Эътибор беринг халқ фаровонлигини, тинчлигини таъминлашга хизмат қилувчилар томонидан унинг акси бажарилмоқда. Яъни карвонни белгиланган манзилга етакловчиларнинг ўзи, унинг ортга қадам ташлашига ташаббускор бўлмоқда. Табиийки, бу каби раҳбарлар билан биз белгиланган мақсадларга ета олмаймиз.

“Адолат” социал-демократик партияси суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти, деб ҳисоблайди. Мазкур мақсадимиз сайловолди дастуримизда устувор вазифа сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Шундай экан, Жарқўрғондаги ушбу воқеани қоралаймиз ва ноқонуний ҳаракатлар содир этганларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиши тарафдоримиз.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+