Дарднинг чекиниши ўзимизга боғлиқ

08.04.2020 11:04:08

 

Биз мисли кўрилмаган воқеаларнинг гувоҳи бўляпмиз. Афтидан, коронавирус (COVID-19) эпидемияси сабабли бутун сайёрамиздаги бўҳрон оқибатида кундалик ҳаёт тўхтаб қолгандек. Пандемия кўплаб соҳалардаги фаолиятни шол қилди, вирус бутун дунё бўйлаб тарқалишда ва минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлишда давом этмоқда. Биргина Америкада миллионлаб инсонлар коронавирус пандемияси олиб келган танглик оқибатида ишидан айрилиб, келажагидан жиддий хавотирда. Кунига ўнлаб, юзлаб инсонлар нобуд бўлмоқда.

Америка ҳукумати аҳолидан келаси бир ой уйдан чиқмасликни ва ўзаро масофани сақлашни сўрамоқда. Ҳозирги суръатда давом этса, коронавирусдан АҚШда 100 мингдан ошиқ одам жон бериши мумкин, дейди мутахассислар. Вазият штатма-штат оғирлашиши тахмин қилинмоқда. Кексалар, саломатлиги заиф инсонлар ҳаёти таҳдид остида. Ишсиз қолган америкаликлар сони ўтган бир ҳафтада уч ярим миллионга яқинлашган. Апрел ойи охиригача 40 миллион одам ишидан айрилиши мумкин. Март ойи ўртасида АҚШда 165 миллион одам ишли, ишсизлик даражаси эса 3,5 фоизда эди. Конгресс ўтган ҳафта маъқуллаган 2,2 триллион долларлик молиявий ёрдамга қарамай, мамлакат бўйлаб 200 мингга яқин савдо тармоқлари ёпилган. Аксарият америкаликлар ё таътилда, ё уйдан туриб ишламоқда. Ҳар куни хизматга чиқаётганлар ўта муҳим ва зарур соҳа ходимларидир, хусусан, тиббий муассасалар, ОАВ ва хавфсизлик ходимлари.

БМТ бош котиби Антониу Гутерреш коронавирус пандемияси келтириб чиқарган жаҳон инқирозини Иккинчи жаҳон уруши вақтидан бери кузатилаётган энг оғир инқироз деб атади. Демак, вазият ўта жиддий. Мана шундай шароитда Ўзбекистон эпидемияга қарши курашда фаол позицияда қолди – давлат хавфни тўғри ва ўз вақтида баҳолади.

COVID-19 тарқалишни бошлаган январдан бери Ўзбекистон ҳукумати ҳукумати глобал вазиятни кузатиб, аҳолининг соғлиғига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай потенциал чақириқларга тайёргарлик кўрди. Янги эпидемияга  қаршилик кўрсатувчи махсус ҳукумат комиссияси олдиндан фуқаролар ҳимояси бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқди. Февралдан эътиборан Ўзбекистон эпидемиологик хавф юқори бўлган алоҳида хорижий мамлакатлар билан давлат чегараларини ёпди, авиа ва транспорт қатновларини бекор қилди, барча фуқароларга хорижга бормаслик тавсияси берилди.

Жаҳондаги мавҳум ва олдиндан тасаввур этиб бўлмайдиган вазиятни ҳисобга олиб, Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини ҳимоя қилиш мақсадида янги огоҳлантирувчи чораларни қабул қилишига тўғри келди. Мамлакатимиз ҳудудида беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва мамлакат бўйлаб касаллик тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди.

Қарор билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда. 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (мулкчилик шаклидан қатъи назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимлар қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилди, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилди. Ходим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талаб этилади, шунингдек карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилмоқда.

Мамлакатимиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда, айниқса 65 ёшдан юқори ва сурункали касали бор бўлган юртдошларимиз уйидан ташқарига чиқмасликлари тавсия этилди. Барча савдо ва деҳқон бозорларида савдо қилиш нуқталарида касаллик профилактикаси мақсадида аҳолининг яқин масофада бўлишларининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилди. Болалар боғчалари, мактаб ва университетлар ёпилди. Касаллик янги тўлқинининг олдини олиш мақсадида 2020 йилнинг 19 март куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, аввало, мамлакатимизда тарқаб улгурган “коронавирус” балосини батамом тугатиш ва жаҳон аренасида кутилаётган инқироз оқибатининг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича олдимизда турган, кечиктириб бўлмайдиган ва ўта муҳим вазифаларимизни белгилаб берди.

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва уни батамом тугатиш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга қаратилган, 10 триллион сўмлик Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил қилиниши белгиланди. Бу жамғарма маблағлари асосан коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш тадбирларини молиялаштиришга, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлашга, иқтисодиёт тармоқларини барқарор фаолият юритишини таъминлашга ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга йўналтирилади.

Бу маблағларнинг асосий қисми коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш тадбирларига, яъни коронавирус инфекцияси профилактикаси учун зарур бўладиган дори воситалари, тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари, тест тизимларини харид қилишга, касалликда гумон қилинган шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатлари учун қўшимча маблағлар ажратиш ҳамда юқумли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш, даволаш, муассасалар қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлашга сарфланиши белгиланмоқда. Ваҳоланки, дунёнинг манаман деган давлатлари коронравирус эпидемияси олдида эсанкираб қолди. Вазиятни бой берди. Натижада ўша давлатларда касаллик кенг тарқалди, минглаб одамларннинг ёстиғини қуритди. Мамлакатимизда қабул қилинган чоралар эса вазиятни назорат остига олишга имкон берди.

Ҳукумат тегишли чораларни кўраяпти. Энди кўп нарса ўзимизга боғлиқ бўлиб турибди. Бизнинг янги реалликка, эҳтимол, бир неча ҳафталар сақланиб қоладиган ҳолатга кўникишимизга тўғри келади. Агар ҳар биримиз ўз бурчимизни масъулият билан бажарсак, биз ушбу мураккаб вазиятдан тезда чиқиб кетамиз. Вируснинг хатарли томони унинг юқумли экани, кутилмаганда ҳамла қилиб йиқитиши, бизни яқинларимиздан жудо қилиши, айрилиққа гирифтор қилишидадир.

Аслини олганда, вируснинг ўзи у қадар қўрқинчли эмас, оғирлик даражаси, ўлим эҳтимоли юзасидан бир қатор оддий, биз билган ва биз қўрқмайдиган касалликлардан кўп ҳам фарқ қилмайди. Аммо бутун дунёни мана шундай вазиятга келтириб қўйган омил — коронавируснинг осон юқувчи экани ҳамда касалликнинг дастлабки босқичларининг яширин ўтишидир. Яъни, сиз мулоқот қилаётган инсоннинг касал эканини билмайсиз, хатто унинг ўзи ҳам буни билмаётган бўлиши мумкин.

Коронавирус шунчаки бир инсон билан яқиндан туриб суҳбатлашганда, қўл бериб сўрашганда ва ҳатто у қўли билан ушлаган буюм, темир, пул, эшик тутқичи, умуман, ҳар қандай турдаги буюмларни билмаган ҳолда ушлаш орқали ҳам юқиши мумкин. Айнан мана шунинг учун юқтиришлар сонининг геометрик прогрессия билан ўсиб бориши кузатилмоқда. Бундай суръатда ўсиб борувчи ҳар қандай касаллик ҳам, ҳар қандай кучли давлатнинг имкониятларини чеклаб қўйиши турган гап.

Демакки, имкони борича уйда қолайлик. Зарурат юзасидан уйдан чиқсак, карантин қоидаларига бепарво қарамайлик. Кичкина лоқайдлик туфайли ҳам касалланганлар сони ошиб боряпти: бугун ва эрта орасидаги рақамларда улкан “сакраш”лар бор. Аҳолига “ўзи ва бошқалар тақдири билан ўйнашмаслик”ни тушунтириш учун ҳам дунё мамлакатлари интизомни кучайтиряпти. Бизда ҳам чоралар кучайтириляпти. Шунга қарамай, карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунга қадар республика бўйича тартибга амал қилмаслик билан боғлиқ ҳолатлар кундан кунга ошиб бормоқда. Бу сонларни камайтириш, бартараф этиш учун ҳам биринчи навбатда заруратни белгилаб олишимиз шарт.

Бизда ҳам айрим фуқаролар вирус хавфини тўлиқ англамай ва унга қарши кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамиятини тушунмаган ҳолда карантин тартибини бузишга ҳаракат қилиб, касалликнинг мамлакатимизда кенг тарқалиши хавфини туғдирмоқда.

Бутун инсоният катта синовни бошдан кечирмоқда. Қонуний тартиблар қатъий ўрнатилгани билан ҳамма гап одамларнинг онгли равишда тўғри қарор қабул қилишида қолади. Керак-нокеракни рўкачлаб ҳадеганда уйдан ташқарига чиқиш вазиятни чигаллаштиради, холос. Ҳозир содир бўлаётган воқеалар кимларгадир қандайдир ўйин, кино, Голливуд триллери каби кўриниши мумкин, лекин бу асло ўйин эмас. Афсуски, бугун содир бўлаётган воқеалар ҳар биримиз ва бутун инсоният цивилизацияси учун реал таҳдиддир. Нима бўлганда ҳам, биз сценарийнинг турли ривожларига тайёр турмоғимиз керак.

Нохуш сценарий янада қатъий чоралар кўрилишини тақозо этади, шу сабабли бу нарса содир бўлмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишларни қилишимиз керак: Президентимиз мурожаатига диққат қилинг, ўз интизомингизни намоён қилинг ва энг асосийси — ўзингиз ва яқинларингиз учун қўшимча таҳдидлар яратманг. Ҳар қандай эпидемия ҳаётий циклга эга: у туғилади, ўсади ва кетади. Биз барчамиз биргаликда бу муаммони енга оламиз ва вазиятдан ғолиб сифатида чиқамиз. Тавсия этилаётган чораларга амал қилсак, ваҳимага тушмасак, эпидемия албатта чекинади. Биз биргаликдаги, ҳамжиҳат саъй-ҳаракатлар билан қийинчиликларни муносиб бартараф этишга ишонамиз!                                                                       

Ташпўлат МАТИБАЕВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар
кенгаши депутати, шифокор

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+